04.01.19-УЯ 64-51 ЗОНАСИДАН КЕЛГАН ХАТ

2004 йил, 19 январь

 

КИН УЯ-64/51 ҚАМОҚХОНАСИДАН

ИККИНЧИ МАКТУБ


ЎИХЖ матбуот маркази хабари

 

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда
давлат карокчилар тўдасига айлана
ди
Августин Аврелий

 

               Ўзбекистон ҳукумати ўзининг жазони ижро этиш муассасаларидаги махбусларга нисбатан ваҳшийликларини жамоатчиликдан яширишга ҳар қанча уринмасин, у ерлардан қийноқлар, ваҳшиёна муомалалар, камситишлар, чидаб бўлмас сақлаш шароитлари ва бошқалар ҳақида ишончли маълумотлар чиқиб турибди.

 

               ЎИХЖ га турли қамоқхоналардан мактублар келиб тушади. Уларнинг муаллифлари ўз хатларининг мазмунини жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар эътиборига етказишни ҳамда энг кўп ўқиладиган интернет сайтларига қўйишни сўрашади. Шундай мактублардан бири илгари Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Болғали қишлоғида яшаган, 1969 йилда туғилган, ўрта-махсус маълумотга эга Баратов Оллоназар Солижоновичдан келди. Виждон бандиси О.С.Баратов 1999 йилдан бери Косондаги КИН УЯ-64/51 қамоқхонасида сақланмоқда. Қуйида унинг хатини тўлиқ келтирмоқдамиз:

 

               – Мен «Хизб ут-тахрир» диний партияси аъзосиман. 1999 йил 7 март куни милиция ходимлари мени уйимда хибс этишди. 18 март кунига қадар мени Ўзбекистон туман ИИБ даги вақтинча ушлаб туриш хибсхонасида бетўхтов қийноқлар остида сақлашди. Улар менинг товонларимга резина калтак билан уришди.

 

                 Оқибатда оёқларим шишиб, ҳаракатланолмай қолдим. У ерда менга агар айбимни тан олмасам, тирноқларимни суғуриш ва баданимга қизиб турган дазмол босиш билан таҳдид қилишди. Мени МХХ ҳамда коррупция, рэкет, терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари Абдужаббор, Аббосхонлар ва исмларини билмаганим бошқа ИИВ ходимлари қийноққа солишди. 18 март куни мен терговчи кўрсатган ҳамма коғозларга имзо чекишга мажбур бўлдим. Шундан сўнг мени Қўқон турмасига юборишди. У ерда ҳам мени бир неча бор қаттиқ калтаклашди.

 

               Кейин судгача сақлаб туриш учун мени Қўқон турмасидан Фарғона шаҳар тергов изоляторига юборишди. Биз 34 киши эдик. Орамизда 1-даражали ногирон, икки кўзи ожиз, қанд касалига мубтало бўлган ва бир оёғи йўқ Абдуқаюм Ҳасанов бор эди. Уни ҳам ногиронлигига қарамай, ваҳшийларча қийнашарди. Суд вақтида адвокат судьяга ўз қимоясидаги одамнинг 1-даражали ногирон эканини эслатганида, судья: «У ногирон бўлса ҳам, мияси ва ақли соғ, шунинг учун жазо олиши керак», – деди.

 

             Тергов вақтида бизларни ЖКнинг 127- (Вояга етмаганларни жамиятга қарши ҳаракатларга бошлаш), 156- (Миллий, ирқий ёхуд диний адоват қўзғатиш), 159- (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 216- (Ноқонуний жамоат уюшмалари ёки диний ташкилотлар тузиш), 242- (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 244-(Оммавий тартибсизликлар) моддалари билан айблашди. Судья менинг айбимни «исботлашга» қаттиқ тиришиб, охири 18 йилга ҳукм қилди.

 

              Ҳаво чидаб бўлмас иссиқ ва дим бўлган август ойида бизни иссиқдан қайнаб ётган вагонларга ўтқизиб, Тошкентга олиб кетишди. Бу сафар қийноқдан ҳам баттар эди. Ҳеч кимга бир қултум бўлса ҳам сув беришмасди. Тошкент турмасида бизни кечгача ушлаб туриб, тахминан соат 16-17 ларда яна ўша вагонларга ўткиза бошлашди. Вагоннинг ҳар бир каталакдек хонасига 17-18 кишидан тиқишди ва шу ҳолда узоқ ушлаб туришди. Чидаб бўлмас иссиқ туфайли кўпчилик хушидан кета бошлади.

 

                 Мен ҳам шунақа бўлдим. Қанча вақт хушсиз ётганимни билмайман. Кимдир юзимга қўли билан ураётганидан ўзимга келдим. Биродарим Муҳаммадали мени хушимга келтиришга уринаётган экан. Поезд йўлга чиққан ва Тошкентдан чиқиб кетаётган эди. Мен ерга сув йиғилиб қолганини ва тепадан сув оқаётганини кўриб қолиб, Муҳаммадалидан бунинг қанақа сувлигини сўрадим. У бунинг одамларнинг тери эканини айтди. Ҳамманинг кийими ҳўл бўлиб, у терни ўзига сингдирмаётган ва натижада тер ерга оқаётганди.

 

               20 август куни (1999 йил) биз Косондаги КИН УЯ-64/51 қамоқхонасига етиб келдик. Янги махбусларни «кутиб олиш» маросими бошланди. Аввалига бизни яланғоч қилиб ечинтириб, биттадан ич кийим беришди, ўзимизнинг кийимларимизни олиб қўйишди. Кейин биз ички хизмат (милиция) ходимлари ва назоратчилар ташкил қилган коридордан ўтишимиз керак эди. Уларнинг ҳар бири кўлига ё резина, ё симлардан тўқилган калтак ёки хивич ушлаб олганди. «Коридор» нинг узунлиги 50-60 метр бўлиб, нариги чети ШИЗО – жазо изолятори биносига олиб борарди. Махбус бу тирик коридордан ўтганида ҳар бир милиционер ва назоратчи унинг боши ёки баданининг бошқа қисмларига урар эди.

 

               Ҳамма 56 та махбусни битта хонага тиқишди. Бир неча минутдан кейин у тандирга айланиб кетди. Одамлар хушдан кета бошладилар. Хушдан кетмаганлар тирик коридордан ўтганимиздан кейин бизга берилган кўйлак ва шимлар билан елпиб, ўзидан кетганларга қай бир йўл билан бўлса ҳам ҳаво етказишга ҳаракат қилишарди. Шунда бир прапоршчик кириб, ичига сув солинган 20 литрли идишни қўйиб кетди. У бир неча марта икки челакдан сув олиб келиб, уни тўлдириб қўйди.

 

               Икки кун ўтгач мени қамоқхона режим қисмининг бошлиғи, капитан Бобоев хонасига чақирди ва мендан унга тиз чўкиб, сажда қилишимни талаб қилди. Мен унинг талабини рад этдим ва: «Мен фақат Аллоҳга ибодат қиламан», – дедим. Бобоев қутуриб, мени симдан ясалган хивич билан савалай кетди. Мен йиқилдим, ерга ётиб қолдим, хушимдан кетаёздим. У эса мени тепкилай бошлади.

 

              Орадан 2-3 кун ўтиб, мени қамоқхона бошлиғининг ёрдамчиси – уям капитан – чақиртирди. Унинг талаби билан ўзим судланган моддаларни айтганимда, у сакраб туриб, бошимга резина калтак билан ура бошлади ва: «Сен террорист, экстремист экансан-ку! Сени нариги дунёга жўнатиш керак!» – деб бақирди. У менинг хушимдан кетаётганимни кўриб, хонасидан итқитиб чиқариб юборди.

 

               Бизни ҳар куни, гоҳида кунора қамоқхона штабининг ҳар хил хоналарига чақириб калтаклашарди. Хонага киришни кутиб, коридорда турганимизда ёнимиздан ўтиб кетаётган милиционер ва аскарлар бизни муштумлари билан уриб, тепиб ўтишарди.

 

             Бизнинг баракнинг бошлиғи лейтенант Эшмуродов Бахтиёр эди. Зонага келганимизнинг биринчи куниёқ, у мени қимирламай қолгунимча калтаклаган. Орадан бир ойча ўтгач, мени тезкор бўлим бошлиғи, капитан Ражабов Шомурод хонасига чақирди. У қўлида калтак ушлаб олган эди. У: «Агар қўлимдаги нарсанинг номини тўғри айтиб беролсанг, сени урмайман», – деди. Калтак электр симидан тўқилган эди. «Тополмадинг, бу – мияни жойига келтирадиган калтак, мен уни бошингдаги ҳамма керакмас нарсаларни чиқариб ташлаш учун ишлатаман«, – дедида, мени қаттиқ калтаклай бошлади.

 

               Мактубим дунё юзини кўрганидан кейин мени бундан ҳам қаттиқ ва кўп калтаклашларини, балки эса ўлдиришларини биламан. Лекин виждон бандилари, Аллоҳга ишонганлар учун қурилган ўзбек ўлим лагерлари ҳақидаги ҳақикат одамларга етиб боришини истардим. Мен буни бутун дунё билишини хоҳлайман.

 

            3 декабр, 2003 йил

 

ЎИХЖ дан:

 

             Сталин ҳам мамлакатда ва «темир парда» ортида ГУЛАГ (Главное управление лагерей) ҳақида ҳеч ким билмайди, деб ўйлаган эди. Аммо дунё буни билди. А.Солженицыннинг «Архипелаг ГУЛАГ» китобидан ва бошқа кўплаб манбалардан билди. Тараққий этган инсоният бу архипелагга асос солган советларнинг зўравон сиёсий тизимини, бутун Иттифоқ бўйлаб сочилиб кетган ўлим лагерларида хизмат қилган ва Лагерлар бош бошқармасида ишлаган ваҳшийларни шарманда қилди.

 

               Дунё ўзбекларнинг Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ) ҳақида ҳам билиб олади. Вақти келади, тараққий этган инсоният Ўзбекистондаги зўравон сиёсий тузумни ҳам, ЖИЭББ бошлиқлари Р.Қодиров, А.Шодиев, М.Гуревичларни ҳам, уларнинг гумашталари, лагерь бошлиқлари А.Қулумбетов («Жаслиқ«, УЯ-64/71), С.Қаландаров («Шайх Али», УЯ-64/49), О.Алиқулов (Косон, УЯ-64/51), А.Мардонов (Навоий, УЯ-64/46), Б.Азизов (Когон, УЯ-64/62), М.Мирсалимов (Олмалиқ, УЯ-64/45), Э.Комилов (Тошкент, УЯ-64/СИ-1) ва бошқаларни ҳам шарманда қилади.

 

               Шубҳасиз-ки, бу шармандаликдан ЖИЭББ унинг идорасига тегишли бўлган ички ишлар вазири З.Алматов ҳам, идорасига БМТ махсус маърузачиси Тео ван Бовен ҳам киролмаган, ертўлалари (тергов хибсхоналари, вақтинчалик сақлаш қамоқхоналари) бўлган МХХ раиси Р.Иноятов ҳам қочиб қутула олмайдилар.

             Ўлим лагерларидан келган хатларни халқ ҳали узоқ сақлайди. Улар капитан Бобоев ёки Ражабов сингари йиртқичларнигина эмас, уларнинг раҳбарларию рағбатлантирувчиларини ҳам фош қиладиган асосий ҳужжатлар бўлади

 

 

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s