03.11.13-ЎЗБЕК МУХОЛИФАТИДА ЯКДИЛЛИК

Ўзбек мухолифати, якдиллик муборак!

2003 йил 10-12 ноябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистон: кеча, бугун, эртага» анжуманида ўзбек мухолиф партиялари мухолифатнинг тарқоқлиги ҳақидаги турли миш-мишларга барҳам бериб, ягона позицияда эканликларини намойиш этишди: республика президенти истеъфосини тарғиб қилиш йўлини инкор қилиб, ҳукумат билан муроса ва мулоқот йўлини танлашди.

 

«Oзoд Oвoз» ташкилоти хабари.

Аслида бу масалани, яъни келгусида мухолифат ҳукуматга нисбатан қандай муносабатда бўлишини, муҳокама қилиш «Бирлик» партияси ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу анжуман режасига киритилмаганди. «Муроса ёки президент истеъфоси» масаласи кўтарилишга анжуманнинг биринчи куни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг нутқи сабаб бўлди. Елена Урлаева ўз нутқида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилди. Урлаеванинг айтганларига жавобан анжуман бош ташкилотчиси, «Бирлик» партияси аъзоси Пўлат Охунов инсон ҳуқуқлари ҳимоячисини анжуманда сиёсий баёнот бергани учун койиди. Ана шундан сўнг анжуман иши «Муроса ёки президент истеъфоси» мавзуси томон бурилиб кетди.

Дастлаб сўзга «Oзoд Oвoз» ташкилоти раҳбари Бобомурод Абдуллаев чиқди ва Елена Урлаевани қўллади. Ўз нутқида Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистондаги диктатурани тепадан пастга қараб ўсувчи нотабиий дарахтга ўхшатиб, бу дарахтнинг илдизи тепага, аниқроғи, шахсан президент Ислом Каримовга бориб тақалишини айтди. «Инсон табиати шундай яратилган-ки, унга эркинлик, тўғрисўзлик, ҳалол бойлик орттириш ёқади. Аммо Ўзбекистондаги бугунги сиёсий режим инсондаги ана шу табиий интилишларга нафақат зид, балки душман ҳам. Умуман диктатура – ғайриинсоний тузум. Афсуски, бугунги кунда халқимизнинг асосий қисми каби, аксарият мухолифатчиларимиз ҳам ана шу ғайринсоний тузумдан қўрқиб, унга кўникиб яшашмоқда. Бу қўрқув, бу кўникиш шунда намоён бўлмоқда-ки, кўпчилик мухолифатчиларимиз ғайринсоний диктатура дарахтининг тепадаги илдизи, яъни президент Ислом Каримов ҳақида гапирмасдан, унинг барг ва шохлари, ўша илдиз келтириб чиқарган майда муаммолар, ҳақида гапиришни афзал билишади. Нега биз диктатуранинг илдизи ҳақида гапиришдан қўрқамиз? Ахир, Ўзбекистондаги диктатуранинг бошида Ислом Каримовнинг ўзи туришини ҳаммамиз яхши биламиз-ку!», – деди ўз нутқида Бобомурод Абдуллаев.

«Oзoд Oвoз» ташкилоти раҳбари мухолиф партияларни ҳали ҳам диктатурадан умидворликда айблади ва диктатуранинг барибир мухолифатга юзланмаслигини айтди. «Диктатура билан муросага борган мухолифатни мухолифат деб бўладими? 14 йилдан бери икки мухолиф партиямиз ҳам ҳукумат билан муроса ва мулоқот қилишга интилди, лекин нимага эришди? Мана, «Бирлик» партиясини олайлик. Шу йилнинг баҳорида Ўзбекистондаги ва хориждаги деярли барча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг анжумани Тошкентда ўтказилишига қарши чиқишди. Аммо «Бирлик» партияси республика ҳукуматининг позициясини эгаллаб, бу анжуманнинг Тошкентда ўтказилишини олқишлаб чиқди. Аммо шунга қарамасдан Ислом Каримов ҳукумати «Бирлик»ни рўйхатдан ўтказмади. Бу ҳаммангизга маълум. Ёки «Эрк» партиясини олайлик. Яқинда «Эрк»нинг Ўзбекистондаги вакиллари партия қурултойини ўтказишга ҳукуматдан рухсат олиш учун, ҳукуматни қаттиқ танқид қилмаслик, у билан муроса қилиш йўлини тутишди. Қурултой олдидан милиция ходимлари иккита эркчини калтаклаб кетганда ҳам, «Эрк»нинг Ўзбекистондаги раҳбарлари қурултой ўтказишга рухсат олиш учун бу ҳолат юзасидан биронта норозилик баёноти беришмади. Аммо бу муросасозликка ҳукумат нима билан жавоб берди? «Эрк»нинг мулкини ўғирлади, раҳбарларини қамаб қўйди, қурултойини бузишга уринди. Шунча нарсадан кейин, шу ҳукумат мулоқотга боришига ишонасизларми? Мен ишонмайман. Менимча, бу ҳукумат билан муроса ва мулоқот излагандан кўра, халқ орасида мамлакат президентининг истеъфосини тарғиб қилиш афзалдир. Чунки Каримов кетмас экан, Ўзбекистонда ҳеч бир мухолиф партия парламент сайловларида ҳам, президентлик сайловларида ҳам иштирок эта олмайди. Каримов кетмас экан, Ўзбекистонда демоқратия томон биронта сезиларли кадам қўйилмайди», – деди Бобомурод Абдуллаев.

«Oзoд Oвoз» ташкилоти раҳбарининг бу таклифи қизғин мунозараларнинг бошланишига сабаб бўлди. Дастлаб Пўлат Охунов сўз олиб, Ўзбекистондаги тузум диктатура эмас, демоқратия эканлиги ҳақида гапирди. «Агар Ўзбекистондаги тузум диктатура бўлганида, биз, мухолифатчилар, шу ерда йиғилиб, ўз фикрларимизни очиқ айтиб ўтирмаган бўлардик. Хўш, Каримов кетди ҳам дейлик. Лекин унинг ўрнига бугунги мухолифатимизда номзодлар борми? Йўқ! Менимча, бизда президентликка лаёқатли номзодлар яна 20 йилдан кейин етишиб чиқади. Афсуски, бугунги мухолиф партияларимиз ичида ундай кишилар йўқ. Каримов кетиб унинг ўрнига ундан ҳам баттарроқ раҳбар келса, нима бўлади? Менимча, президент кетгани билан ҳеч нарса ўзгармайди. Агар биз бугун халқ орасида президент истеъфосини тарғиб қилсак, бу ҳукуматнинг яна қатағонлар бошлашига сабаб бўлади. Бундан ташқари, бекорга қон ҳам тўкилиши мумкин», – деди Пўлат Охунов. Унинг фикрларига кўра, ўзбек мухолифати бирон бир лидерни президентликка номзод қилиб кўрсатиш учун, у катта молиявий маблағга эга бўлиши керак экан. «Фақат молиявий жиҳатдан таъминланган партияларгина сиёсий куч бўла олади», – деди Пўлат Охунов.

«Oзoд Oвoз» ташкилоти таъсисчиси Юсуф Жумаев Пўлат Охуновнинг бу фикрларига қарши чиқди ва Озарбайжоннинг собиқ президенти Абулфайз Элчибей камбағал бўлишига қарамасдан, президент қилиб сайланганини мисол келтирди. Шоир ўз нутқида президент истеъфоси тарафдори эканини билдириб, мухолиф партияларни сусткашликда ва миллатни курашга чорлаш ўрнига курашдан қайтаришда айблади. «Нега сизлар халқни курашдан қайтарасизлар? Ахир, мухолифат халқнинг орқасида эмас, олдида юрмайдими? Бугун халқ президент истеъфосини хоҳлаяпти-ку! Нега сизлар халққа қарши боряпсизлар?», – деган риторик саволларни берди. Бу фикрга «Эрк» партияси аъзоси Дилором Исҳоқова қўшилди ва президент истеъфосини талаб қилиш ҳеч қандай конфронтация ва радикализм эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқи эканлигини айтди. «Президентнинг истеъфосини талаб қилиш ҳеч қандай қон тўкилишига олиб келмайди, чунки бу нарсани тинч ва қонуний йўллар билан талаб қилса бўлади», – деди Дилором Исҳоқова.

Шундан сўнг сўзга чиққан баъзи мухолифатчи ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Бобомурод Абдуллаевнинг бу таклифига қарши чиқишди. Жумладан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси, собиқ сиёсий махбус Мели Қобилов қамоқхонада ҳеч қандай айбсиз 8 йил ётганини, лекин бу ишда Ислом Каримовнинг айби йўқлигини, бу ишдан президентнинг хабари йўқлигини айтиб ўтди. «Мана бу ерда мард бўлиб гапириш бошқа, сўроқ қилиниш, қамоқда ўтириш бошқа. Ҳозир мана бу ерда кўкрак уриб гапираётган азаматлар, қамоқдаги барзанги йиғитлар олдида чумчуқдай бўлиб қолишади. Ҳурматли президентимизнинг мамлакатдаги қонунбузарликлардан хабари йўқ. Президент атрофидагилар республикадаги ҳақиқий ахвол ҳақида унга хабар беришмайди», – деди. Ўзини ҳақиқий эркчи деб таништираётган Иномжон Турсунов эса президент истеъфосини талаб қилаётганлар провокатор эканлигини айтиб, президентнинг истеъфосини талаб қилгандан кўра, мухолиф партияларни рўйхатдан ўтказиш ҳақида бош қотиришни таклиф қилди. Қизғин мунозаралардан сўнг, анжуман иштирокчилари бу масалани анжуманнинг иккинчи куни, яъни 11 ноябрда, овозга қўйишга келишиб олишди.

Анжуманнинг иккинчи куни эрталаб яна бир киши президент истеъфосини талаб қилиб чиқди. Хивалик тадбиркор Исоқ Абдуллаев: «Президент кетиши керак, у кетмагунча ҳеч бир муаммо ечилмайди. Шунинг учун ҳар бир мухолифатчи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси аҳоли ўртасида шу ғояни тарғиб қилиши керак», – деди. Масалани овозга қўйиш олдидан Бобомурод Абдуллаев сўнгги бор сўз олиб, Ўзбекистонни машинага, президентни эса шу машинанинг ҳайдовчисига ўхшатди. «Бу ҳайдовчи 14 йилдан бери машинани фақат битта йўналишда – диктатура ва жарлик йўналишида ҳайдаб бормоқда. Машинани жарликдан қутқариш учун сизлар 14 йилдан бери ҳайдовчига илтимос қиляпсизлар, у 14 йилдан бери сизларни назар-писанд ҳам қилмаяпти. Ундан кўра, бу ҳайдовчини алмаштириш афзал эмасми?», – деган риторик саволни ўртага ташлади.

Бошқа бир гурух мухолифатчи ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу таклифга қарши чиқишди. Куннинг иккинчи ярмида «келажакда мухолифат ҳукумат билан муроса ва мулоқот йўлидан борадими ёки халқ орасида мамлакат президентининг истеъфосини талаб киладими?», – деган масала овозга қўйилди. Анжуманнинг бош ташкилотчиси Пўлат Охуновнинг таклифига кўра, ҳар бир партия ва ташкилотга битта овоз бериш ҳуқуқи берилди, индивидуал овоз беришга йўл қўйилмади.

Овоз бериш натижалари шундай бўлди: «Бирлик» партияси ҳам, «Эрк» партияси ҳам, Аграр партия ҳам, кўпчилик инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ҳукумат билан муроса ва мулоқот қилиш учун овоз беришди. «Бирлик» партияси номидан дастлаб Ҳамдам Сулаймонов гапириб, шундай деди: «Президент яхшими, ёмонми – у барибир президент. Уни халқ сайлаган, боз устига референдумда халқ унинг муддатини узайтирди ҳам. Шунинг учун «Бирлик» партияси президент истеъфосини тарғиб қилишга қарши чиқади, ҳукумат билан муроса ва мулоқот қилишни қўллайди», – деди. Шундан сўнг сўз бошқа бир бирликчи Васила Иноятовага берилди. Васила Иноятова президент истеъфоси талаб қилинса, ҳукумат бундай талаб тарафдорларини рухий хаста деб эълон қилиши мумкинлигини айтди. «Мана, шу йил ёзда Олег Николаев деган бир интернационалист-жангчи машинасига «Каримов истеъфога чиксин!», – деган плакатларни ёпиштириб, бир соат шахарни айланиб чиқди. Нима бўлди? Ҳукумат уни рухий хасталиклар касалхонасига ёткизиб, рухий хаста деб эълон қилди. Бизни ҳам рухий хаста деб эълон қилинишимизни хоҳлайсизми?», – деди Васила Иноятова.

Шундан сўнг сўз навбати «Эрк» партияси вакилларига етди. Дастлаб Отаназар Орипов сўзга чиқди ва масаланинг бу тарзда, яъни «Муроса ёки президент истеъфоси» шаклида қўйилишига қарши эканлигини айтди. Отаназар Орипов узундан-узок нутқининг сўнггида шундай деди: «Бу ерда президент истеъфосини талаб қилишга чақираётганлар анжуманни сиёсий акцияга айлантирмоқчилар. Мен анжуманнинг сиёсий акцияга айланишига қаршиман. Биз бу ерга ўз норозилигимизни билдиришга эмас, фикр алмашишга келганмиз. Биз ҳукумат билан келишиш ва мулоқот йўли тарафдоримиз», – деди. Шуни такидлаш жоизки, анжуманда иштирок қилган аксарият эркчилар президент истеъфосини тарғиб қилиш тарафдори эдилар, аммо Отаназар Орипов буни била туриб, ўз аъзоларининг фикрини эътиборга олмасдан, «Эрк» ҳукумат билан мулоқот ва муроса йўлини танлаганини эълон қилди. Шундан сўнг «Эрк»нинг бошқа бир вакили Самад Мурод сўз олди. Кечагина Отаназар Орипов билан бош котибликни талашиб юрган Самад Мурод ўз рақибининг фикрига тўла қўшилишини айтиб, рақиби билан ҳавас қилгулик якдиллик намойиш қилди ва «Эрк» мулоқот йўлидан боришини таъкидлади.

Кейин «Мустақил иқтисодчилар» клуби раҳбари Ғуломқодир Турсунов сўзга чиқди. У президент истеъфоси тарафдори эканлигини айтиб, шундай деди: «Ҳозир кўпчилик Каримовни мақтаяпти, унинг истеъфосига қарши чиқаяпти. Лекин эртага Каримов ишдан кетгач, улар уни ёмонлай бошлашади. Ундан кўра, ҳозир Каримов тўғрисидаги бор ҳақиқатни очиқ айтиб, унинг истеъфосини талаб қилайлик. Менимча, Каримовнинг истеъфога чиқиши унинг ўзига ҳам яхши. Бундан ташқари, сизлар, мухолифатчилар, Каримов истеъфосини талаб қилсанглар, хорижда сизларнинг обруйингиз ошади», – деди.

Бу таклифга жавобан «Эрк» партияси вакили Отаназар Орипов яна минбарга чиқди ва бу масалага узил-кесил нуқта қўйди. «Келинглар, шу масалани умуман муҳокама қилмайлик. Ундан кўра, биз, мухолиф партиялар, қандай қилиб сиёсий кучга айланишимиз ҳақида бош қотирайлик», – деди. Бу фикр анжуман бош ташкилотчиси Пўлат Охунов ҳамда аксарият иштирокчиларга ёқиб тушди ва президент истеъфоси масаласи бошқа умуман кўрилмади.

Шундай қилиб, эл орасида пароканда ва тарқоқ деган ном олган ўзбек мухолифатчилари кутилмаганда якдиллик ва бирдамлик намойиш этиб, президент истеъфосини тарғиб қилиш йўлига қарши чиқишди ва ҳукумат билан муроса-мулоқот йўлини танлашди. Президент истеъфосини тарғиб қилиш таклифи билан чиққан «Oзoд Oвoз» ташкилоти эса яккаланиб колди.

«Oзoд Oвoз» – Ўзбекистонда сўз озодлигига кўмаклашиш ташкилоти

 

13 ноябрь, 2003 йил.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s