03.11.22-«Ҳаммангни турмада чиритамиз!»

«…Ҳаммангни турмада чиритамиз! Болаларинг етимхонага тушади! Тан олмагунингча бу ердан чиқмайсан. Бўри кўзларингни ўйиб оламан, шунда тилга кирасан. Сенинг тарафингни ким олса ҳам, бутун дунёга қанча жар солсалар ҳам, ҳеч нарсага эришолмайсан”. 

O’ZBEKISTON INSON

HUQUQLARI JAMIYAT

(O’IHJ)

ОБЩЕСТВО ПРАВ

ЧЕЛОВЕКА УЗБЕКИСТАНА

(ОПЧУ)

HUMAN RIGHTS

SOCIETY OF UZBEKISTAN

(HRSU)

А-№ ____

27, 15, Yunusabad-4, TASHKENT, 700093; tel/fax (998712) 24-82-47; tel. (99871) 121-7447

hrsu_tolib@rambler.ru, hrsu_tolib@yahoo.com

22 ноябрь 2003 й.

 

Адолат ва одил суд йўқ жойда
давлат қароқчилар тўдасига айланади

Августин Аврелий

 

ЎИҲЖ РАИСИ ТОЛИБ ЁҚУБОВНИНГ

ИИВ ТЕРГОВ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ А.ШАРОФИДДИНОВГА

ОЧИҚ ХАТИ

 

ЎзР ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи,

милиция полковниги, жаноб

А. О. Шарофиддиновга

 

ОЧИҚ ХАТ

Ҳурматли Алишер Озодович!

 

Эслашимча, яқиндагина, шу йилнинг 2 сентябр куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази мажлислар залида ўтказилган республика тергов ва бошқа идораларининг амалиётидан қийноқларни йўқотиб юбориш бўйича миллий режани муҳокама қилишга доир анчайин салмоқли анжуманда Сиз (ва фақат Сиз эмас) бу ерда ҳозир бўлганларни тергов идораларида қийноқлар ҳамда муомала ва жазонинг бошқа ваҳшиёна, ғайриинсоний ёхуд камситувчи кўринишлари қўлланилмаслигига ишонтирмоқчи бўлгандингиз. Шундай эмаслигини билиб турсангиз ҳам, Сиз барибир бу очиқчасига ёлғонга қўл урдингиз.

 

2003 йилнинг 25 октябр куни кундузи соат 12-00 да Манзура Абдуллаеванинг хонадонига Сизнинг ходимларингиз – ЎзР ИИВ тезкор ходимлари Саидкарим, Баҳром, Ҳасан, Алишер ва Сирожлар бостириб киришди. Узоқ йиллардан бери улар билан бирга ишлаганингиз учун, ўйлайманки, уларни фамилияларисиз ҳам таниб оласиз.

 

Бу одамлар бир лаҳзадаинсон хибсга олинишининг дастлабки соатларидаёк, ундан исталган иқрорни суғуриб ололадилар. Бу ерда эса уларнинг олдида вояга етмаган тўрт фарзанди бўлган, умуман ҳимоясиз, ёлғиз аёл турган эди. Шундай экан, уни бир хўрламасинларми?! Ахир уларни ўтган мустақиллик йилларида нимага ўргатишди? Ахир улар ҳимоясиз эркаклару аёлларга қарши ўзларининг садистларча хулқлари туфайли ҳам сувда чўкмайдиган тоифага айландилар-ку.

 

Эдуард Чжен, Олег Биченов, Михаил Гуревич, Михаил Ардзинов, Борис Пинхасов, Сергей Шиняев ва Евгений Ровинский каби қанчақанча ўзбек халқининг азамат вакиллари сиёсий режимга сидқидилдан хизмат қилишмоқда. Уларнинг ҳаммасини санаб бўлармиди? Шўбҳа қилмаса ҳам бўладики, уларнинг мисоли ўзбек халқи вакилларининг Бегманов, Закруллаев, Қаршиев, Саидкарим, Баҳром, Ҳасан, Алишер, Сирож, … каби бошқа қисмини илҳомлантириб турибди. Буларнинг ҳам ҳаммасини санаб бўлмайди.

 

Манзура Абдуллаева ЎИХЖ га қуйидаги мактуб билан мурожаат қилди. Биз унинг матнини жузъий қисқартиришлар билан келтираяпмиз:

 

Ҳурматли Толиб ака ва ЎИХЖ фаоллари! Ўзбекистон ИИВ ходимларининг тинимсиз босимидан ҳимоясиз ҳолда қолган аёл сифатида сизларга мурожаат қилмокдаман. Турмуш ўртоғим Икромов Фахриддин Файзуллаевич 2001 йилнинг 14 октябр куни ички ишлар ходимлари томонидан хибсга олинган. Уни, ўзларининг айтишларича, қидирувда бўлган имом Фахриддинов Руҳиддин билан алоқадорликда айблашди. Тергов 8 ой давом этган бўлиб, шу вақт мобайнида у даҳшатли қийноқлар ва камситишларга дучор этилди.

 

Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар Акмал Икромов туман маҳкамаси (судьяФарход Шукуров) уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Мана икки йилдирки, 4 нафар вояга етмаган фарзандим билан қолиб, бир сафар у – бир сафар бу таниш ва нотаниш одамлардан садақа сўрашга мажбурман. Ҳатто шу ҳолатда ҳам милиция ходимлари менинг оиламни тинч қўйишмаяпти. 25 октябр куни хонадонимга бостириб кирган ИИВ ходимлари ҳатто оёқ кийимларини ҳам ечмай, хоналарга кириб кетишди ва ноқонуний тинтув ўтказишди.

 

Бунда улар безбетларча шкафлар ва бошқа уй жиҳозларини тепиб: «Бизда сенинг уйингни ёқиб юборишга ҳам рухсат бор«, – деб бақиришарди. Ўша куни меникига акам ва укам (филология фанлари номзоди – Муҳаммад Абдуллаев ва Аббос Абдуллаев) ҳамда жияним Абдурасул Абдуллаев (19 ёшда) лар келишган эди. Милиция ходимлари келганда улар меникида эди. Милиционерлар Аббос ва Абдурасулнинг кўлларига кишан солиб, мен билан бирга ИИВ га олиб кетишди. У ерда биз билан ниҳоятда қўпол муомала қилишди.

 

Мени ўзим умуман танимайдиган қандайдир одамларга қарши кўрсатма ёзишга мажбурламоқчи бўлишди. Мен уларга бу кишиларни танимаслигимни неча марта қайтарсам ҳам, улар мендан уларга қарши тўҳмат қилишимни талаб қилишарди. Сўроқни Нишонбой Бегманов олиб борди. Бирок, ундан аввал олдимга Сирож, Саидакбар, Ҳасан, Алишер, Баҳром ва Маратлар келиб мени сўроқ қилишди. Улар мени сўкиб, ҳамма нарсани тан олишимни талаб қилишди. Айниқса Саидакбар мен билан жуда кўпол муомалада бўлди.

 

У мени ўз хонасига олиб кириб, сўкканча сочимдан ушлаб бошимни деворга бир неча бор урди. У мени узоқ вақтгача қийнади. У жазавага тушганча шундай деб қичқирар эди: Ҳозир эринг йўқ, калтаклайдиган одаминг йўқ. Ёшинг нечада, ўзингга бир разм сол, кампирга ўхшайсан. Мен сенинг таъзирингни бераман, умуртқангни синдираман, имом Рухиддин Фахруддиновнинг аёли Раҳима Аҳмадалиевага қилган ишимни қиламан. Сен ҳам у билан бирга қамоққа тушасан. Қанақа ислоҳотлар бўлса ҳам, билиб қўйки, у озодликка чиқмайди. Сенинг эринг ҳам чиқмайди. Ҳаммангни турмада чиритамиз. Болаларинг етимхонага тушади. Тан олмагунингча бу ердан чиқмайсан. Бўри кўзларингни ўйиб оламан, шунда тилга кирасан. Сенинг тарафингни ким олса ҳам, бутун дунёга қанча жар солсалар ҳам, ҳеч нарсага эришолмайсан.

 

Унинг бу қичқириғи шундай сўкиш ва ҳақоратлар билан бирга отилиб чиқаётган эдики, менимча, бунақасини ҳатто бандитларнинг оғзидан ҳам эшитилмаса керак. Гарчи Бегманов бизни кечаси соат 11 гача ИИВ да ушлаб турган бўлса-да, мен бошида буни қандайдир англашилмовчилик бўлса керак деб ўйладим. Хато қилган эканман. 27 октябр куни ҳаммаси яна қайтарилди. Агар Бегмановнинг талабларига риоя қилинадиган бўлса, мен ИИВ га ҳар куни келиб, индамай унинг ифлос сўзларини эшитиб ўтиришим керак экан. Мен у ерга боришга қўрқаман.

 

Биринчидан, бир муслима сифатида уларнинг сўкишларини эшитишга менинг кучим етмайди. Иккинчидан эса, улар ўз таҳдидларини амалга оширадигандек туюлаяпти менга. Улар менга қарши жиноий иш сохталаштиришлари мумкин. Ҳозирда Алишер исмли терговчи мендан маҳалладан тавсифнома, болаларимнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларидан нусхалар ва яшаш жойимдан маълумотнома олиб келишни талаб қилмоқда. Унинг айтишича, акс ҳолда менинг устимдан ЖК нинг 242-моддаси билан жиноят иши кўзғатилар экан. Мени ИИВ даги зўравонлар кўлига ташлаб қўймаслигингизни сўрайман. Оилам учун оғир бўлган шу кунларда нима қилишим кераклигини маслаҳат берсангиз. Ҳурмат билан Манзура Абдуллаева. 30 октябр, 2003 йил.

 

Жаноб ИИВ Тергов бошқармасининг бошлиғи, мамлакат президенти, Алматов, Қодиров, Халилов, Саидов (ва бошқалар) ва ниҳоят Сиздек давлат одамлари кишиларни Ўзбекистонда демократия борасидаги ишларнинг ўз жойида эканига ишонтирмоқчи бўлаётган бир пайтда, нима учун жаноб З.Алматовнинг ёнида, тўғрироғи унинг шундоққина биқини остида мудҳиш жиноятлар содир бўлаётганини тушунтириб бера олмайсизми? Одамларни қийноққа солишмоқда, ҳақоратлашмоқда, обрўсини поймол этишмоқда. Ахир ёзувчи Эмин Усмон ва ҳуқуқ ҳимоячиси Шовриқ Рўзимуродовнинг ўлими Сизнинг одамларингизнинг ва шу жумладан Сизнинг ҳам зиммангизда экани ўзингизга аён-ку.

 

14 ноябр куни Каримов Шерзод (Манзура Абдуллаеванинг опасининг куёви), унинг укаси Музаффар ва онаси ИИВ га сўроқ қилиш учун олиб борилдилар. Сўроқни М.Абдуллаевани қийноққа солган одамларнинг ўзи олиб борди. Улар Ш.Каримовдан турмуш ўртоғининг ўз холаси М.Абдуллаевадан Куръон таълими олганлигини ёзиб беришни талаб қилишди. «Қанақа оила билан қариндош тутинганингни тушунаяпсанми? Булар ахир ваҳҳобийлар, тоғалари – террорчилар-ку. Ўзи аслида биз бу ерга сени эмас, хотинингни олиб келишимиз керак эди», – дейишди сизнинг одамларингиз, жаноб ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи. Ш.Каримов Сизнинг тўҳматчиларингизга гарчи Манзура Абдуллаева ўзининг узоқ қариндоши бўлса ҳам, уни бор-йўғи икки марта кўрганини ва унинг ўз оиласидаги ҳеч кимга Куръондан сабоқ бермаганини айтган.

 

Сентябр ойининг бошларида Музаффар Каримовнинг турмуш ўртоғининг ака-укалари Абдушукур ва Абдуманноблар қамоққа олинган ва улар ҳозирда Сизнинг одамларингизнинг даҳшатли қийноқлари остида кўрсатма беришмокда. 7 ноябр куни ИИВ га уларнинг онаси Зуҳра опа ва иккита опа-сингиллари олиб келинган. Улардан бирининг айтишича, ака-укалари таниб бўлмас даражада калтакланган ва майиб қилинган. Жаноб ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи, Сизнинг одамларингиз безбетларча Зуҳра опадан М.Абдуллаеванинг ўз қизларига Исломдан сабоқ беришганини ёзиб беришни талаб қилишган.

 

Жаноб ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи, одамларингиз ўзларининг жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилаётгандек туюлмаяптими Сизга? Уларни ЎзР ЖК нинг 159-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортишнинг вақти келмадимикин? Ўзингизга маълумки, бу иш билан МХХ ходимлари шуғулланиши керак. Лекин, биласиз, у ерда ҳам қийноқлар ҳамда муомала ва жазонинг бошқа ваҳшиёна, ғайриинсоний ёхуд камситувчи кўринишлари борасидаги ахвол бундан яхши эмас.

 

ИИВ, МХХ, прокуратура ва «ўзбек судлов тизими» манфаатларининг ўзаро муштараклиги, кўринишидан, Сизнинг ходимларингизга ўз жиноий килмишлари оқибатсиз ва жазосиз қолишига умид бағишлаётганга ўхшайди. Беҳуда умидлар. Тарих ҳамиша барча зўравонликларга ва ҳамма зўравон режимларга ўзининг адолатли бахосини бериб келган.

 

Бизнинг кузатишларимизга қараганда, сўнгги пайтларда ИИВ ва МХХ тинч мусулмонларга қарши қатағоннинг янги босқичини бошлашаяпти. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти бу жараённи мониторинг қилишга бор кучини сарфлайди ва бунинг натижаларини мамлакат жамоатчилигига ҳам, дунё демократик ҳамжамиятига ҳам маълум килиб боради.

 

Толиб Ёқубов, ЎИҲЖ раиси

 

 

22 ноябр, 2003 йил.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s