07.09.19-МАНҒИТЛИК ҚАРОҚЧИЛАР- 2-кисм

19 сентябрь 2007 й.

Адолат ва одил суд булмаган шароитда

давлат карокчилар тудасига айланади

Августин Аврелий

 

ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖАМИЯТИНИНГ

БИЛДИРИШНОМАСИ

 

 

2-кисм

 

Ушбу қалбаки  қарорда судланувчига нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисмида кўрсатилган тугалланган жиноят аломатлари – ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш, хизмат формаси погони узилганлик ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмаган, қамаш учун содир этилган ноқонуний ҳаракат асослантирилмаган, исботланмаган, чунки бу сохта ўйлаб топилган субъектив тушунча терговчи Ж.Булатов, прокурор Ю.Розумовнинг ғаразгўйлик мақсадидан бошқа нарса эмаслиги суд мажлисида ўз исботини топди. Бунинг тасдиғи сифатида судланувчи 2007 йилнинг 5 июнидан қамоқда сақланаётган бўлсада, айблов хулосасида прокурор санкциясига асосан 2007 йилнинг 8 июнидан  деб кўрсатилиши сохта қарорнинг юридик кучга эга эмаслиги, Т.Ўтамуратов асоссиз уч кун ушланганлигини тасдиқлаб турибди.

Амударё туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Г.Усмановнинг ҳаракатларида ЎзР ЖКнинг  205-209, 234-моддаларида кўрсатилган тугалланган жиноят аломатларини содир этиб, қонунга хилоф равишда Т.Ўтамуратовни сохта ҳужжатлар тўплаш йўли билан ЖПК нормаларини нотўғри қўллаб, 2007 йил 5 июндан 8 июнгача асоссиз равишда  хибсда ушлаб турган.

Бундан ташқари, терговчи Ж.Булатов ва прокурор Ю.Розумовларнинг саводсизлиги, илмсизлиги оқибатида ҳимоячилар томонидан берилган илтимосномалар ва талабномалар қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилмасдан, жавоб хатлари берилмасдан, ЖПКнинг 375-378, 382-388-моддалари талабига зид равишда, Нукус шаҳар 64/9 –сонли хибсхона изоляторида  2007 йил 1 август куни “айбловни тўлдириш тўғрисида”ги қарорида  Т.Ўтамуратовга нисбатан ЖКнинг 227-моддаси 2-қисми “а” банди, 236-моддаси 2-қисми, 277-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари  билан қўшимча айблов эълон қилиш қарорида кўрсатилган фактлар мутлоқо асоссиз бўлиб, Т.Ўтамуратовга нисбатан прокурор Ю.Розумов ва терговчи Ж.Булатов томонидан сунъий равишда ўйлаб топилган, ғаразгўйлик мақсадларида ўзларини содир этган процессуал жиноий  ҳаракатларини яшириш мақсадида, уларнинг ноқонуний ҳаракатларидан жабр кўрган фуқароларни конституцион ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ҳимоячи Т.Ўтамуратовдан қутилиш мақсадида ўйлаб топилган субъектив айбловдан бошқа нарса эмаслиги жиноят иши материалларида ўз исботини топган.

Шунингдек, ЖПКнинг 391-моддаси талабига зид равишда жиноят иши судловга тегишлилиги жихатидан Амударё туман судига қарашли бўлсада, номаълум сабабларга кўра сохта айбловни суддан ўтказиш, процесс иштирокчиларига қийинчилик туғдириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Тахиатош шаҳар судига жўнатилиши мутлоқо қонунга зид бўлиб, суд процесси давомида тарафларга жиноят ишини нима сабабдан жиноят ишлари бўйича Тахиатош шаҳар судида кўриш юзасидан тушунтириш берилмаган.

Шу билан биргаликда дастлабки терговда ЖПКнинг 106-моддаси талаби асосида тергов ҳаракатлари видеотасвирга туширилган бўлсада, иш материалларга қонунда белгиланган тартибда далилий ашё сифатида тақдим этилмаган, суд мажлисида  қўйиб кўрсатилмаган, эшиттирилмаган, муҳокама қилинмаган, ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Дастлабки терговда ҳимоячиларга нисбатан тазйиқ ўтказиш мақсадида,  прокурор Ю.Розумовнинг бевосита бошчилигида  МХХ нинг Шукур исмли агенти орқали 100.000 (юз минг) АҚШ доллари миқдорида пул таклиф қилинганлик ҳолати бўйича Қорақалпоғистон МХХ раиси В.Наумов ва Ўзбекистон МХХ раиси Р,Иноятовга, ЎзР Бош прокурори Р.Қодировга, президент И,А.Каримовга ёзилган шикоят аризаси ўрганиб чиқилиб, қонунда белгиланган тартибда жавоб беришлик учун жиноят ишлари бўйича Тахиатош шаҳар судига юборилган бўлишига қарамасдан, суд мажлисида бу ҳолатлар юзасидан муҳокама қилинмади ва ҳуқуқий баҳо берилмади.

Шунингдек, жиноят иши материалларида судланувчи Т.Ўтамуратовга нисбатан профилактика инспектори В.Пирманов томонидан етказилган тан жароҳати ҳақидаги экспертиза хулосаси мавжуд бўлсада, дастлабки терговда унга нисбатан ЎзР ЖКнинг 205, 206, 209, 219, 229, 109-моддасида кўрсатилган ҳокимият ёки мансабини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш,  мансаб сохтакорлиги, фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, ўзбошимчалик, қасддан баданга шикаст етказиш каби тугалланган жиноят аломатларини содир этган бўлсада, В.Пирмановга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаган, жавобгарлик масаласи ҳал қилинмаган.

Жиноят-судлов процессида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Д.Юлдашева Т.Ўтамуратовни профилактика нозири В.Пирманов ҳақоратлаб, уриб, дўппослаб тан жароҳати етказганлиги, ИИБ навбатчи хонасида Т.Ўтамуратовнинг чўнтагидаги ручкасини тортиб олиб яна урганлигини тасдиқлаб, судда кўргазма берган.

 Бундай ножўя ҳаракатлар ҳурматли президентимиз И.А.Каримов олиб бораётган сиёсатига, давлатчилигимиз асосларига, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунчилигимизга нисбатан содир этилаётган давомли жиноятлар тоифасига кириб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи мансабдор шахслар- суриштирувчи, терговчи, прокурорга нисбатан ЖКнинг 205-209, 230, 234-моддаларида кўрсатилган тугалланган жиноят аломатларини келтириб чиқаради.

Жиноятнинг объекти Республикамизда нормал ишлаб турган қонунларимиз мажмуаси бўлиб, қўшимча объекти фуқароларнинг ёки давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаати тушунилади.

Жиноятни квалификация қилиш диспозициясида жиноятнинг субъектини суриштирувчи,  терговчи, прокурор ёки мансабдор шахс ташкил қилади

Иш юзасидан суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Т.Ўтамуратов юқорида кўрсатилган давлат бошқарув ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ваколатли органларида содир этилаётган жиноятларни таъкидлаб, ўзини ноҳақ қамоққа олинганлигини, унга нисбатан жиноят иши материаллари сохталаштирилганлигини, ЖКнинг юқорида кўрсатилган моддалари билан асосиз айбланганлигини, у ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигини, ўзининг фуқаровий бурчини қонунда кўрсатилган тартибда амалга оширганлигини, бу ҳақида унинг қўлида адвокат статусига тенглаштирилган ваколатнома бўлсада,  милиция ходимлари С.Жумабоев, В.Пирмановлар қонун талабларини менсимасдан  унинг фаолиятига тўсқинлик қилиб, қасддан жанжал чиқариб, В.Пирманов томонидан ҳақоратланиб, калтакланиб, тан жароҳати етказилганлиги, погон узилганлик билан боғлиқ  сохта айблов натижасида 1996, 2002 йилларда ҳам қўлланилган бўлиб, бегуноҳ судланганлигини, кейинчалик суднинг барча ҳукм ва ажримлари ЎзР прокуратураси ва Олий Суди томонидан бекор қилинганлигини таъкидлаб, судда кўргазма берган.

Терговчи Ж.Булатов иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бундай ҳужжатларга эътибор бермасдан, қалбаки процессуал ҳужжатлар тўплаш йўли билан Т.Ўтамуратовни хибсга олганлиги, уни ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш, ўта муҳим ҳужжатни йўқ қилиш, тергов ҳаракатларига халақит бериш, безориликда ва ниқоят, саводсизларча, биронбир юридик фактларсиз   рецидивист деб уни ҳақорат қилиб қарор чиқарганлиги, тергов ҳаракатларини бир томонлама олиб борганлиги, Т.Ўтамуратовга қўйилган айблар Амударё тумани милиция ва прокуратураси ходимлари томонидан содир этилаётган давомли талончилик жиноятларини фош бўлишидан қўрқиб, судланувчига нисбатан уюштирилган фитна (провакация)дан бошқа нарса  эмаслиги дастлабки тергов ва   жиноятсудлов процессида ўз исботини топди.

Судланувчи Т.Ўтамуратовга нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми , 227-моддаси 2-қисми “а”банди, 236-моддаси 2-қисми, 277-моддаси 3-қисми “а”,“г”банди билан айбдор деб топилиши қуйидаги юридик фактларга асосланиб инкор қилинади.

а).  Т.Ўтамуратов ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисми, 50, 53-моддалари талаби асосида ишга ҳимоячи сифатида жалб қилиниб, ўзига берилган ваколати доирасида жабрланган К.Абдуллаев ва Д.Юлдашеванинг конституцион ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ишда иштирок этган.

б).     ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисми, 50-моддаси асосида тарафлар томонидан  қонуний вакил-ҳимоячи сифатида таклиф қилинган фуқаро қонунда белгиланган тартибда  расмийлаштирилган пайтдан бошлаб, ҳимоячиқонуний вакил сифатида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг талабига кўра, “Адвокатура тўғрисида” ги қонунда белгиланган адвокат ваколатига эга бўлади, барча процесс иштирокчилари мақомига тенглаштирилади.

 в). ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан унга айб эълон қилиниши мутлоқо қонунга зид бўлиб, чунки Т.Ўтамуратов ваколати доирасида конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган фуқаровий бурчини бажараётган пайтда милиция ва прокуратура ходимлари томонидан фаол қаршилик кўрсатиш йўли билан унга нисбатан жиноят содир этилган.

г). 2007 йил 5 июн куни бўлиб ўтган воқеада Т.Ўтамуратовни ҳаракатида ҳеч қандай тугалланган жиноят аломатлари мавжуд эмас, чунки уни қўлида фуқаровий бурчини бажариш ваколатини берувчи ҳимоячиадвокат статусига тенглаштирилган процессуал ҳужжат-ишончнома мавжуд бўлган.

д).   ЎзР Конституцияси 29, 30-моддалари, ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисми, 50,53-моддалари талаби асосида,  фуқаролар  қонунда белгиланган тартибда давлат бошқаруви тизими, идоралар, барча мансабдор шахслардан  ўзларини қизиқтирган ҳар қандай маълумотларни, ҳужжатларни, бу ҳужжатлар давлат сири аҳамиятига эга бўлмаса, талаб қилишга, улар билан танишишга, нусхалар олишга ҳақлидирлар.

е).  Т.Ўтамуратовнинг қўлида қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган ҳужжат бўлган ҳолда, туман прокурори Ю.Розумов ва департамент бошлиғи Ж.Султанов унинг ҳаққоний талабларига жавоб беришдан бош тортиб,  конституциявий ҳуқуқ ва процессуал нормаларини инкор қилиш, милиция ва прокуратура ходимлари томонидан содир этилган, ЖКнинг 166-моддаси 2-қисми “в” банди, 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноят аломатларини яшириш мақсадида, судланувчига нисбатан асоссиз равишда ноқонуний жиноят иши қўзғатиб, ЖПК нинг 242, 249, 250-моддалари талабига хилоф равишда  қамоққа олган.

и). К.Абдуллаевнинг уйига бостириб кирган С.Жумабоев, В.Пирманов, А.Ҳолбоевларда уйга киришга ваколат берувчи чақирув қоғози ёки бошқа биронбир процессуал ҳужжатлар  бўлмаган, бундай ҳолатда ИИБ ходимларининг ҳаракатларида ЖКнинг 205, 206, 209, 219, 229, 109 -моддаларида кўрсатилган тугалланган жиноят аломатлари мавжуд.

Бундан ташқари, воқеа жойида хозир бўлган  прокуратура терговчиси Ж.Булатов ихтиёрида видеоператор –эксперт Бобир Давлатов бўла туриб, терговчининг ўз вазифасига совуққонлик билан қараши оқибатида, 2007 йил 5 июнда жиноят изларини ЖПКнинг 81-моддаси 2-қисмида кўрсатилган тартибда расмийлаштириш, воқеа жойини кўздан кечириш протоколи тузиш, жабрланувчи деб тан олинган В.Пирмановни погони узилган ҳолатда фотосурат ёки видеотасмага тушириш, далилларни ҳолислар иштирокида олиш, уларни муҳрлаш каби ЖПКнинг 160-164-моддаларида кўрсатилган процессуал ҳаракатларни амалга оширмаган ва далиллар мақбуллигини таъминламаган.

 Терговчи Ж.Булатов ўзига берилган ваколатидан четга чиқиш, суиистеъмол қилиш, ўз мансабига совуққонлик билан қараши оқибатида ўзбошимчалик билан содир этган ножўя ҳаракатлари натижасида бегуноҳ фуқаро Т.Ўтамуратовни асоссиз равишда рецидивист деб ҳақоратлаб қарор чиқариб, содир этмаган жиноятларда айблаб, процессуалҳуқуқ   нормаларини нотўғри қўллаб, биронбир юридик фактларсиз, далилий ашёларсиз, асоссиз равишда судланувчига қўшимча айб эълон қилган.

 Ж.Булатов томонидан тузилган айблов хулосаси ЖПКнинг 375-378 моддалари талабига жавоб бермайди, чунки ЖПКнинг 11,22-моддаси талаби асосида қонунийлик принципига риоя қилиш, ҳақиқатни аниқлаш, қонун устиворлигини таъминлаш ўрнига айблов хулосанинг тавсиф қисмида судланувчи содир этмаган ҳаракатларни қайтақайта такрорлаш билан чегараланган. Шунингдек, ҳимоячилар томонидан киритилган илтимоснома ва талабномалар қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилмаган ва жавоб хати берилмаган..

 Шунингдек, иш учун аҳамиятга эга бўлган ишнинг ҳақиқий ҳолатларига ойдинлик киритиш, ЖПКнинг 81-моддаси 2-қисмимда кўрсатилган талабларини бажариш, В.Пирмановга тегишли бўлган узилган погон сирти қаттиқ қоплама материалдан иборат бўлганлиги сабабли, бармоқ излари қолдиғини кимга тегишли эканлигини, ким томонидан ва қандай ҳолатда узилганлигини аниқлаш зарурияти борлигини инобатга олиб, дактиласкопия экспертизаси ўтказиш, гумондор Т.Ўтамуратовни бармоқ изи қолдиқлари билан таққослаш, содир этилган ҳаракатнинг юридик фактини исботлаш учун  экспертиза тайинланиб, хулосаси олиниб, далилий ашё сифатида иш материалларига тақдим этмаган.

Жиноят-судловда жабрланувчи сифатида сўроқ қилинган  В.Пирманов ҳақиқатдан ҳам 2007 йил 5 июн куни ҳеч қандай ҳужжатсиз К.Абдуллаевнинг уйига борганлигини, К.Абдуллаев ўзининг ҳимоячиси Т.Ўтамуратовни телефон орқали чақирганлигини, етиб келган ҳимоячи улардан чақирув қоғози (повестка) сўраганлигини, повесткасиз департаментга бормаслигини, чунки К.Абдуллаев билан эндигина прокуратурадан қайтиб келишганлигини айтганлигини, шундан сўнг ИИБ ходимлари департаментга бориб чақирув қоғози олиб келганлигини, чақирув қоғозини биттаси нотўғри тўлдирилганлиги учун уни судланувчи қайтадан ёзиб келиш кераклигини талаб қилганлигини, чунки милиция ходимлари К.Абдуллаев ва Д.Юлдошевага 2007 йил 5 июн соат 18 гача прокуратурага боришликни айтганлигини, олиб келинган повесткада 6 июн соат 11 да Ж.Султанов кабинетига боришлик кўрсатилганлиги сабабларини  тушунтириб берилишини талаб қилганлигини, шунда милиция ходимлари Т.Ўтамуратовдан уни шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва миниб келган мотоцикл учун тех.паспорт талаб қилганликлари оқибатида келишмовчилик келиб чиққанлигини, воқеа жойига ИИБ бошлиғи ўринбосари Г.Усманов, Ж.Булатов бормаганлигини тан олган бўлсада, бироқ погони қандай ҳолатда узилганлигини аниқ кўрсата олмасдан, дастлабки терговда берган кўргазмасини инкор этиб,  терговчи Ж.Булатов воқеа жойига чиқиб борган деб судда ёлғон кўргазма берган.

Суд мажлисида жабрланувчи тариқасида сўроқ қилинган С.Жумабоев В.Пирмановнинг кўргазмасига ўхшаш кўргазма бериб, берилган саволларга ким томонидан, қай ҳолатда В.Пирмановнинг погони узилганлигини кўрмаганлигини, судланувчи ҳақиқатдан ҳам улардан чақирув қоғози (повестка) талаб қилганлигини, департаментга қайтиб бориб, К.Абдуллаев ва Д.Юлдошевага повестка олиб келганларида чақирув қоғози нотўғри тўлдирилганлиги туфайли яна келишмовчилик чиққанлигини, улар ҳам Т.Ўтамуратовдан миниб келган мотоцикли ҳужжатини сўраганлигини, ҳужжати бўлмаганлиги учун жанжал кучайганлигини, кейин у наряд чақирганлигини, воқеа жойига Давлатов Бобир ва Оллоберганов Даврон келганлигини, ИИБ бошлиғи ўринбосари Г.Усманов  воқеа жойида умуман бўлмаганлигини тан олган бўлсада, лекин прокуратура терговчиси Ж.Булатов воқеа жойига келиб кўздан кечириш протоколларини тузган деб судда ёлғон кўргазма берган. 

Шунингдек, иш юзасидан гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Ҳолбоев Одил, Давлетов Бобир, Оллоберганов Даврон, Бобожонов Эргашали, Собиров Улуғбек, Серсенбаев Марленлар ҳам жабрланувчиларни юқоридаги кўргазмаларига ўхшаш гувоҳлик кўргазмаси берган бўлсада, ўзлари ички ишлар органи ходимлари бўла туриб, жиноят иши материалларини сохталаштириш, қалбакилаштиришга ёрдам бериш,  иш учун аҳамиятга эга бўлган ишнинг ҳақиқий ҳолатларини дастлабки тергов ва суд процесси давомида яшириш, касбдошларининг ғаразгўйлик мақсадларида содир этган талончилик жиноятларини хаспўшлаш учун ёлғондан иборат қарамақарши кўргазмалар беришиб, дастлабки тергов ва судни чалғитишга ҳаракат қилишган.

 Иш юзасидан  гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Саидов Пўлат милиция ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига ҳақиқий тус бериш учун ишга жалб қилинганлиги, 2007 йил 5 июн куни соат 18-30 да “ менга С.Жумабоев икки марта телефон қилди, 15-20 минутлардан кейин К.Абдуллаевнинг уйига етиб келдим, дарвозадан ичкарига кирганимда В.Пирманов билан Т.Ўтамуратовни жанжаллашиб турганлигини кўрдим, В.Пирмановни погонини ким томонидан, қачон, қандай  узилганлигини кўрмадим”, ҳимоячиларнинг “сиз воқеа жойига келганингизда дарвоза ташқарисида қандай транспорт воситасини кўрдингиз?” деб берилган саволга, “мен у ерда фақат мотоциклни кўрдим, бошқа ҳеч қандай транспорт воситаси йўқ эди”деб, судга ёлғон кўргазма берган бўлсада, худди шу пайтда милиционер А.Ҳолбоевнинг «Москвич» автомашинасини кўрмаганлиги ҳолатлари сохта гувоҳлик берганлик ҳолатини тасдиқлаб турибди.

П.Саидовнинг юқорида берган кўргазмаси ёлғон эканлигини тасдиқлаб, гувоҳлар, уй эгалари –Д.Юлдашева ва К.Абдуллаев ўз кўргазмаларида бу вақтда воқеа иштирокчилари ИИБ га олиб кетилганлиги, П.Саидовни ўз уйлари ичида ёки ташқарисида кўрмаганликларини, дарвоза ташқарисидакўчада турган мотоцикл ҳам ИИБга олиб кетилганлигини, навбатчи қисмида Т.Ўтамуратовни В.Пирманов чўнтагидаги ручкасини тортиб олиб уни боши ва қўлига урганлиги оқибатида судланувчи тан жароҳати олганлигини айтиб,  суд мажлисида кўргазма берган.

 Иш юзасидан  суд мажлисида сўроқ қилинган асосий  гувоҳ К.Абдуллаев ҳақиқатдан ҳам 2007 йил 5 июн куни соат 17 лар чамаси эндигина прокуратурадан қайтиб келганлигини, шу вақтда милиция ходимлари С.Жумабоев ва В.Пирмановлар кириб келиб, уни прокуратурага олиб кетмоқчи эканликларини айтганлигини, у ҳозиргина ўша ердан қайтиб келганлигини, уларни Ж.Султанов, Ю.Розумовлар қабул қилмаганлигини, у милиция ходимларидан чақирув қоғози талаб қилганлигини, кейин ҳимоячи Т.Ўтамуратовни телефон орқали чақирганлигини, у ҳам тезда етиб келиб, қўлидаги ишончномани кўрсатиб, улардан  повестка талаб қилганлигини,  милиция ходимлари қайтиб кетиб, повестка билан келганликларини, Т.Ўтамуратов повесткалардан бири нотўғри тўлдирилганлиги учун уни қайта ёздириб келиши кераклигини айтганлигини, шунда милиция ходимлари жанжал чиқариш мақсадида ҳимоячи миниб келган мотоцикл ва ўзининг ҳужжатларини кўрсатишни талаб қилганликларини, кейин мотоциклни олиб кетмоқчи бўлганликларини, Т.Ўтамуратов мотоциклни бермайман деганида унинг қўлларини қайириб,  куч ишлатиб, ўзини ҳам олиб кетмоқчи бўлганликларини,  шу вақтда С.Жумабоев телефон орқали қўшимча наряд чақирганлигини, шунда Б.Давлетов ва Д.Оллобергановлар келганлигини, бўлиб ўтган воқеалар ховли ичида бўлганлигини, шундан сўнг улар машинага ўтириб, Т.Ўтамуратовни олиб кетганликларини, воқеа пайтида бошқа ҳеч ким иштирок этмаганлигини, Т.Ўтамуратов ҳеч кимни ҳақорат қилиб урмаганлигини, В.Пирмановни погонини узмаганлигини, ИИБга  тахминан 18-30 да олиб келишганлигини айтиб,   судда кўргазма берган.

Воқеа юзасидан адвокатнинг “жанжал вақтида унинг уйига махалла раиси ва терговчи Ж.Булатов келганми” деб берган саволига, “йўқ, бизларни ИИБга олиб кетишгунча, терговчи Ж.Булатов ва домком П.Саидов воқеа жойига келмаган эди” деб дастлабки тергов ва судга кўргазма берган.

Иш юзасидан дастлабки терговда  сўроқ қилинган гувоҳ Д.Юлдашева турмуш ўртоғи К.Абдуллаевнинг кўргазмаларини тасдиқлаб, 2007 йил  5 июн куни соат 17-30 ларда уларнинг уйига профилактика нозирлари С.Жумабоев ва В.Пирмановлар кириб келганлигини, улар ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмасдан прокуратурага олиб кетмоқчи эканликларини, унинг эри К.Абдуллаев бир соат олдин прокуратурада ўзининг ҳимоячиси Т.Ўтамуратов билан бирга бўлганлигини, кейин ҳимоячиси Т.Ўтамуратовга телефон қилиб уни чақирганлигини, у тезда етиб келганлигини, милиция ходимларидан чақирув қоғози талаб қилганлигини ва бир соат олдин прокуратурадан қайтиб келганлигини айтганлигини, милиция ходимлари қайтиб кетиб повестка билан келганлигини, повесткада 6 июн соат 11 да деб кўрсатилган бўлсада, милиция ходимлари 5 июн соат 18  да борасан деб талаб қилаётганликларини тушунтириб беришликни сўраган вақтида улар ҳам Т.Ўтамуратовдан мотоцикл ҳужжати ва ўзининг паспортини талаб қилиб, қасддан жанжал чиқариб, ҳақорат қилиб, уриб, наряд чақириб, ИИБ га олиб кетганликларини, у   ерда В.Пирманов Т.Ўтамуратовнинг чўнтагидаги ручкасини тортиб олиб, “шу ёзадиган ручкангни орқангга тиқиб оламан” деб бир неча марта ҳақоратлаб урганлигини, кўкрагидан итариб юборганлигини, уларнингг уйида Т.Ўтамуратов В.Пирмановни урмаганлигини, ҳақоратламаганлигини,  погони юлинмаганлигини айтиб судда кўргазма берган бўлсада, Ж.Булатовнинг жиноят ишини сохталаштириши оқибатида, иш учун аҳамиятга эга бўлган асосий гувоҳ Д.Юлдашева иш юзасидан жиноят иши материалларида ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ойдинлаштириш учун бевосита иштирокчиси бўлган гувоҳ сифатида кўрсатилмаган.

Амударё тумани департаменти бошлиғи Ж.Султанов иш юзасидан дастлабки тергов ва жиноят-судлов процессида берган кўргазмасида, у ўз соҳасининг мутахассиси эмаслиги, саводсизлиги, юриспруденцияни чуқур тушуниб етмаслиги, қонунларимизни менсимаслиги, ўз мансабига нолойиқ эканлиги кўриниб турибди . (Дастлабки терговда ва суд мажлисида берган кўргазмасининг стенограммаси ҳуқуқий баҳо беришлик учун суд хайъатига илова қилинади) 

Иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар ЎзР Конституцияси 15-моддаси, ЖПКнинг 11, 22, 23-моддалари талаби асосида қонун устиворлигини таъминлаш,  қонунийлик принципларига амал  қилиш, ҳақиқатни аниқлаш, айбсизлик презумпциясини сўзсиз тан олиниши принципларига кўра, айбсиз фуқарони суд залидан озодликка чиқарилиши, маъсул мансабдор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан содир этилган жиноий ҳаракатларига қонунда белгиланган тартибда суднинг хусусий ажрими чиқарилиб, жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун юқори турувчи прокурорга жўнатилиши шарт.

Бундай ноқонуний ҳаракатлар терговчи ва прокурор томонидан ишни сохталаштириш, қалбакилаштириш, ўзлари содир этган жиноий ҳаракатларни яшириш, ЖПКнинг 11, 22-моддасида кўрсатилган талабини қўпол равишда бузиш,  ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида бегуноҳ фуқароларни қамаш, қонунчилигимизни менсимаслиги натижасида давлатимиз рахбари олиб бораётган оқилона сиёсатига путур етказиш аҳоли ўртасида қонун устиворлигига ишончсизлик ҳиссиётини уйғотади.

Юртбошимиз И.А.Каримов қайтақайта таъкидлаганидек,“ оддий фуқаро ўз ҳуқуқларини билмаслиги оқибатида қонун бузилишларига йўл қўйса уни кечириш мумкиндир, аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги маъсул мансабдор шахслар била туриб қонун бузилишига йўл қўйсалар, буни асло кечириб бўлмайди. Чунки бу ҳолат аҳоли ўртасида қонунларимиз устиворлигига ишончсизлик ҳиссиётини уйғотади ва кўп ҳолларда тузатиб бўлмайдиган вазиятларни келтириб чиқариши мумкин лигини мутасадди мансабдор шахслар эсдан чиқармасликлари керак. 

Судланувчи Т.Ўтамуратовга нисбатан қўйилган айблар қуйидагиларга асосланиб бекор қилиниши, иш материалларига тақдим этилган далилий ашёлар ЖПКнинг 81-моддаси 2-қисми, шу Кодекснинг 82-моддаси талаби асосида айблаш учун асос бўла олмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабр 17-сонли Қарори 16, 17, 18- бандларида кўрсатилган  талабларига жавоб бермаслиги, ЖПКнинг 23, 83-моддаси 1,2,3-қисмида кўрсатилган талаблари асосида реабилитация қилиниши, маъсул мансабдор шахслар ўзлари содир  этган жиноий ҳаракатларини яшириш оқибатида ЎзР Конституциясининг 15 та моддаси, ЖПКнинг 73 та моддаси талабларини қўпол равишда бузиб, бегуноҳ фуқаро Т.Ўтамуратов уч ойдан кўпроқ вақт давомида асосиз қамоқда сақланаётганлигини эътиборга олиб, унга нисбатан   Ўз.Рес.ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми, 227-моддаси 2-қисми “а” банди, 236-моддаси 2-қисми, 277-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари  билан айбланиши қуйидаги юридик фактларга асосланиб бекор қилиниши  ШАРТ. 

 а).  ЎзР ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми жиноятни квалификация қилиш диспозициясида қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга нисбатан фаол қаршилик кўрсатиш, қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш деб малакаланади.

Т.Ўтамуратовнинг ҳаракатида  ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисми, 50, 53-моддасида кўрсатилган конституциявий ҳуқуқ нормаларига ва фуқаровий бурчини бажараётган шахс мақомини берувчи ҳимоячиқонуний вакил” статусига эга бўла туриб, милиция ходимларининг саводсизлиги, қонунчилигимизни билмаслиги оқибатида К.Абдуллаевнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонуний ҳуқуқларини менсимасдан, унга нисбатан зўровонлик, ҳақоратлаш, калтаклаш каби жиноятларни содир этиб, Т.Ўтамуратовни фуқаровий бурчини бажариш имкониятидан мажбурлаб махрум қилишган.

Терговчи Ж.Булатов ва прокурор Ю.Розумовларнинг саводсизлиги, қонунчилигимизни билмаслиги, юридик терминларни тушуниб етмаслиги оқибатида  ЖКнинг 219-моддаси 2-қисмини нотўғри қўлланилган, чунки судланувчи Т.Ўтамуратовнинг қўлида   фуқаровий бурчини бажараётган шахс мақомини берувчи ҳужжат бўлиб, аксинча милиция ходимлари қўлида фуқаронинг уйига киришлик учун ҳеч қандай конституциявий хукук ва процессуал ҳужжатлар бўлмаган.

б) ЎзР ЖКнинг 227-моддаси 2-қисми “а” банди жиноятни квалификация қилиш диспозициясида корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларнинг қатъий хисобидаги ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкларни эгаллаш, шунингдек уларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилган бўлса ёхуд шундай ҳаракатлар паспорт, харбий билет ёки бошқа мухим шахсий ҳужжатларга нисбатан содир этилган бўлса, ўша ҳаракатлар ўта мухим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларга нисбатан содир этилган бўлса деб кўрсатилган.

Лекин чақирув қоғози ЎзР  Конституцияси, ЖПКнинг талаби асосида “ўта мухим ҳужжатлар” тоифасига кирмайди, чақирув қоғозини олиш ёки олмаслик тугалланган жиноят таркибини келтириб чиқармайди, фуқароларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди, айблов қисмининг “ўта мухим” ҳужжат деб терговчи Ж.Булатов томонидан кўрсатилиши мутлоқо асоссиз бўлиб, унинг саводсизлиги, юриспруденцияни билмаслиги, қонунчилигимизни ҳурмат қилмаслиги оқибатида пайдо бўлган сохта айбловдан бошқа нарса эмас.

Айблов қисмида чақирув қоғозини “ўта мухим ҳужжат лар тоифасига киритилиши Ж.Булатовнинг гриф –махфийлик ҳужжатларни фарқига бормаслиги, қонунда белгиланган тартибда махфий ҳужжатлар нималардан иборат эканлигини тушунмаслиги оқибатида сунъий равишда ўйлаб топилган субъектив айблов тушунчасидан бошқа нарса эмас. 

в) ЎзР ЖКнинг 236-моддаси 2-қисми жиноятни квалификация қилиш диспозициясида тергов қилишга ёки суд ишларини хал этишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама, тўла ва ҳолисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга ёхуд адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса,  деб кўрсатилган.

Лекин судланувчи Т.Ўтамуратов айблов хулосасида кўрсатилганидек мансабдор шахс ёки рецидивист эмас, бу ҳақида ЖКнинг 34-моддаси талаби асосида суд томонидан рецидив деб тан олинмаган, чунки иш материалларида бундай юридик фактларнинг мавжуд эмаслиги, судланувчи муқаддам ноҳақ судланганлиги сабабли, Т.Ўтамуратовга нисбатан чиқарилган суднинг барча ҳукм ва ажримлари ЎзР Бош прокурори ва Олий Суд томонидан бекор қилинганлиги тўғрисидаги далилий ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо беришлик учун далилий ашё сифатида суд муҳокамасига тақдим этилди.

ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисми, 50, 53-моддалари талаби асосида конституциявий процессуал ҳуқуққа эга бўлиб, милиция ва департамент ходимлари томонидан ноқонуний содир этилаётган жиноятларни олдини олиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўзининг фуқаровий бурчини бажариш  юзасидан амалга ошираётган ҳаракатини” бир гурух ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жойлашиб олган уюшган жиноятчилар, прокурор Ю.Розумов, департамент бошлиғи Ж.Султанов, терговчи Ж.Булатов, ИИБ бошлиғи ўринбосари Г.Усманов, профилактика нозирлари М.Серсенбаев, С.Жумабоев, В.Пирманов каби нопок кимсаларнинг ножўя ҳаракатларини яшириш учун терговчи Ж.Булатов “суриштирув ва тергов ишига тўсқинлик қилди”  деб сохта ҳужжатлар тўплаш йўли билан айблаб,  содир этилган жиноят тушунчасини нотўғри квалификация қилган.

Қонун устиворлигини таъминлаш ва нихоят президентимиз И.А.Каримовнинг “фуқаролар ўз ҳуқуқларини билишлари, уни ўзлари ҳимоя қила олишни қачон ўрганади, буни уларга ким ўргатади” деган чақириғига нисбатан, Амударё тумани ИИБ ва прокуратураси ходимлари томонидан халқни талаш, қамаб қўйиш билан қўрқитиш, таъмагирлик қилиш, зўровонлик ўтказиш, калтаклаш каби  салбий хаттиҳаракатлар содир этиш йўли билан давлатчилигимиз, конституциямиз ва президентимиз олиб бораётган оқилона  сиёсатига путур етказиш мақсадида, содир этаётган қонунбузарликларига  одил суд томонидан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиб, уларга нисбатан етарлича ҳуқуқий баҳо берилиши зарур, чунки:

– юқорида кўрсатилган маъсул мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига ўз вақтида суд томонидан чек қўйилмаса, тўхтатилмаса, мамлакатимиз келажаги учун оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин;

– мамлакатимиз юртбошиси таъкидлаганидек, “одамлар очликка, мухтожликка чидаши мумкин, лекин адолатсизликка асло чидай олмайдилар”;

– адолат ўрнатиши керак бўлган мутасадди мансабдор шахслар адолатсизликка йўл қўйсалар, бундай ҳолатни асло кечириб бўлмайди.

г) ЎзР ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари  жиноятни квалификация қилиш диспозициясида безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш, дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш жиддий зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатини олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган жиноятлар тоифасига киради.

Бўлиб ўтган воқеалар жамоат жойи ҳисобланган кўча, майдон, жамоатчилик транспорти,  стадион, театр, тротуар, парк ва хиёбонлар, яъни жамоатчилик кўп миқдорда тўпланадиган жойлар хисобланади, шу жойларда содир этилган безорилик жиноятлари ЖКнинг 277-моддаси билан малакаланади..

Судланувчи Т.Ўтамуратовнинг ҳаракатларида бундай жиноят аломатлари мавжуд эмас, чунки у ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисми, 50, 53-моддалари талаби асосида ўзига берилган ваколат доирасида процессуал ҳуқуқ нормаларини амалга ошираётган пайтда, бир гурух ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини хаспўшлаш, яшириш, жавобгарлик масаласидан қочиш мақсадида, жиноят иши материалларини сохталаштириш йўли билан судланувчи Т.Ўтамуратовни қонуний талабларини инкор этиб, жабрланувчи К.Абдуллаев оиласига  тегишли бўлган моддий бойликларни талончилик йўли билан ЖКнинг 166-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган (уй-жойга, омборхонага ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириш) каби тугалланган жиноят аломатларини содир этган.  

Ҳурматли раислик этувчи! 

Юқорида кўрсатилган  юридик процессуал фактларга асосланиб: 

а)  Судланувчи Т.Ўтамуратовнинг ҳаракатларида ЎзР ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми , 227-моддаси 2-қисми “а”банди, 236-моддаси 2-қисми, 277-моддаси 3-қисми “г”бандида кўрсатилган жиноят аломатларини содир этмаганлиги дастлабки тергов ва жиноят-судлов процессида ўз исботини топганлиги, жиноят иши материаллари сохталаштирилганлиги, 2007 йил 5 июндан ноқонуний хибсга олиниб уч кун муддатда процессуал ҳужжатларсиз қамоқда сақланганлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи маъсул мансабдор шахслар томонидан Т.Ўтамуратовга нисбатан қасддан ЖКнинг 230, 234-моддаларида кўрсатилган тугалланган жиноят аломатларини содир этилганлиги сабабли, ЎзР Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабр 17-сонли “Судлар тўғрисида”ги Қарорини 17-моддаси талабига кўра, суд хатолигига йўл қўймаслик учун ЖПКнинг 455-моддаси талаби асосида одил суднинг ҳукми билан судланувчи Т.Ўтамуратовга нисбатан    ЖПКнинг 83-моддаси 2,3 қисми қўлланилиб, зудлик билан суд залидан озод қилинишини;

б) Жиноят иши юзасидан жабрланувчи деб тан олинган В.Пирмановни погони узилганлиги тўғрисидаги фактлар қонунда кўрсатилган тартибда расмийлаштирилмасдан, қарор қисмида Т.Ўтамуратов томонидан погонини узганлик тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмасдан, милиция ходимларининг жиноятни яшириш, ҳужжатларни қалбакилаштириш оқибатида ўйлаб топилган субъектив тушунчадан бошқа нарса эмаслиги суд мажлисида ўз исботини топганлиги сабабли, В.Пирмановга нисбатан суднинг хусусий ажрими чиқарилиб, ЎзР ЖКнинг 205. 206, 109, 219, 229-моддаларида кўрсатилган тугалланган жиноят аломатларини содир этганлиги учун жиноят иши қўзғатилишини;

в) ИИБ ходимлари М.Серсенбаев, С.Жумабоев, В.Пирманов, Г.Усманов, туман прокурори Ю.Розумов, терговчи Ж.Булатов, департамент бошлииғи Ж.Султановларниг ҳаракатларида ЎзР ЖКнинг 205-209, 219, 229-моддаларида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли ҳамда  жиноятни квалификация қилиш диспозицияси махсус қисмида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдор шахсларига нисбатан ЎзР ЖКнинг  230, 234-моддаларида  кўрсатилган тугалланган жиноят аломатларини содир этганлиги учун уларга нисбатан ЎзР Конституциясининг 2-моддасига асосан одил суднинг хусусий ажрими чиқарилиб, жиноят иши қўзғатиш учун юқори турувчи прокурорга жўнатилишини талаб қиламиз.

Ҳурматли раислик этувчи!

ЖПКнинг 11, 22, 23, 455, 464-моддалари талаби  асосида одилона ҳукм чиқаришингизни Сизга таклиф қиламиз, чунки судланувчи Т.Ўтамуратов юқорида кўрсатилган жиноятларни биронтасини содир этмаган, унинг ҳаракатларида тугалланган жиноят аломатлари мавжуд эмас.

 

Ҳимоячилар:

 

В.Карабаев 

А.Турғунов  

Р.Ўтамуратова  

 

07.09.2007 йил

 

УИХЖдан:  Шундай қилиб, «Билдиришнома»нинг 1-қисмида айтилганидек, мустақиллик йилларининг ўзбек «одил суди» ўзига, тўғрироғи, ўз анъаналарига содиқ қолди: иши судгача етиб келган одам сўзсиз айбдор, ҳокимият одамлари – беайб. 1995 йил 30 августда Олий Мажлис сессиясида сўзлаган И.Каримов ўз нутқининг катта қисмини суд системасининг демократик ислоҳотига бағишлаганди. Унинг нутқини эшитган ҳар қандай одам таажжубланмасдан иложи йўқ эди: гўёки нутқни ўта демократик Европа мамлакатининг раҳбари сўзлаётгандай эди. Мазкур нутққа маълумот тўплаб берган мутахассислар орасида бўлган Тошкентнинг «Ўрда»сида жойлашган адвокатура раҳбари Сергей Владимировичнинг айтишича, ўша “машҳур” нутқдан олдинги бир йил ичида республикада 60.000 га яқин суд мажлислари бўлиб ўтган ва шу судларда 30 одам оқланган. Бироқ прокуратуранинг протести билан оқланганларнинг 29 таси қамалиб кетган, яъни бир йил давомида мамлакатда фақат битта одам оқланган, холос. Бундай ҳолат мамлакатда суд ва ҳуқуқтартибот органлари фақат битта функцияни бажарувчи орган, яъни жазоловчи органга айлантирилган, уларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат иккинчи ва асосий функцияси тамоман ишламайдиган даражага келтирилган ҳолатда юзага келади. Барча авторитар ва тоталитар сиёсий тузумларда прокуратура, полиция (милиция), махсус хизматлар ва суд системаси жазоловчи органларга айлантирилади. Сиёсий тузум шу йўл билан халқни тобъеликда ушлаб туради ва ўз умрини чўзади.

 

Қамаш кўламининг юқорилиги авторитар (тоталитар) тузумнинг халқни эзадиган ягона қурол эмас. Жазоловчи суд ва ҳуқуқтартибот системаси давлат идораларида сўзсиз юқори даражадаги коррупция ва бошқа ижтимоий иллатларни ривожлантиради, яъни бу органлар корпоратив манфаат йўлида бирлашадилар, бир-бирларини қўллабқувватлайдилар. Бу – халқда иложсизлик рўҳини келтириб чиқаради. Турсунбой Ўтамуратовнинг ишида бу белгилар яққол кўриниб турибди.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s