03.12.30-ЎзР БОШ ПРОКУРОРИга

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИ

жаноб Р.Ҳ.ҚОДИРОВга

 

айбланувчи Б.Д.Рабиевнинг ҳимоячиси

Давлатёр Шодиевич Рабиевдан

___________________________

Тошкент шаҳар, Чилонзор-2 мавзеси, 66-уй, 22-хонадон

 

лавозимли шахс ҳатти-ҳаракати устидан

 

Ш  И  К  О  Я  Т

 

Муҳтарам Бош прокурор!

 

Мен, Давлатёр Шодиевич Рабиев, айбланувчи Бердиёр Давлатёрович Рабиевннг отаси ва қонуний ҳимоячисиман (Б.Д.Рабиевнинг менга берган ИШОНЧНОМАсининг нусхасини ушбу ШИКОЯТга илова қилмоқдаман). Б.Д.Рабиев 26.07.03 қамоққа олинган ва ҳозирги кунда УЯ 64/СИ-1 муассасасида сақланмоқда.

 

Мен ҳимоя қилаётган Б.Д.Рабиевнинг 26/03-2472 рақамли жиноий ишига 03.12.03 дан бошлаб ҳимоячи сифатида иштирок эта бошлаганман. Бу ишда дастлабки терговни Тошкент шаҳар прокуратурасининг терговчиси Е.Коленко олиб борган. У дастлабки тергов ҳаракатлариданоқ қонунларни ўта қўпол бузиш ҳисобига Б.Д.Рабиевдан кўргазма олиб келган.

 

Бунинг тагида фақат бир нарса ётиши мумкин: Е.Коленко тергов ҳаракатларининг биринчи қадамлариданоқ кимнингдир ЗАКАЗини бажара бошлаган, ва демак, менинг ўғлимга нисбатан холис бўлмаган, яъни ҒАРАЗЛИ МАҚСАДи бўлган.

 

Мен қуйида унинг тергов ҳаракатларидаги қонунбузарликларидан намуна келтираман:

 

  1. ЎзР қонунчилиги бўйича шахс ушлангандан сўнг 1-чи (биринчи) сутка давомида терговчи (суриштирувчи) унинг оила аъзоларига хабар бериши шарт бўлишига қарамасдан, биз, яъни Б.Д.Рабиевнинг оила аъзолари 31.07.03 да тасодифан хабар топдик. Ваҳоланки, менинг уй ва ишхонам телефонларидан ташқари ҳар доим ёнимда юрувчи мобиль телефоним ҳам мавжуд.

 

  1. Е.Коленко терговнинг биринчи қадамлариданоқ Б.Д.Рабиевни қийноққа солган ва уни руҳан синдиришга ҳаракат қилган. Мен Б.Д.Рабиевни 31.07.03 куни кўрдим, унинг юзлари шишиб кетган, бурнининг суяги синган, бадани моматалоқ бўлиб кетган (қорнида, белида, кўкрагида кўкарган доғлар яққол кўриниб турган эди), кўйлаги ва бошқа кийимларида қон доғлари ва туфли излари кўриниб турар эди. У қон аралаш сияётган эди.

 

Мен врач бўлганим учун бунга алоҳида эътибор қилдим. Мен адвокат Азиз Расулов, терговчилар Жаҳонгир Раззоқов ва Бахтиёр Бобожонов, ЖҚБ ходимлари Зикрулла ва корейс миллатига мансуб бир шахсга Б.Д.Рабиевни медэкспертизадан ўтказишни, урмасликни илтимос қилдим.

 

Бироқ менинг сўзларимга ҳеч ким эътибор қилмади. Е.Коленко тергов пайтида Б.Д.Рабиевга: «Мен қотил кимлигини яхши биламан, лекин сен «Мен ўлдирдим» деб бўйнингга ол, мен ишингни енгиллаштириб бераман, акс ҳолда 18-20 йил олиб кетасан» деб тинимсиз қўрқитган.

 

  1. Мен Б.Д.Рабиевнинг жиноий ишида ҳимоячи сифатида қатнашиш учун керакли ҳужжатларни Е.Коленкога топширдим. Дастлаб ундан ушбу жавобни олдим (унинг матнини тўлиқ келтираман):

 

Сизнинг 26 ноябр 2003 йил куни ёзган аризангиз Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан куриб чикили ва унда курсатилган жиноят ишида химоячи сифатида катнашишни сураб ёзган илтимосномангиз асоссизлиги учун рад этилди (матн стили сақланди, курсив ва тагига чизиш меники – Р.Д.Ш.).

 

Жавоб 18/п-2003 рақами билан жўнатилган. 19.12.03 да эса Е.Коленко ушбу Қарор қабул қилиб, унда шундай деб ёзади (парча):

 

Юкоридагиларга асосан, хамда ушбу илтимосномани рад этиш учун асослар мавжуд булмаганлигини инобатга олиб, Рабиев Д.Ш.ни химоячи сифатида жиноят иши юзасидан терговнинг хозирги боскичида иштирок этишини таъминлаб, жиноят иши хужжатлари билан танишиб чикишига имконият яратиш лозим (матн стили сақланди, курсив ва тагига чизиш меники – Р.Д.Ш.).

 

Келтирилган ҳужжатлар тамоман бир-бирига зид эканлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди. Бундан Е.Коленкони юридик саводсизликда айблаш мумкин бўлсада, бироқ бу зиддиятдан унинг Б.Д.Рабиевга нисбатан ғаразли иш олиб бораётганини кўриш мумкин, холос.

 

Мен бу ҳақда Тошкент шаҳар прокурори жаноб Б.Б.Валиевга 17.12.03 ва 26.12.03 да иккита марта «Лавозимли шахс устидан ШИКОЯТ» билан, 23.12.03 да талабнома (запрос) билан ёзма мурожаат қилдим. Шу пайтгача бу мурожаатларимга жаноб Б.Валиев жавоб бермади. Бу ҳатти-ҳаракати билан жаноб Б.Валиев, биринчидан, «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунни қўпол равишда бузиб келмоқда, иккинчидан, прокуратура терговчиси Е.Коленконинг жиноятларини беркитиб келмоқда, ва ниҳоят учинчидан, Б.Д.Рабиевга нисбатан ҒАРАЗ кўзи билан қарамоқда.

 

Ҳозирги кунда Е.Коленко менинг ҳимоячилик қилиш ҳаракатимга тўсқинлик қилиб келмоқда. Мен 26/03-2472 рақамли жиноий иш материаллари билан фақат уч кун Е.Коленко томонидан чегараланган муддатли танишдим. Бироқ, Е.Коленко менга «иш билан танишишни атайлаб чўзаяпсан, ишга тўсқинлик қилаяпсан» деган баҳона билан мени иш билан танишишдан маҳрум қилди. Ҳозирги кунда «Мен чиқарган Қароримни бекор қиламан» деган пўписа қилмоқда.

 

Ҳурматли Бош прокурор!

 

26/03-2472 рақамли жиноий ишда қатнашаётган терговчи Е.Коленко ўз мансабини суйиистеъмол қилган ҳолда ОДИЛ СУДга нисбатан жиноятлар содир этмоқда. У биринчи навбатда менинг ҳимоям остидаги Б.Д.Рабиевнинг ва менинг қонуний ҳуқуқларимизни ҳар қадамда бузиб, оёқ-ости қилмоқда. Тошкент шаҳар прокурори жаноб Б.Б.Валиев, прокуратура тергов бошқармаси бошлиғи Алоиддин Ниёзов ва Муҳим ишлар бўйича тергов бўлими бошлиғи Қалқон Жўраевлар унинг жиноятларини яшириб, уни ҳимоя қилиб келмоқдалар.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўзтнгизнинг ваколатларингиз доирасида

  1.      айбланувчи Б.Д.Рабиев ва менинг ҳуқуқларимни тиклашингизни;
  2. терговчи Е.Коленкони 26/03-2472 рақамли жиноий иш ишюритувидан четлаштириб, унинг ноқонуний йўллар билан тўплаган материалларини бекор қилишингизни;
  3. 26/03-2472 рақамли жиноий ишни янги терговчи иштирокида қайта терговга юборишингизни СЎРАЙМАН.

ИЛОВА: 

  1. Б.Д.Рабиевнинг ИШОНЧНОМАси;                                    – 1 варақ
  2. Терговчи Е.Коленконинг 18/п-2003 рақамли жавоби              – 1 варақ
  3. Терговчи Е.Коленконинг «Ҳимоячи сифатида ишда иштирок этишга рухсат бериш ҳақида Қарор»и                                                     – 1 варақ    

30.12.03

Айбланувчи Рабиев Б.Д.нинг ҳимоячиси

Рабиев Д.Ш.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s