07.09.11-ТОҚЧИЛИҚ ҚЎЗГОЛОННИ ҚЎРГАН

Толиб Ёқубов

 

Тоқчилиқ Жиззах қўзғолонини кўрган

 

11 сентябрь 2007 й.

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда

давлат қароқчилар тўдасига айланади

Августин Аврелий

 

2007 йил 5 сентябрь куни Жиззах туманининг Тоқчилиқ қишлоғида ноқонуний газ тўловларига қарши аҳолининг йирик йиғилиши бўлиб ўтган ва унда 100 дан ортиқ фуқаро қатнашган. Йиғилишга қўшни Раваллиқ қишлоғидан ҳам одамлар келиб қўшилишган. Ўша куни эрталаб бир тўйда Тоқчилиқ қишлоғи фуқароси Тўйчи Холматов: «Кимда-ким газ тўловларидан норози бўлса, бугун менинг ҳовлимда йиғилишга борсин» – деб эълон қилган.

 

Ушбу хабар 7 сентябрь куни бутун тафсилотлари билан қўшни тумандан етиб келди ва қишлоққа қилган қўнғироғимдан сўнг воқеа ҳақиқатан худди шундай ривожлангани тасдиқланди.

 

Табиий, қишлоқда яшайдиган ИИБ ва МХХ «қулоқлари» дарҳол бу муассасаларга хабар берган. Қишлоққа туман ҳокими, газ тармоғи раҳбарлари ва жуда кўп милиция ва МХХ ходимлари етиб келишган ва қишлоқни ўрашган. Бироқ улар етиб келгунга қадар Т.Холматовнинг ҳовлисида 100 дан ортиқ фуқаролар (ҳатто қўшни қишлоқдан ҳам) йиғилишиб бўлган.

 

Ҳоким ва бошқа раҳбарларни йиғилганлар дарғазаб ҳолда кутиб олишган. Йиғилганлар ҳоким ва бошқаларни юзи-хотир қилиб ўтирмасдан туман газ тармоғи раҳбарлари ва тўловларни йиғадиган инспекторларнинг қаллоблиги, қароқчилиги ва бошқа жиҳатларини очиб ташлашган. Номини ошкор қилишни истамаган бир милиция ходими: «Агар биз бўлмаганимизда йиғилганлар тармоқ бошлиғи Олим Ҳожиевни тилка-тилка қилиб ташлаши аниқ эди» – деди.

 

Йиғилганлар: «Қишлоғимизнинг бир йигити, Тўйчи Диёров, сен туфайли ўлим тўшагида ётибди, агар у ўлса, калланг билан жавоб берасан» – дейишган. Норозилик намойиши тугагандан уч соат ўтгач, Т.Диёров оламдан ўтган. Бу эса одамларни янада кучли ҳаяжонлантирган. Қишлоқ фуқаролари норозилиги қабристонда ўз давомини топган, шу сабабли қабристон ва унинг атрофида юрган милиция ва МХХ ходимларининг сони жуда кўп бўлган.

 

Норозилик илдизи

 

Давлат хазинаси бўш, ишсизлик аксарият оилаларнинг тинкасини қуритган, бироқ шундай бўлса-да, солиқлар одамлар тўламаганлиги учун эмас, балки солиқ идоралари ходимларининг юхога айланганлиги туфайли давлат хазинасига етиб бормаяпти, И.Каримов ўзи шакллантирган қўриқчилари армияси (милиция, МХХ, ҳарбийлар ва ҳоказо) учун пул топиб бера олмай қолган ҳолга аллақачон тушиб бўлган, бунинг устига беҳисоб харажат талаб қиладиган сайловлар яқинлашмоқда. «Пулни қаердан топиш керак?» – деган саволга зўравонликка асосланган сиёсий системаларда жавоб фақат битта бўлади: «Халқдан йиғиш керак!».

 

Охирги йилларда Жиззах вилоятида газ ва электр тўловларини йиғишда, И.Каримов айтганидай, анча ишлар қилинди:

– гарчи мутлақо ноқонуний бўлса-да, бу тўловларни қариялар ва ёш болаларга бериладиган нафақалардан ушлаб қолиш;

– гарчи мутлақо ноқонуний бўлса-да, суд ва нотариусларни ишга солган ҳолда қарор чиқартириб, уни бундан мутлақо хабарсиз одамларга таъдим этиш;

ҳар куни эрталабдан кечгача тўловларни ундирувчи, тоғни урса талқон қиладиган ёш йигитлар – инспекторларнинг ҳовлима-ҳовли юриши ва ҳоказолар.

 

Кучли иқтисодга эга бўлган мамлакатлар асосан солиқлар ҳисобига яшайди – яшаганда ҳам жуда яхши яшашади. Ҳеч ким солиқ йиққани ҳовлима-ҳовли юрмайди, нафақадан босиб қолмайди. Одамлар газ, сув, электрдан фойдаланишда тежамкорлик қилишлари мумкин, бироқ солиқни тўламаслиги мумкин эмас. Бундай мамлакатларда иш шундай уюштирилган-ки, тўланган солиқ давлат хазинасига эмас, кимнингдир чўнтагига бориб тушиши мутлақо мумкин эмас.

 

И.Каримовнинг иқтисоддаги «ўзбек модели» эса у: «Бизга ақл ўргатма!» – деб танқид қилаётган ғарб иқтисодий моделидан тубдан фарқ қилади. Дарҳақиқат, Тоқчилиқлиларнинг гапига қараганда тўловлар йиғувчилар ҳар куни эрталаб қишлоқдаги фуқаролар йиғини идорасида йиғилишиб, чой ичгандан сўнг ҳовлима-ҳовли юришга чиқиб кетишар, бугун кирган ҳовлига эртага ҳам, эртадан кейин ҳам боришар экан. Кирган ҳовли эгасидан: «Фалон минг тўланг!»дан бошлаб, охири: «Ҳеч бўлмаса, икки минг беринг!» га тушишар экан.

 

Қандай олийжаноб ва самарали модель! Ҳавас қилгули модель»! Негадир баъзан солиқ йиғувчиларнинг бирортасининг кўзи кўкарган ёки юзи шилинган ҳолда келар экан. Қизиқиб сўраган одамга улар ҳеч нарса айтмас экан, лекин бир куни биттаси: «Э, қўйинг сўраманг! Кеча пулни кам топширган эдим, ҳоким урди» – деб мардларча тан олган. Бу – «ўзбек модели»нинг одамларни мардликка ўргатувчи яхши бир жихатидир.

 

Йиғувчилар пулни кам топширишининг сабаби ҳам Тоқчилиқ қишлоғида очилди. Уларнинг ойлиги ҳам айтарлик даражада эмас экан. Йиғувчилар одамлардан йиғиб олган пул ҳеч қаерда қайд этилмагани, йиғувчи берган «патта» қоғоз кучга эга бўлмагани учун, улар пулнинг бир қисмини ўзларига қўшимча маош сифатида ўзлаштирар экан.

 

Ҳар куни кечқурун йиғилган пуллар газ (электр, сув) тармоғи бошлиғига топширилади. «Ўзбек модели»нинг яна бир ўзига хос томони – у (бошлиқ) ҳар куни кечқурун олиб келиб топширилган пулларни нима қилишини ўзи билади. «Ўзбек модели» бошлиққа ҳам, йиғувчиларга ҳам тўлиқ эркинлик берган. Юқорида айтганимиз Олим Ҳожиев туман бўйича одамларга, юқорида айтганимиздек, суд ёки нотариус тасдиқлаган қоғоз юборар ва унда: «Ҳурматли фалонча! Сизнинг газ бўйича 100.000 (125.000, 350.000, 648.000 ва ҳоказо – кимга қанча ёзишни ўзи билади) сўм қарзингиз бор. Қарзингизни беш кун ичида ўзишингиз шарт, акс ҳолда …» – деган ёзув бўлар экан.

 

Табиий, қарздор зудлик билан Олим Ҳожиевнинг идорасига етиб борар, бироқ негадир уни бухгалтер эмас, раҳбар қабул қилар, қарздор кабинетга киргач, бошлиқ кабинетни ичкаридан қулфлар экан. О.Ҳожиев қарздорга бир неча бухгалтерия китобларини кўрсатиб, қарзни қарздор «бўйнига қўйиб бўлгач»: «Хўш, тақсир, 394.500 сўм қарзингизни хозир тўлаб кетасизми ёинки кутайликми? Лекин кута олмаймиз, қарздорлар рўйхати ҳокимиятга, судга топширилган. Иложингиз бўлмаса, ўша идораларга бораверинг» – дер экан. Қарздор «Йуғ-э, Олим ака, нима деяпсиз, ҳозир ҳеч қандай имкониятим йўқ, озроқ бўлганда-ям эди?!» – дейиши билан О.Ҳожиев дарров мақсадга ўтар экан: «Бўлмаса – келишайлик, 120.000 ташланг, қолганини менинг ўзим ёпиб юбораман».

 

Тоқчилиқлик Тўйчи Диёров газ қарзини йиғувчиларга тўлаб, ёзда ўғил уйлантирган. Тўй учун анча-мунча қарз ҳам кўтарган. 16 август куни унга Олим Ҳожиев нотариус тасдиқлаган ва 665.000 сўм қарз курсатилган қоғоз юборади. Жуда қаттиқ изтиробга тушган Т.Диёров 19 август куни ҳовлисида инсульт бўлиб йиқилади. Шундан бошлаб тилга кирмаган Т.Диёров 5 сентябрь куни касалхонада вафот этади.

 

Тўйчи Холматов август ойида йиғувчига 120.000 сўм тўлаб енгил ошади, бироқ эртаси куни унга 325.000 сўмлик қоғоз келади. Ҳайратланган Т.Холматов дастлаб фуқаролар йиғини раиси Ботир Ропиевга учрашади, ҳокимиятга ҳам боради. Т.Холматов каби арзчилар кўп бўлгани учун, охири Б.Ропиев унга: «Норозиларни йиғинг, менинг ўзим улар билан гаплашаман» – дейди. Чамаси у: «Йиғилса 5-10 та одам йиғилар, уларни алдаш қийин эмас» – деган ҳаёлга борган бўлса ажаб эмас. Воқеанинг бошқа тафсилотлари юқорида келтирилди.

 

Буни ҳукумат кимдан кўрар экан?

 

1993 йил Тоқчилиқ қишлоғи ерларидан 50 гектар ер аҳолига томорқа сифатида бўлиб берилди. Қишлоқдаги кўп сербола оилалар ер танқислиги туфайли тор ҳовлиларда қийналиб яшарди. Қишлоқ четидаги 100 гектар очиқ майдон эса колхоз раиси Мўминжон Қаҳҳоров томонидан эрта баҳорда турли томонлардан келган одамларга элу-халқ кўзи ўнгида нақд пулга сотилар, бу эса қишлоқ аҳлини астойдил ранжитар эди. Охир-оқибат бу воқеълик қишлоқ аҳолисининг кўтарилишига олиб келди. Аҳоли шу қадар кўтарилди-ки, ҳокимият уюштирган бирорта мажлисда одамларни уддалай олишмади. Бир катта мажлисни олиб борган вилоят ҳокимиятининг ходими: «Мен вилоятда 20 йиллар мажлисларни бошқарганман, аммо бундайини кўрмаганман» – деб тўлиқ ютқазган ҳолда мажлисни тарк этди. Охирги мажлис қишлоқ мактабининг биносида ўтказилиб, у милиция ходимлари билан ўралган ҳолда унга маҳаллий ҳукумат томонидан тайинланган одамларгина қўйилди,

 

Мен ўша кезларда ишдан ҳайдалган пайтим бўлиб, Тоқчилиқдаги уйимда яшар эдим. Юқорида айтилган воқеада менинг иштироким шу бўлган-ки, одамлар бир неча марта қонунларнинг моҳиятини сўрагани кечалари уйимда йиғилишган. Бир-икки ойдан кейин бўлиб ўтган воқеаларни ҳокимият «Толиб Ёқубов уюштирган» деган хулосага келган. Воқеаларнинг натижаси ўларок аҳолига 50 гектар ер бўлиб берилди. 5 сентябрьдаги воқеа мен Францияда яшаётган пайтимда содир бўлди. Буни энди ҳукумат кимдан кўрар экан?

 

Аслида, ўзидан кўриши керак. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида давлатчилик бўлганми-йўқми айтиш қийин, бироқ ҳозирги пайтда давлатчиликдан асар ҳам қолган эмас – давлат тўлиқ қароқчилар тўдасига айланган. Давлат бошлиғи, Бош вазир, Бош прокурор, Олий суд раиси, вилоят ҳокимлари каби барча катта раҳбарларни қўяверинг, оддий туман газ (ёки электр) тармоғи бошлиқлари ва ҳатто пул йиғувчилари ҳам қароқчиларга айланганлар. Қароқчининг оддий одамдан фарқи шунда-ки, сиз кечгача оғир меҳнат қилиб 5000 сўм топсангиз-да, болаларимга нон-қанд олиб бораман, деган ширин ҳаёлда йўлда келаётганингизда олдингиздан қароқчи чиқса, у: «Шу одам ёнидаги пулни қандай топган, унинг бола-чақаси очми, тўқми?» – деб суриштириб ўтирмайди ва ёнингиздаги пулни тортиб олади.

 

2007 йил 14 май куни Манғит шаҳрида яшовчи Камол Абдуллаев хотини иккаласи уйига ишдан қайтишса, ҳовлисида икки милиция ходими ва бир бегона аёл юрганини кўришган.

 

Бу – қароқчиликнинг белгисидир.

 

Бировнинг ҳовлисига эгаларининг рухсатисиз ёки прокурор санкциясисиз кирган бу шахслар К.Абдуллаевнинг омборида турган, унинг мулки бўлган 1300 кг пахта ёгини зўравонлик билан, ҳеч қандай хужжатсиз олиб чиқиб кетишади.

 

Бу – қароқчиликнинг ўзгинасидир.

 

Прокуратура К.Абдуллаевнинг хотини устидан жиноий иш қўзғаб, ишни судга оширади, суд эса унга бир ярим миллион сўм жарима белгилаб ҳукм чиқаради.

 

Бу – «одил суд» оркали ҳужжатлаштирилган давлат қароқчилигидир.

 

15 май куни К.Абдуллаевнинг синфдош дўсти ҳуқуқбон (инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи) Турсинбой Ўтамуратов қонуний равишда унинг ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қўзғатилган жиноят ишига ҳимоячи сифатида ўтади.

5 июнь куни прокуратура ва милициянинг бир гурух ходимлари Т.Ўтамуратовни К.Абдуллаевнинг ҳовлисидан уриб, ҳақоратлаб, машинага зўравонлик билан тиқиб, милицияхонага олиб кетишади.

 

Бу – қароқчиларнинг ўз қурбонига нисбатан ишлатадиган усулидир.

 

10 сентябрь куни жиноий ишлар бўйича Тахиатош шаҳар суди Т.Ўтамуратовга 4657500 (тўрт миллион олти юз-у эллик етти минг беш юз) сўм жарима белгилаб ҳукм чиқаради.

 

Бу – машҳур рус масалчиси И.Криловнинг «Бўри ва қўзичоқ» асаридаги бўри (қароқчи): «Сенинг айбинг, учраб қолдинг қорним очганда» – деганининг ўзгинасидир.

 

Ўзбекистонда шаклланган бундай ҳолат илмий адабиётда «веспасианлик» ёки «давлат қароқчилиги» дейилади. «Веспасианлик даври»га Ўзбекистон мустақиллик билан кириб келди ва унинг охирги (учинчи) фазасида шиддат билан кетаётир. Инсоният тарихида беҳисоб империя ва давлатлар бу даврни бошидан кечирган. Ҳозир ҳам СССРдан чиққан деярли (Болтиқбўйи давлатларидан бошқа) барча давлатлар «веспасианлик даври»дадир. «Веспасианлик даври»нинг учинчи фазаси ҳамма вақт мамлакатдаги сиёсий тузумнинг ўлими билан тугаган.

 

Оддий тилда айтганда, Ўзбекистондаги қароқчиларнинг «кўзини ёғ босган», улар халқни талашга шунчалик берилиб кетишган-ки, мамлакат ўлим сари шиддат билан кетаётганини ҳатто тушунишмайди ҳам. Бош қароқчи эса «Шу қароқчилар менинг ҳимоячиларим» – деб ўйлайди.

 

Тоқчилиқ Жиззах қўзғолонини кўрган

 

1916 йилда бўлган Жиззах қўзғолонини кўрган одамлар ҳозир қолмаган бўлса керак, бироқ жиззахликлар мазкур қўзғолон тафсилотларини ҳозиргача ўзларининг ота-боболаридан эшитганлари асосида гапириб юришади. Мас., мен тафсилотларни отам мулла Ёқубдан эшитганман. Қўзғолон вақтида отам 21 ёшда бўлганлар ва уни ўз кўзлари билан кўрган ва унда қатнашганлар.

 

Ўша қўзғолон халқни рус истибдодига, яъни зулмга қарши кўчага олиб чиққан. Зулм шу қадар бўлганки, қилич, милтиқ, пулемёт ва замбарак билан қуролланган рус армиясига қарши одамлар шоха, болта, ўроқ ва калтак кўтариб урушга кирган. Жиззахлиларга Зомин, Фориш ва бошқа атрофҳудудлардан одамлар келиб қўшилган. Қароргоҳи Тошкентда бўлган рус колониал ҳукумати генералгубернатори Жиззах қўзғолонини бостириш учун Чинозда жойлашган рус казаклари полкини жўнатган.

 

Куч тенг бўлмаган ва қўзғолон бостирилган. Отамнинг айтишларича, казаклар бир неча кун давомида дуч келган одамни, хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ аёл, хоҳ у бола бўлсин, отиб ёки қиличдан ўтказиб кетаверишган. Охири оммавий қатл қилиш учун Жиззахнинг эркак зотини Эски шаҳардаги мадраса олдидаги майдонга ҳайдаб келишган ва отиш учун пулеметларни чор атрофдан тўғрилаб қўйишган. Шу пайтда Тошкентдан телефонограмма келиб, унда қатл сургун билан алмаштириш, яъни бутун халқни чўл зонасига ҳайдаб, у ерда Россия фойдасига қовунтарвуз экдириш буюрилган.

 

 

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s