07.09.04-ОЛИЙ ТАЪЛИМДАГИ НОШУДЛИКЛАР

Саноқли кунлардан кейин Ўзбекистонда юз минглаб ёшлар олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун имтихон топширадилар. Ғарбнинг кўп мамлакатларида бундай имтихонлар йўқ, баъзиларида тест синови ўтказилади. Олий таълимда Ғарбнинг прогрессив йўли сифатида қаралиб Ўзбекистонда ҳам тест имтихонлари ўтказилаётган бўлса-да, сиёсий тузуми нодемократик мамлакатда мазкур прогрессив йўл қип-қизил коррупцияга айланди.

Бу соҳада Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти ўз позициясини билдириб келган. Қуйида келтирилган Билдиришнома ташкилот позициясининг бир қиррасидир.

 

4 сентябрь 2007 й.

Адолат ва одил суд булмаган шароитда

давлат карокчилар тудасига айланади

Августин Аврелий

 

 

ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖАМИЯТИ

 

ТОШКЕНТ ШАҲАР БЎЛИМИНИНГ

 

БИЛДИРИШНОМАСИ

 

 

Олий таълимдаги ношудликлар

 

Фан-технология инсоният дунёсига таъсир этувчи мисли кўрилмаган кучга айланиб бораётганини тушуниб етган ривожланаётган мамлакатлар таълимни мукаммаллаштиришни давлат стратегиясига айлантириб, катта одимлар билан равнақ топаётганини оқ-қорани тушунадиган ҳамма кўриб турибди. Ўзбекистонда ҳам таълимда тубдан ислоҳот ўтказиш лозим, деб топилди, Миллий дастур ишлаб чиқилди. Минг афсус-ки, кўп эзгу мақсад билан бошланган ишларда бўлгани каби, бу саъй-ҳаракатлар бошқа изга солиб юборилди. Ислоҳот амалга ошмадигина эмас, балки таълим ташвишланарли тус олмоқда. Республика бўйича издан чиққан ҳар қандай тармоқни ҳам қайта тиклаш осон иш эмас, лекин кўпларини, маблағ бўлса, дунё ҳамжамияти ёрдамида, боринг-ки, 10-15 йилда тиклаб бўлар.

Бироқ олий таълим хароб бўлиб, ношудлик авж олса, уни қайта тиклаб жамиятни цивилизациялаштиргунга қадар бир неча авлоднинг умри ўтиши мумкин. Олий таълимнинг ҳозирги аҳволи, ҳадемай уни коррупциялашган ношудлар тўлиқ эгаллаб олиши, бизнинг мутахассислар дунё фанларини мутлақ тушунмай қолиши ва дунё Ўзбекистон таълимини мутлақ тан олмай қўйиши хавфини солаяпти. Ўз халқининг иқтидорли фарзандларига чуқур билим бериш йўлида фақирона яшашга ҳам рози бўлган фидоий профессор-ўқитувчиларимизнинг олий таълим бошқарувидаги ношудлик-қонунсизликларга чидай олмай хорижга оқиб боришаётгани мазкур хавфнинг реаллигидан дарак беради. Мақолада шу масала қисман таҳлил қилинган.

 

Кадрлар танқислиги

 

Республика Президенти томонидан айтилган гапларга ижодий ёндошилса, маъноларининг турли қирраларини кашф этиш мумкин. Президент бир гал матбуот ҳақида гапирганида, фактларни қайд этувчи қуруқ мақтовлар ёки исботсиз танқидлар эмас, таҳлилий мақолалар зарурлиги ҳақида таъкид этган эди.

2006 йил арафасида Президент Ислом Каримов янги таъмирдан чиқарилган талабалар шаҳарчасини кўздан кечириш жараёнида Ўзбекистон Миллий Университети (ЎзМУ) талабалари билан суҳбатлашиб, давлат бошқарувидаги қийинчиликлар ҳақида ҳам тўхталди, талабаларга панд-насиҳатлар берди. У, жумладан, раҳбарлик лавозимларига лаёқатли номзодлар топиш қийин кечаётганини айтди.

Талабаларни, “бўлаётган воқеаларнинг сабаблари нимада-ю, оқибатлари қандай бўлиши мумкин”лиги ҳақида ўйлаб кўришга чақирди. Ўйлаб кўрсак, лаёқатли кадрлар озлиги ҳамма соҳаларга тааллуқли. Бироқ раҳбарлик лавозимлари учун “сиёсий чиниққанлик” талаби ҳам мавжуд бўлиб, у муҳимроқ талаб ҳисобланса керак.

Қолаверса, масъул лавозимларга номзод кўрсатиш ваколатига эга бўлганлар соҳани ривожлантиришга қодир мутаҳассисларни эмас, балки “ўз нуқтаи назарларидан” лойиқ деб ҳисоблаган садоқатли номзодларини тавсия этишади. Истеъдоди фаррошликка, ошиб борса, чорва боқишга лайоқатлилар ҳам олий маълумот дипломига, керак бўлса, илмий даражага ҳам эга бўлиб олиб, имкон қадар юқори лавозимга интилаверишади, “мен уддалай олмайман” деб бирор лавозимдан ўзларини тийишмайди.

Мансабдорлар иложи борича кўпроқ ваколатни ўз қўлларига олишга ҳаракат қилишади. Зеро, улар ҳеч бир ваколатнинг масъулиятини ҳис этишмайди, аксинча, ҳар бир ваколатдан манфаат чиқаришади, “обрў” орттиришади. Ваколат масъулияти жамоага (Илмий кенгашга, Мувофиқлаштирувчи кенгашга, …) ағдарилади. Ҳа, “жамиятдаги удум” шундай. Натижада, катта лавозимга тайинланган раҳбар кўпинча мансабини суиистеъмол қилади, порахўрлик-коррупсияни авж олдиради, соҳани обдон издан чиқариб хароб этади.

Бунинг учун у, жазо сифатида, бошқа соҳага ёки бошқа лавозимга ўтказиб қўйилиши мумкин ёки, ошиб борса, лавозимидан бўшатилиши мумкин, бироқ шарманда-ю шармисор этилмайди, қилмишлари матбуотда ёритилмайди Жамиятнинг “инсонпарварлик” удуми шундай.

Президент бир жумлада тўхталиб ўтган, раҳбарлик лавозимларига лаёқатли номзодлар йўқлиги масаласи остида жуда катта серқирра муаммолар ётади, унинг бир асоси олий таълимга ҳам бориб тақалади. “Биз олдимизга қандай вазифа қўймайлик, қандай муаммони ечиш зарурати туғилмасин, гап охир-оқибат, барибир, кадрларга ва яна кадрларга бориб тақалаверади”(И.Каримов). 

Давлат раҳбари талабаларга, вазир лавозимига ўрин бўшаса, номзод топиш қийин кечаётганини айтди. Қани, Президент айтганидек, бир ўйлаб, таҳлил этиб кўрайлик, бунинг сабаблари нимада-ю, оқибатлари нима бўлади? Ўзимизда мутахассис етишмаётган шундай бир вақтда, қанчадан-қанча етук мутахассисларимиз шундай оғир дамда, бир кун кўрмаса қалби қўмсайдиган фарзандлари билан оиласини, қартайиб қолган ота-оналарини, ватанини “ўз ҳолига” қолдириб, ўзлари хорижда ишлашаяпти. Улар яқинларини кўришга йилда бир марта, ошиб борса, икки марта келиб кетишади.

Оиладан доимий олисда яшаш қанчалик оғир эканини бошидан ўтказган яхши билади. Албатта, моддий аҳвол ҳаммага маълум. Профессор-ўқитувчиларнинг яшаш даражаси мақтовга лойиқ бўлмаган 70, 80-йиллардагига нисбатан ҳам кўп марта   пасайиб кетган. Бироқ уларнинг кўпчилиги моддий қийинчиликлар туфайли эмас, кўпроқ маънавий очарчиликдан, жумладан, олий таълим бошқарувидаги коррупция ношудликларига, маънавий таҳқирлашларга, қонунсизлик-адолатсизликларга (масалан, [1], [2] га қаранг) чидаб бўлмаганидан ўз салоҳиятларини ишлатишга, ҳақиқий билим беришга имкон бўлмаётганидан, қадрларига йиғлаб шундай оғирликни бўйниларига олишга мажбур бўлишаяпти.

Қуйида, олий ва ўрта махсус таълимни педогогик кадрлар билан ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш қай савияда бораётганини қисқа таҳлил этиш орқали, нохолис раҳбарлар ваколатларни профессионал мутахассисларга  топширмаслиги, тизимни ношудлик билан нодемократик идора этиши натижаси ўлароқ олий таълим ўнглаб бўлмас даражада ҳалокат ботқоғига ботиб бораётганига эътиборни қаратмоқчиман.

 

Ўқув адабиётларининг аҳволи

 

 Олий ва ўрта-махсус таълим (ОЎМТ) вазирлиги мутасаддилари таълим савияси ошиб бораётгани ҳақида гапиришдан чарчашмайди. Улар ўқиш сифатини янада ошириш ниқоби остида, дўппини олиб қўйиб ўйлаб кўрмасдан, моҳиятини чуқур тушунмасдан, шароит бор-йўғини ҳисобга олмасдан, у ёки бу хорижий давлат яхлит олий таълим  тизимидан у ёки бу  элементини Ўзбекистон олий таълимига кўчириб, тинимсиз ақл бовар қилмас янгиликлар жорий этиб, “текширув келиши” важи билан ўтиб кетган ўқув йиллари учун хужжатларни қайта тайёрлатиш каби ишлар билан олий таълимни қоғозбозликнинг уясига айлантиришаяпти.

Бу ҳол талабаларга чуқур билим беришга ва билимини реал баҳолашга имкон қолдирмаяпти, бироқ профессор-ўқитувчиларни жиддий итоатда ушлаб туриш учун нохолис раҳбарларга имкон яратаяпти. Педагоглар ўқитиш савиясини ошириш тўғрисида эмас, буюрилганни бажариб улгуриш тўғрисида ўйлашади. Талаб ҳам шундай. Ўқиш савиясини янада ошириш ҳақида кўп таъкид келтирувчи мансабдорларнинг амалий ҳаракатлари мутлақо сўзларига тўғри келмайди. Удум шундай!

Таълим тизимини ислоҳ қилиш тўғрисида қарорга келинганида, сифатли ўқув-услубий ва илмий адабиётларнинг камлиги амалдаги таълим тизими муаммоларидан бири сифатида қайд этилиб, Миллий дастурни рўёбга чиқаришнинг иккинчи босқичида (2001-2005 йилларда), жумладан, таълим муассасаларини юқори сифатли зарур дарслик ва адабиётлар билан таъминлаш, бу ишга йирик олимларни жалб этиш белгиланган эди. “Миллий дастурни амалга ошириш, уни ҳаётга татбиқ этиш, ҳеч муболағасиз, стратегик мақсадларимиз – фаравон, қудратли, демократик давлат, эркин фуқоролик жамияти барпо этишимизнинг асоси бўлмоғи лозим” (И.Каримов).

Дарҳақиқат, олий ўқув юртларида ўқитса бўладиган талабалар 10-20 фоиздан ошмаса ҳам [2], уларни қониқарли ўқитиш учун қониқарли даражадаги дарсликлар ҳам зарур. Хўш, Миллий дастурнинг “дарсликлар билан таъминлаш” тўғрисидаги қисми амалга оширилдими? Асло! Бу масала олий таълимда қандай ҳал қилинаяпти?

Авваллари, ўқув юрти кутубхоналари ҳамма талабаларга ўқув йили учун асосий дарсликларни беришар эди. Ундан ташқари, ҳар бир амалий дарс вақтида факультет кутубхонасидан гуруҳ талабалари сонига тенг миқдорда дарслик олиб чиқилар эди. У дарсликлар қайга кетди? Гуманитар фанлар бўйича янги мафкура асосида “эски” дарсликлар ва жиддий қўлланмалар “яроқсиз” тамғасини олди, янги жиддий дарсликлар эса яратилаётгани йўқ. Бироқ мафкурага даҳли бўлмаган табиий фанлар бўйича бор дарсликлар нима қилинди? Улар ҳам, “СССР” деган ёзуви бўлгани учун йўқ этилганмикан ёки ЎзМУдаги каби кутубхона подвалларига  уйиб қўйилганмикан? Улар ўрнига, Миллий дастурда режалаштирилганидек, йирик олимлар жалб этилиб юқори сифатли дарсликлар яратилдими? Асло!

“Дўппи тор келганидан” дарсликлар бўшлиғидан чиқиш учун ҳамма кафедралар олдига қисқа муддатларда фанларнинг намунавий дастурларини тузиш, маъруза матнлари тайёрлаш, дарслик-қўлланмалар ёзиш режасини тузиб уни амалга ошириш талаби қўйилди. Дастур тузиш ҳамма домлаларнинг қўлидан келавермайдиган мураккаб иш эканига қарамасдан, бундай шошилинч кўрсатмаларни муддатида бажариш учун тузилаётган дастурлар мазмун-моҳияти, ёзилаётган маъруза матнлари-қўлланмалар сифати ҳақида кўплар бош қотиргани ҳам йўқ.

Натижада фанлар мавзуларининг ички-ташқи узвийлиги, мутаҳассислик учун зарурлик даражаси каби масалаларни ҳаёлга ҳам келтирмай тузилган дастурлар, у китобдан, бу китобдан, тушуниб-тушунмай таржима қилиб “ямалган” ўқув адабиётлари вужудга келди. Бир фан нечта олий ўқув юртида ўқитиладиган бўлса, ҳар бирида қурби етганича шундай дастурлар, ўқув адабиётлари мустақил тайёрланди. Баъзи фанлардан ҳануз ўзбек тилида дарслик йўқ.

Бутун дунёда бир хил бўлган фанлар бўйича ёзилган ўзбек тилидаги ўқув адабиётлар Ўзбекистон таълимидаги аҳволни фош этибгина қолмай, фан намояндалари жамиятга бефарқлик ва ахамиятсизликлари учун иснод келтириши аниқ. Ваҳоланки, фан дарғалари “бизга ваколат берилмаган” деб, бундай йўл қўйиб бўлмас тарихий жиноятга томошабин бўлиб келишаяпти, “фаннинг ўқитилишига оид масалалар бизнинг шаънимизга ҳам дахлдор, жамият ва келажак олдида биз ҳам жавобгармиз”, деб ОЎМТ вазирлигидан ваколат талаб этишмаябди.

Нима ҳам дейиш мумкин, бир томони ўзбекчилик, яна бир томони лоқайдлик! Масалан, ЎзМУ Иқтисодиёт факультети талабалари учун ёзилган Ғ.Насритдиновнинг “Математик дастурлаш” (2000 йил), Ғ.Насритдинов ва М.Абдураимовларнинг “Иқтисодчилар учун математика” (2001 йил, иккинчи нашри 2004 йили чоп этилган), Ғ.Насритдиновнинг “Эконометрика” (2005 йил) қўлланма ва маъруза матнлари нафақат фан дастурлари ва давлат стандартлари талабларини қаноатлантирмайди, балки уларда мавзулар, мавзуларнинг математик боғланишлари, ҳатто мактаб математикасидан маълум бўлган муҳим тушунчалар тушунилмасдан талқин қилинган.

Бундай мисолларни жуда-жуда кўп келтириш мумкин бўлса-да, ушбу муаллиф ижодига тўхталганимиз боиси шунда-ки, Ғаффор Насритдинов бу китоблари учун ОЎМТ вазирлиги томонидан тақдирланган. Авваллари ҳам у кишининг китоблари чоп этилган. Ғ.Насритдинов фан номзоди бўлса ҳам, профессор илмий унвонига эга, елкасида кўп йиллик педагоглик стажи ҳам бор. Профессор томонидан ёзилган, Ўзбекистон Миллий университетида дарслик сифатида фойдаланиб келинаётган, мукофотга ҳам сазовор бўлган ўқув қўлланмаларининг аҳволи шундай бўлганидан кейин, бошқа олий таълим муассасаларида “яратилган” аксарият ўқув адабиётларнинг сифати қай даражада эканини тасаввур этаверинг.

Ваҳоланки, академик Ш.Аюпов ва мен, 1997 йили Миллий дастур ишлаб чиқилиши арафасида, бир нечта дарслик-қўлланмалар таҳлили мисолида, математика фанлари бўйича саводсизларча ёзилаётган ўқув адабиётлари, “математика мактаби”ни четлаб чоп этилаётгани ва бундай ўзбошимчаликка йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида фикр билдирган эдик [3]. Жумладан, ОЎМТ вазирлиги томонидан техника олий ўқув юртлари талабаларига дарслик сифатида тавсия этилган проф. Ё.Соатовнинг уч жилдли “Олий математика” китобини талабалар фойдаланишига тавсия этиб бўлмаслигини айтган эдик. Афсус-ки, саводсизларча ёзилган ўша уч жилдлик “Олий математика” китоби ҳозирда кўп олий ўқув юртларида асосий дарслик сифатида фойдаланилаяпти.

Баён этилган аҳвол фақат табиий фанлар бўйичагина эмас, масалан, ўрта ҳамда олий мактаб ўзбек тили дарсликларининг аксарияти талабга жавоб бермаслигини кўпчилик фидоий ўқитувчилар таъкидлашаётгани ҳам ҳаммага маълум.

 Умуман, олий таълим муассасаси кафедраларида ёзилаётган дастурлар ва ўқув адабиётларининг сифати, талабаларга тавсия этилаётган дарсликларнинг сифати, қолаверса, ўқитиш сифати билан ким қизиқади? Ҳафсала қилишса – кафедра мудирлари ва фидоий ўқитувчилар қизиқиши мумкин. Улар сидқидилдан ҳаракат қилишганда ҳам “қозонда борича чўмичга чиқади”. Демак, таълим сифати кўп жихатдан кафедра мудирига боғлиқ экан.

Хўш, танланаётган кафедра мудирининг кафедрада ўқитиладиган фанларнинг талаба мутахассислигига боғлиқ ҳолда яхлит тасаввур эта олиш даражасини, яъни мазкур кафедра мудирлигига лаёқати даражасини олий таълим муассасаси раҳбарлари, борингки, муассаса Илмий кенгаши, аниқ баҳолай  оладими?  Асло! Вазирликда дастурлар, ўқув адабиётлар ва дарслар  сифатларини профессионал баҳолай олишадими? Асло! Қайси фан бўйича қайси олимларнинг салоҳиятлари дастур тайёрлашга ва дарслик ёзишга мос келишини вазирлик аниқлай оладими? Асло!

Миллий дастурни амалга ошириш мақсадлари учун давлат ғазнасидан улкан ҳажмда маблағ сарфлангани ҳақида раҳбарлар кўп айтишган. Бу маблағ тўлиқ мақсадли сарфланмагани, қаерларда бехуда сарфлангани, қаерларда талон-тарож қилингани, ҳақида улар ҳам, педагоглар ҳам тасаввурга эга бўлсалар керак. Юқорида эслатганимиздек, таълим муассасаларини сифатли зарур адабиётлар билан таъминлаш Миллий дастурнинг муҳим қисмидан иборат бўлган.

Хўш, нечун бу режани амалга оширишнинг уддасидан чиқилмади?  Балки кимдир, “профессорлар-ки маърузалар матнини қониқарли даражада ёза олмаса, дарсликлар муаммосини вазирлик қандай ечсин, барча дарсликларни вазир ёзиб бермайди-ку?” деб,  эътироз билдирмоқчи бўлар. Минг афсус-ки, эътирозга ўрин йўқ. Гап шунда-ки, 1997 йил давлат томонидан кадрлар тайёрлаш масаласини барча иқтисодий ислоҳотларнинг устивор масаласи деб эълон қилинганда, академик Ш.Аюпов ва камина олий таълим сифатини ошириш борасида қатор долзарб муаммоларни матбуотда кўтариб чиққан эдик [3]. Бу муаммоларнинг ечимлари таклиф этилган эди.

Жумладан, табиий фанлар учун сифатли ўқув адабиётлари билан таъминлаш муаммосининг аниқ ечими кўрсатилган эди.   ОЎМТ вазирлиги мутасаддилари,  олий таълим учун муҳим бўлган бу муаммоларнинг ҳал этилишини, Миллий дастурнинг амалга ошишини чиндан  хоҳлаганларида эди, бу таклифларни инобатга олган, ҳеч бўлмаса, уни муҳокамага қўйган бўлур эдилар. Фанларнинг зўр мутахассисларигина тушунадиган масалаларни  ҳал қилишни, ваколати ва қатъий масъулияти билан, “фанлар мактаблари”га топшириш таклиф этилган эди.

Вазирлик мутасаддилари, аслида, таълим даражаси ошишини эмас, ўз ҳукмронликлари, манфаатлари ошишини истайдилар. Шунинг учун ҳам улар таълим муассасалари ва вазирлик ихтиёрларига ўтиб қолган ваколатларнинг ҳеч бир қисми профессионал мутахассислар таъсирига ўтишини исташмайди. Айтайлик, математика кафедралари мудирлигига номзодларни танловдан ўтказиш, фан дастурларини тасдиқлаш, дарсликларни баҳолаш ва ҳоказо, математика фанларини ўқитишга оид ҳал этиш профессионалликни талаб этадиган масалалар бўйича  ваколатлар математиклар “мактаби”га берилди, дейлик. У ҳолда математика фанларини сифатли ўқитиш, сифатли дарсликлар билан таъминлаш каби масалалар бўйича муаммо қолмайди.

Хўш, мақсад холис – таълим сифатини ошириш – бўлса, нега шундай йўл тутилмайди?! Гап шунда-ки, бундай ҳолда математика домлалари таълим муассасаси раҳбарларининг ғайриқонуний  топшириқ-талабларини бажармаслиги  мумкин. Масалан, қўшиш-айиришни билмайдиган талабага юқори баҳо қўйдириш учун ўтказиладиган босим  принципиал ўқитувчи учун таъсир этмаслиги мумкин. Натижада, у талабанинг карьераси (магистратурага кириши ва ҳоказо, кейинчалик катта раҳбар бўлиши) учун қийинчилик туғилиши мумкин. Ана шундай ҳол рўй бериши мумкинлиги ректорларни ҳам, вазирликдаги мутасаддиларни ҳам асло  қаноатлантирмайди. Шу сабабдан улар “тиши ўтса-ўтмаса” ҳамма масалаларни ўзлари ҳал этишни хоҳлашади.

Жумладан, математика бўйича ёзилган дарсликни чоп этиш-этмасликни ҳам вазирлик қошидаги мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳал этади. Бу ваколат ҳам вазирликка “обрў” келтиради, улар хайрихоҳлигига нолойиқ профессор-ўқитувчиларнинг китоблари чоп этилмаслигини кафолатлайди. Ўз иззатини билувчи олим китоб чоп эттиришдаги ношуд саргардонликларга дош бера олмаслигини билиб, бундай савоб ишга бел боғламайди. Шундай ношудликлар натижаси ўлароқ, ўқув адабиётлар уни ёзишга қурби етадиган профессионал мутахассислар томонидан эмас, балки фанни чуқур тушуниб етмайдиган чаласаводлар томонидан ёзилади.

Бундай муаллиф китобини чоп эттириш йўлини топади. Қурби етмаса, уддасидан чиқадиган мансабдор ёки пулдор акахонини ҳаммуаллифликка қўшади. Қарабсиз-ки, китоб ҳам босилиб чиқади, саводсиз муаллиф ҳаммуаллиф акахони билан “қадрдон” ҳам бўлиб олади. Бундай ношудликлардан таълим хароб бўлаётгани чегара билмас коррупцияни асло ташвишлантирмайди. Улар учун муҳими, профессор-ўқитувчиларни  ўзларига боғлиқликда, ғайриқонуний мутлақ итоатда ушлаб туриш.

Мана бир мисол.

 

Тўлдиришга тўсиқ қўйилган дарсликлар бўшлиғи

 

Юқорида тилга олинган, “Тълим ва тарбия” журналида чоп этилган мақолада табиий фанлар учун сифатли дарсликлар муаммосини, ҳозирги шароитда, хориж тилидаги дарсликларни ўзбек тилига ўгириш билангина ҳал қилиниши мумкинлиги, бу ишга қурби етадиган олимларни жалб этиш лозимлиги таъкидланган эди. Шу фикрга амал қилиб, мен иқтисодиёт мутахассисликлари учун математика фанлари бўйича ўзбек тилидаги дарсликлар бўшлиғини тўлдириш ишига бел боғладим. Ўша вақтдаги ЎзМУ ректори акад. Т.Долимовнинг чоп эттириш бўйича муаммо туғилмаслиги ҳақида Илмий кенгашда берган кафолатига ишониб, мен 2003 йили ишни Россия профессори Н.Ш.Кремернинг “Теория вероятностей и математическая статистика” дарслигининг ЎзМУ Иқтисодиёт факультети талабалари учун зарур бўлган биринчи қисмини таржима қилишдан бошладим.

Йил охирида дарслик таржимаси чоп этишга тайёр бўлди, мутахассислар ижобий фикр билдиришди. Бу вақтга келиб, факультет ва университет раҳбариятининг менга нисбатан нохайрихоҳ муносабати вужудга келган эди (тафсилоти учун [2] га қаралсин). Шу боис, факультет босмахонасида бир кунда чиқарилиши мумкин бўлган дарсликнинг чоп этилиши турли баҳоналар билан пайсалга солина бошланди. Ваҳоланки, юқорида таъкид келтирганимиздек, бу фан бўйича ўзбек тилида дарслик йўқ, факультетдаги барча турли китоблар талабаларнинг 10 фоизига ҳам етмас эди.

Академик Т.Долимовга мурожаат қилдим. Кейинчалик, университетнинг янги, ҳозирда у ҳам собиқ, ректори проф. Р.Ашуровга мурожаат этдим. Аввалига, таржима сифатли бўлса унинг чоп этилишига ёрдам беражагини айтган Р.Ашуров, қайта тақриздан ўтказиб таржиманинг юқори савиясига иқрор бўлгач, дарсликнинг чоп этилишини пайсалга сола бошлади. Ниҳоят, 2005 йил январ ойида “ҳозирги вақтда бу китобни нашр этишнинг имкони йўқ” деб расмий жавоб берди. Ваҳоланки, ОЎМТВ комиссияси мутахассиси ёзиб берган хулосасида “Эҳтимоллар назарияси”дан ўзбек тилидаги дарсликлар бўшлиғини тўлдириш учун С.Тўлаганов таржима қилган дарсликни тезкорлик билан чоп этилиши лозим” дейилган эди.  

Мансаб курсисини мустаҳкамлаш мақсади бечора Р.Ашуровни не куйга солганини кўринг. У математик бўлатуриб, талабалар учун бу дарслик қанчалар зарур эканини билатуриб, олий таълим тизимини танқид қилаётганим туфайли менга нохайрихоҳ бўлиб қолган раҳбарларига ёқиш мақсадида китобни чоп эттиришимга йўл қўймади. Шундай ректор таълим сифати тўғрисида қайғурадими? Асло!

ОЎМТ вазирлигига мурожаат этдим. Проф. Қ.Рўзиев: “ЎзМУга керак бўлмаса бизга топширинг, чоп эттирамиз”, деди. Дарсликка тегишли ҳамма ҳужжатларни (қўлёзма ва унинг дискетини, тақризларни, услубий кенгаш қарорини, комиссия хулосасини) вазирлик бўлими бошлиғи проф. Қ.Рўзиевга топширдим. Тақриздан чиқишини кутдим. Вазирликда ҳам масалани ҳал этиш чўзила бошлади, сўнгра қўлёзма йўқолганга чиқди.

Вазирга такрор мурожаат этдим. Ниҳоят, ОЎМТ вазири биринчи ўринбосари М.Зиёев 13.05.2005 йилда “ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказувчи ва нашрга рухсат берувчи мувофиқлаштирувчи кенгашга мазкур дарслик норасмий равишда топширилган, қўлёзмани ўрнатилган тартибда тақдим этилса, уни расмий равишда кўриб чиқиш мумкин” деган мазмунда жавоб йўллади.

Ваҳоланки, улар ЎзМУ дарсликни чоп этишга тавсия бермаганини, шунинг учун қўлёзмани “ўрнатилган тартибда” тақдим этишим мумкин бўлмаслигини яхши билишар эди. Қаранг-а, олий таълимни сифатли дарсликлар билан таъминлаш, таълим сифатини кўтариш масалалари шу одамларни қизиқтиришига ишониб бўладими? Асло! Уларни дарсликнинг сифати эмас, уни чоп этилишидан ўзлари қандай манфаат кўришлари қизиқтиради.

 

Академик лицейлардаги таълим аҳволи

 

Авваллари олий таълимда билими саёз кадрлар тайёрланаётганлигини мактаб битирувчиларининг тайёргарлиги пастлиги билан тушунтирилмоқчи бўлинар эди. Фан-технология интенсив ривожланаётган ҳозирги вақтда олий таълим даврдан орқада қолмаслиги учун асосий фанлар бўйича олий ўқув юртига кирувчилар билимини ҳам юқорироқ кўтариб бориш давр талабига айланди. Зеро, олий мактабда эришиладиган ютуқлар, ўрта таълимдаги ижобий силжишларга бевосита боғлиқ.

Шу мақсадда, катта сарф-харажатлар эвазига, йўналишлар бўйича кенгроқ ва чуқурроқ билим берадиган академик лицейлар жорий этилди. Албатта, танланган йўналиш бўйича иқтидори қониқарли ўқувчилар йиғилган гуруҳлардагина чуқур билим бериш мумкин. Бу муҳим талаб бажарилмай туриб мақсадга эришиб бўлмаслиги ҳаммага аён. Шу сабабдан ҳам умумий ўрта таълимда бу мақсадни амалга ошириш мушкул эди.

Коррупциялашган бизнинг жамиятда ҳамма эзгу мақсад билан бошланган саъй-ҳаракатлар кейинчалик ғайриқонуний манфаат келтирадиган изга солиб юборилганидек, иқтидорли ўқувчиларнигина ўқитиш учун ташкил қилинганлиги унутилиб, кўп академик лицейларда спонсорликка қурби етадиганлар фарзандлари қабул қилинадиган бўлди.   Натижада, нафақат эзгу мақсад амалга ошиши саробга айланди, балки академик лицейлар камбағал оилалар иқтидорли фарзандларининг олий ўқув юртига киришига ортиқча тўсиққа айланди.

Гап шунда-ки, авваллари ночор ҳаёт кечирувчи оилаларнинг иқтидори баланд фарзандлари гоҳо ўқиш қийин бўлган факультетларга кириб юқори стипендия билан бемалол яшайверар эди. Энди эса бундай оила фарзанди ўз вилоятидаги академик лицейда ўқишга имкон тополмайди, олий ўқув юртига кириш у ёқда турсин, иқтидорини намойиш этиб улгурмайди.

Мен, 2005 йилнинг сентябрь ойида, икки ҳафта Тошкент Давлат Техника университетининг Компьютер технологиялари академик лицейида дарс беришга мушарраф бўлиб, лицей таълими билан бироз яқинроқ танишдим. Академик лицейларнинг математика фанлари чуқур ўрганиладиган “аниқ йўналиш” дастури асосида ёзилганлиги таъкидланган дарсликлар мутлақо фанни тушунмайдиган муаллифлар томонидан ёзилган бўлиб, катта адад билан чоп этилган экан.

Масалан, “Алгебра ва анализ асослари” (Р.Ҳ.Вафаев, Ж.Ҳ.Ҳусанов, К.Ҳ.Файзиев, Ю.Й.Ҳамроев) дарслигининг 2-чи нашри 2003 йил 80 минг нусхада чоп этилган. Шунингдек, А.У.Абдуҳамидов, Н.А.Насимов, У.М.Носиров, Ж.Ҳ.Ҳусановларнинг икки қисмдан иборат бўлган “Алгебра ва математик анализ асослари” дарслигининг  5-чи нашри 2006 йили 20 мингдан нусхада чоп этилган. Бу дарсликларни саводсизликнинг ёрқин намунаси сифатида кўрсатиш мумкин. Математика кафедрасига кўп йиллик педагогик тажрибага эга бўлган кимё фанлари номзоди М.А.Низаметдинова мудирлик қилар экан.

Кафедра мудири ҳам, ўқитувчилари ҳам фанлар дастурларининг мазмун-моҳиятини яхши тушунишмаган кўринишади. Масалан, кафедра мудири ва мен танишишга улгурган бир нечта ўқитувчиларнинг айтишича, биринчи курсда “тўпламлар мавзусини қолдириб, натурал сонлар мавзусидан бошлаш мақсадга мувофиқ” эмиш. Кафедра мудири ўз тажрибасидан келиб чиқиб тавсия этишича (демак, унга риоя этилиши шарт бўлган), “талабаларга 3 та олмани 4 та олмага қўшганда нечта олма бўлиши шаклида тушунтириш” лозим экан. Дарҳақиқат, мен дарс ўтган икки гуруҳда иқтидори математикани тушунишга минимум мос келадиган лоақал бир талаба топилмади.

Албатта, бу ҳолатни оқлаш учун “бизга ҳужжат топширганлар ичидан танлаб олаяпмиз” деб, важ келтиришлари осон. Бундай важ мактаб таълимини айблаш маъносида қисман тўғри бўлса-да, иқтидорли ёшлар камлиги маъносида туҳматли бўлур эди. Бироқ, керак бўлса, бу важнинг ҳақиқатдан анча йироқлигини кўрсатиб бериш осон.

Ўзбекистон таълимини ўрганишга хориждан мутахассис келса, тушуна олмай ҳайронлигидан ўзининг ақли-ҳуши жойидалигига шубҳа қила бошлаши ҳеч гап эмас: “Муболағасиз айтиш мумкин-ки, бизнинг келажагимиз, мамлакатимизнинг келажаги ўрнимизга ким келишига ёки бошқачароқ айтганда, қандай кадрлар тайёрлашимизга боғлиқ” (И.Каримов). Келажаги буюк давлат қурмоқчимиз. Аммо академик лицей талабаларининг кўпчилиги “оғзинг қани, деса қулоғини кўрсатади”. Лицей раҳбарлари битирувчиларининг кўпчилиги олий ўқув юртига ўқишга кираётгани билан фахрланишади.

Олий ўқув юрти талабаларининг кўпчилиги “кўшиш-айиришни билмайдиганлар” ёки “исмини қийналиб ёзадиганлар” бўлса-да, бироқ ҳаммалари юқори баллар билан ўқишга киришган ва юқори рейтинг билан ўқишни тугаллашади. Олий маълумот дипломига эгалар жуда кўп, бироқ олий маълумотни эгаллаган мутахассислар жуда кам. Парадокс!

Бу даражадаги ношудликлар ҳеч бир жамиятда бўлмаса керак!!!

 

Адабиётлар

 

  1. С.Тўлаганов. Профессор-ўқитувчиларни манқуртликка ундовчи низом-Нашр қилинди: 23-29 май, 2007йил…<http://muslimuzbekistan.net/uz/centralasia/comments/story.php?ID=11164>; <http://www.uzbekistanerk.org/modules.php?name=News&file=article&sid=2638>; <http://www.rizobek.ucoz.ru/news/2007-5-23-590-0->; <http://www.jakob.clan.su/news/2007-05-23-667>
  2. С.Тўлаганов. Олий таълимдаги уюшган жиноятчилик – || Нашр қилинди: 23.07.2007- 16.08.2007. <muslimuzbekistan.net/uz/centralasia/comments/story.php?ID=12740 – 106k>;    <http: //uzbek.ferghana.ru/news.php?id =2513&mode=sne>.
  3. Ш.Аюпов, С.Тўлаганов. Олий ўқув юртларида олий математика фанини ўқитилиш савиясини кўтаришнинг баъзи муаммолари. Таълим ва тарбия. 1997, №1-2, 5-13.

 

                                                         2007 йил сентябрь ойининг 3-куни.

 

 Физика-математика фанлари доктори Собир Тўлаганов

 

Тошкент шаҳри.

 

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s