04.08.28-ПРЕЗИДЕНТга ОЧИҚ ХАТ-Хайдаров Фаррух масаласида

ЎЗбекистон Президенти И. Каримовга

 

МХХ раиси Р. Иноятовга

 

Ўзбекистон Бош прокурори Р.Қодировга

 

ИИВ вазири З. Алматовга

 

БМТ Қийноқларга қарши қўмитасига

 

ОБСЕга

 

АҚШ, Британия элчихоналарига

 

Инсон Хуқуқлари ташкилотларига: ХРВ, Халқаро Амнистия, Фридом Хаус, Қизил Хоч, ЎИҲЖ, ЎМҲҲТГ, «Эзгулик», «Мазлум», «Озод Аёл»

 

Тошкент шаҳар Яккасарой тумани, Шамси Кулол 1-тор кўчаси 5 уйда яшовчилар:

 

Хайдаров Акмал, Хайдарова Жамила, Фахрутдинова Зухрадан

 

        

О Ч И Қ   Х А Т

 

     Ҳурматли Ислом Абдуганиевич!

           Ҳурматли Бош Прокурор!

           Ҳурматли Миллий Ҳавфсизлик Хизмати раиси!

      

         Сизларга 2004 йил 25 июн куни йўқолган Хайдаров Фаррух Акмалович масаласида мурожаат этмоқдамиз. Бундан аввал ҳам сизларга ва бошқа керакли инстанцияларга бир неча маротаба мурожаат қилган эдик. Вақт ўтиб бораяпти, аммо хатларимизга жавоб келмаяпти. Фаррухнинг тақдири тобора қийинлашиб бораётганидан ҳавотирдамиз. Уни айнан МХХ ходимлари томонидан олиб кетилганига далолат қилувчи далиллар кўпайиб бораяпти:

      

  1.        2004 йил 12 август куни почта қутимизга бир хат келди. Хат гуёки Фаррух Хайдаровдан унинг акаси Равшан Хайдаров номига жўнатилган. Хат хақиқатан ҳам Фаррухнинг қўли билан ёзилган. Дастхатидан танидик. Аммо ҳеч бир иккиланмасдан қатъий ишонч билан айтамизки, хат унинг ўз ихтиёри билан ёзилган эмас! Хатни унга мажбурлаб ёздирилган.

 

Хат унга диктовка қилиб турилган. Хатнинг ёзилиш услуби ва мазмунидан шу нарса билиниб турибди. Хатнинг бошланиши титроқ қўл билан ёзилгани шундоқ кўриниб турибди. Демак у ҳаяжон, қўрқув, даҳшат, изтироб ичида ва мажбурланган ҳолда ёзилган. Хатда айтилишича, гуёки Фаррух ҳижрат қилиб кетган, бундан бошқа чораси қолмаган, акс ҳолда қамалиб қолиши мумкинлигидан қўрққан эмиш. Мутлақо асоссиз ва ёлғон гаплар!

 

Қарийб 10 йилдан буён бир ёстиққа бош қўйиб келган жуфти ҳалолига, ўзини туғиб катта қилган ота-онасига. қариндошларига ва яқин дўстларига, умуман ҳеч кимга ўз ташвиши ҳақида лом-лим демасдан, бирданига ўз уйи, ватани, аҳли оиласи ва ота- оналарини тарк қилиб кетиб қолиши асло мумкин эмас! Фаррухни ҳаммадан кўра биз яхши биламиз.

 

Унинг ҳеч қачон бундай йўл тутмаслигига иймонимиз комил. Чунки доимий равишда маърифат топиш талабида бўлган зиёли бир одам ҳеч қандай ҳужжатсиз, ота-онаси ва аёлини доғда қолдириб кетиб қолишлиги ҳақиқатдан узоқдир. Хатда айтилган нарсаларга бизнинг оиладан бирор киши ҳам заррача ишонганимиз йўк. Бунинг устига бу хатни оддий конвертга солиб, ҳукумат назоратидаги почта орқали жўнатиш ақлга сиғмайдиган иш.

 

Ҳаммага маълум, Тошкент шаҳри ўзидан жўнатилган хат бизга етиб келгунча бир хафтадан зиёд вақт ўтади. Аммо устига Афғонистоннинг ясама муҳрлари урилган бу хат гуёки Афғонистондан жўнатилган ва атиги уч кун ичида бизнинг уйга етиб келган (Хатга 9 август санаси қўйилган ва 12 августда почта қутимизга ташланган). Наҳот, бу хат уруш оловида ёнаётган Афғонистондан бемалол учиб чиқиб келиб, чегарадан ўтаётган ҳар қандай шахс, нарса синчиклаб текшириладиган   замонда, тўсиқларга учрамасдан бизга етиб келган бўлса ??!!

 

       Бўлиши мумкин эмас. Бу баъзи бир МХХ ходимларининг унча ҳам пухта ўйламасдан уюштирган макр-ҳийласидан бошқа нарса эмас.

      

  1. Энди бизнинг уйга келган яна бир хат хусусида. Бизга 2004 йил 21 июль санаси билан имзо қўйилган ва Фаррух Ҳайдаровнинг оила аъзоларига деб ёзилган хат келди. Бу хат Туропов Дилмурод исмли бир йигитдан келган. Хатда айтилишича, Фаррух йўқолганидан кейин Дилмуродни МХХга чақиришган ва Фаррухга қарши «Менга жиҳоддан дарс берган, экстремизмга бошлаган» каби кўрсатмаларни зўрлик билан ёздириб олишган.

 

Дилмурод қанча қаршилик қилмасин, уларнинг босими остида айтганларидек қилиб ёзиб беришдан бошқа иложи қолмаган. Акс ҳолда улар уни ўша ерда олиб қолиб қамаб юбориш билан қўрқитишган. Дилмурод уларнинг айтганидек қилиб ёзиб бериб, уларнинг қўлидан қутилиб чиққач, виждони чидамай, бўлиб ўтган ишлар ҳақида МХХ раиси Р.Иноятовга, Бош Прокурор Р.Қодировга раддия хати ёзиб жўнатган. Хатнинг бир нусхасини бизга юборган.

 

У ўз хатида МХХ ходимларининг зўравонлик билан ундан олишган барча кўрсатмалардан воз кечишини айтган. Демак МХХ ходимлари Фаррухни олиб кетганларидан сўнг унинг бирорта айбини топиб бўйнига қўя олмаганлар. Шунинг учун яна унга қарши Дилмуроддан кўрсатмалар ёздириб олишган. Ўзи Фаррух йўқолмасидан олдин ҳам Дилмурод ўзини МХХ ходимлари чақириб Фаррухга қарши тўҳмат кўрсатма   ёздириб олишганини айтган эди. Иккинчи марта чақирганда ҳам ўша кўрсатмаларнинг айнан ўзини такроран ёздиришган.

 

         Юқорида келтирилган фактлар Фаррух Ҳайдаровни МХХ ходимлари томонидан олиб кетилганлигини кўрсатади.

 

         Ҳурматли Президент, Бош Прокурор ва МХХ раиси! Сизлардан талабимиз шуки, агар ўғлимиз Ҳайдаров Фаррухнинг айби бўлса, уни очиқ суд қилинглар. Майли, айбини исбот қилиб жазоланглар. Аммо баъзи бир МХХ ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари, мажбурлаб хатлар ёздиришлари ва тўҳмат кўрсатмалар йиғишлари биз учун тарихда кўрилмаган мислсиз жиноятдир! Бу жиноят МХХ учун, Бош Прокуратура учун абадул-абадга иснод бўлиб қолмасмикин?!.

 

         Ўзбекистон Республикасининг ҳурматли раҳбарлари! Бу хатимизни олиб тўғри ҳулоса чиқаришингизни илтимос қиламиз ва ишонамиз-ки, айбсиз айбдорга айланиб қолаётган ўғлимизнинг тақдирига бефарқ қарамайсиз. Умид қиламиз-ки, давлатимизнинг тинчлиги, осойишталиги — раҳм-шафқат, меҳр- мурувват ва инсоф бор ерда амалга ошади.

 

       Акмал Ҳайдаров – Фаррух Ҳайдаровнинг отаси, Ўзбекистон телевидениясининг         фахрийси ва халқ маорифи аълочиси

 

                                                              Жамила Ҳайдарова – Фаррух Ҳайдаровнинг онаси,           Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси, «Халқ таълими фидоийси» нишондори

 

                                                              Фахрутдинова Зуҳра – Фаррух Ҳайдаровнинг                   рафиқаси

 

                                                                                        28 август 2004 йил

 

             Илова: Хатимизда кўрсатиб ўтилган иккита хат ва конвертлар нусхаси.             

                                   

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s