05.07.05-ЖАҲОНГИР МАМАТОВга

Ассаломуалайкум Жаҳонгир!

 

Саломатлик яхшими? Болалар соғ-саломатми? Янга яхшиларми? Ҳаммаларига мендан сўраб салом денг.

 

Ўзбекистон демократик конгресси (ЎДК) ташкил этилган ва Сиз менга ҳам хат ёзганингизда мен Венада эдим. Табиий, мен ҳам чақириққа жавоб беришим керак эди. Бироқ, мен шошилмадим, чунки мени ўйлантирган ўта муҳим бир масала бор эди.

 

Қандайдир гурухлар ёки шахслар ўзаро келиша олмай, бир-бирини қоралаб, ҳатто бир-бирига душман позициясида бўлиб юрган бир пайтда, оғир тарихий шароитда, умумий бир душман олдида кимнингдир ёки қандайдир бир гурухнинг ташаббуси ва бирлаштирувчи чақириғи билан илгариги гина-гудратларга чек қўйиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳамкорликка ўтганига мисоллар оз эмас.

 

Масалан. Хорватиянинг диктатори Тужман вафотидан кейин президентлик сайлови олдида мамлакатда фаолият олиб бораётган 6 та мухолифат партиялар орасидаги муносабат ўта ёмон бўлган. Шу партияларнинг бири Тужман партияси яна ҳукумат тепасига келиши эҳтимоли катта эканлигидан келиб чиқиб, мухолиф партияларни ўзаро келиштиришга муваффақ бўлган ва сайловга ягона номзод қўйишга эришган. Ҳокимият тепасига мухолиф кучлар келган. Буни бизга 2001 йил 17 ноябрь куни Загребда Хорватиянинг Бош вазири гапириб берган эди.

 

Албатта, Ўзбекистон Хорватия эмас, буни мен тушунаман. 15 йилдан бери ҳеч ким Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳни яраштира олмади. Қаёққа қараманг, ўзини мухолифатга тегишли деган раҳбарлар бир-бирига тош отишади. Сизга таъна қилиш учун эмас, мен АҚШда эканлигимда Сизнинг: «Мен уч одамни – А.Пўлатов, М.Солиҳ ва И.Каримовни – ҳеч қачон кечирмайман» – деганингизни эслатмоқчиман.

 

Мен М.Солиҳга ҳеч қандай ёмонлик қилган эмасам-да, у бундан 3-4 йил илгари менга бир кунда иккита хат ёзиб, «Менга сиз ҳақингизда баъзилар гапирганда мен ишонмас эдим. Мен энди ишондим, сизнинг ким эканлигингизни билдим» қабилида гапирган эди. М.Солиҳ мен ҳақимда эшитган гаплар М.Ардзиновнинг гаплари эканлиги яққол кўриниб турган эди. М.Ардзинов ким эканлигини вақт кўрсатди. Бир-бирига тош отувчи раҳбарлардай мен М.Солиҳ билан, М.Солиҳ эса мен билан алоқада эмасмиз.

 

Худди шундай, А.Пўлатов бутун вужуди билан ишониб юрган Васила Иноятова кимга хизмат қилиб келганлиги охир-оқибат ошкор бўлди. Ҳамдам Сулаймонов қамоқда, Исмоил Дадажонов Украинага кўчиб кетган, Васила Иноятова фош бўлиш арафасида «Бирлик»нинг Бош котиблигидан истеъфо берди. Деярли фаолият олиб бормаётган «Бирлик» ўз-ўзидан тугади. Отаназар Орипов гапига қараганда «Эрк» партиясининг 60 минг аъзоси бор экан. Буни Отаназар ака 2004 йилнинг охирида расмий матбуот конференциясида эълон қилди. Бироқ «Эрк»нинг ҳеч бир жиҳати кўринмайди.

 

Бизнинг одамлар алдаш билан овора: бошқаларни, ўзларини. Бу пессимизм эмас. Нафақат алдаш, мақтанишни ҳам баъзилар бўйинча қилиб кийиб олган. Аслида улар қўрқоқлигини бекитиш учун мақтанса керак. Бундан 3 ойлар илгари кутилмаганда менга Абдураҳим Пўлатов қўнғироқ қилди. Тахминан 45 минут гаплашган бўлсак, шу орада мен 5 минутдан кўп гапирганим йўқ. А.Пўлатов тинимсиз гапирди. Бизлар (Ўзбекистонда қолиб ишлаётганлар)нинг ишимизни танқид қилди.

 

«Ўзбекистонда «Бирлик»дан кучли ва фаол ташкилот йўқ», деб даъво қилди. Мен чидаб эшитиб турдим. Бироқ, А.Пўлатов: «Агар мен Ўзбекистонга борсам «Бирлик»нинг иши 10 баробар кучаяди» дегандан кейин мен: «Келинг бўлмаса, нима қилиб юрибсиз АҚШда?» дейишга мажбур бўлдим. Шунда у: «Мен борсам, мени ўлдиришади! Сиз шахснинг тарих олдидаги ролини тушунмас экансиз!» дея бақира кетди. Мен трубкани қўйиб қўйдим. Ўша куни ва кейинги куни телефон қилишга уринди, мен гаплашмадим.

 

Мана лидернинг аҳволи. Телефонлар эшитилиши ва ёзилишини билган одам «Борсам мени ўлдиришади!» деб бақириши менга мутлақо тушунарли бўлмади. Мен ҳам қўрқаман, бироқ ҳеч қачон қўрққанимни билдирган эмасман. «Тарихий шахс» негадир Ўзбекистон демократик конгрессига кирмаганини мен тушунмадим. Сизчи?

 

Мен нега ЎДКга ҳеч қандай муносабат билдирмадим? Мен Венада эканлигимда бу ташкилотга Дадахон Ҳасанов биринчи бўлиб кирганини эшитдим. Бу яхши нарса. Негадир Дадахон ака мени ўлгудек ёмон кўради. Кўп йиллар мен билан гаплашмай юрди. Кейинги 3-4 йил ичида муносабатимиз тиклангандай бўлди. Бироқ, кейинги пайтда яна кескин ёмонлашди.

 

Дадахон ака шу кадар менга нисбатан ғазабланган кўринади-ки, у киши ЎИҲЖ Котибияти аъзоси Абдужалил Бойматовга: «Мен Толиб Ёқубовга қарши энди кураш бошлайман» деб айтибдилар. Бу чамаси 2004 йилнинг охирларида бўлган гап. Менингча, ҳали бошлаганлари йўқ, қачон бошлашларини билмайман.

 

Институтда бирга ишлаган баъзи дўстлар: «Нега институтга келавермайсан?» деб сўрашади. «Мени институтда баъзилар ёқтирса, баъзилар ёмон кўради. Ёмон кўрадиганларнинг кўнгли ёмон бўлмасин, деб келавермайман» – дейман мен. Бу ярим ҳазил, ярим чин гап бўлса-да, менинг ЎДКга киришимни Дадахон ака қандай қабул қилиши мумкин, деган фикр мени бироз орқага тислантирди. Балки Сизга ножиддий туюлиши мумкиндир, бу гап. Мен ўз айбимни бировга оғдармоқчи эмасман. Кўриб турибсиз, мен танқид килаётган жихатлар менинг ўзимда ҳам йўқ эмас.

 

 

Эшитиб турган бўлсангиз керак, ҳозир Ўзбекистонда ахвол жуда оғир, қамашлар кучайиб бораяпти. Айниқса бизнинг ташкилотга нисбатан тазйиқ кучайган (диндорлардан кейин). Шу хатни ёзаётган вақтимда ҳам уйимнинг олдида 6-7 та айғоқчи пойлаб турибди. Ташкилотимизга Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида босим айниқса баланд. И.Каримов охирги чора сифатида барча мухолифат кучларни йўқотмоқчи, шекилли. Ҳозирги кунларда оддий пикет қилишга ҳам ҳукумат мутлақо йўл қўймаяпти.

 

Шундай шароитда ЎДК қандай ишлашни мўлжаллаяпти? Ўзбекистон ичида бирор нарса қилишга йўл қўйилмаса керак. Ахвол шу даражага бориб етди-ки, нафақат илгарироқдан бирор фаолият олиб бораётган одам, балки энди биринчи кадамни қўяётган одамлар (масалан, бир-икки марта халқаро ташкилотлар офисларига борган, ёки мухолифат одамлари билан учрашган ва ҳоказолар)ни ҳам уй қамоғида сақлашга ҳаракат кетаяпти.

 

Кейинроқ бориб, ЎДК тайинлаган ишни Ўзбекистонда қолиб ишлаётган одамлар уддалай олмаса (ҳукумат йўл бермаса, шарт-шароит бўлмаса, курашай деса тирикчилик ўтмаса, ва ҳоказо) А.Пўлатов: «Сизлар нотўғри иш олиб бораяпсизлар, мана бу ишни қилиш керак» дея танқид қилган каби танқидга учрашмасмикин?

 

ЎДКнинг чет элдаги раҳбарлари Ўзбекистондаги шароитни етарли даражада кўз олдига келтиришадими? ЎДКнинг чет элдаги раҳбар ва аъзоларининг ҳам ўзига хос ишлари, хизматлари бўлади, табиий. Бироқ, асосий иш Ўзбекистонда бўлиши кераклиги аниқ. Ишнинг шу жиҳати ўйлаб кўрилдими? Бу иш қандай ташкил қилинади? Бу ҳақда менга ҳеч нарса ёзманг, чунки электрон почта ҳам ишончли эмас.

 

Ҳозирги кунда, менингча, мухолиф сиёсий партияларга нисбатан уларнинг уюшмалари кўпроқ бўлиб кетаяпти, чамаси. ЎДК, «Серқуёш Ўзбекистоним» Коалициясм, М.Солиҳ тузган бир уюшма (ЎДКнинг ахборотидан эшитдик), … Ўзи бор-йўғи учта номига мухолиф партия бўлса, булардан нечта Коалиция (Конгресс, …) тузиш мумкин? Шуни М.Солиҳдан сўрамадингларми? Эшитишимча М.Солиҳ ЎДКга ҳам кирган. Билмадим, у ўз уюшмасини ЎДКдан олдин тузганми, ёинки кейин. Демак, олдин тузганда ҳам, кейин тузганда ҳам, унга барибир экан-да?! Мақсад – тузиш!

 

Сезаётган бўлсангиз керак, гапларим ҳам айқаш-чуйқаш бўлиб кетаётибди. Менинг назаримда, мухолифатнинг иши ҳам шундай бўлиб кетаяпти, шекилли. Бош айланиб, мия чайқалиб кетди. Нима қилишни ҳам билмайсан, киши. «Серқуёш Ўзбекистоним»нинг мухолифатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мен бу ҳақда ўзимнинг 27 июньда тарқатган Баёнотимда ёзганман. Санжар Умаров Рустам Иноятовга яқин қариндош эканлиги аниқланди. Ҳозирча ялов шуларда. Назаримда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар вакиллари ва мухолиф партияларнинг бор-йўқ раҳбарларини қамаб, И.Каримов С.Умаровга йўл очаяпти, шекилли.

 

Хатим чўзилиб кетди. Узр, Жаҳонгир. Ушбу хатни ёзаётган пайтимда яна телефонни узиб қўйишди. Кейинги 10 кун ичида бу учинчи хол. Мен 13 июль куни эрталаб Венага учишим керак. У ерда 14-15 июль кунлари ОБСЕнинг инсон ҳуқуқларига бағишланган халқаро конференцияси бўлади. Мен унда доклад қилишим керак. Хатни балки Венадан жўнатишга тўғри келар.

 

Саломат бўлинг.

 

Хурмат ила

 

Толибман.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s