ФАРРУХ ВОҚЕЛИГИ: МИСИ ЧИҚҚАН СИРЛИ ХАТ ВА УНИНГ САБОҚЛАРИ

МИСИ ЧИҚҚАН СИРЛИ ХАТ ВА УНИНГ САБОҚЛАРИ

 

Ўқувчиларимиз эътиборларига ҳавола қилинган биринчи мақоламиз Фаррухнинг уйига келган хатда яна нима гаплар бор экан, деган савол билан якунланган эди. Бугунги сўзимизни шу саволга жавоб беришдан бошлаймиз. Яхшиси, у сирли хатда нима гаплар борлигини ўзингиз ўкиб кўриб била қолинг.

 

Минг марта эшитгандан кўра бир марта кўрган яхши. Сизнинг эътиборингизга «Фаррух»нинг хатини ҳам асл нусхасидан олинган суратини, ҳам компютерга терилган ҳолдагисини ҳавола қиламиз. Қайси бирини хоҳласангиз, ўшанисини ўқийсиз. Ундан кейин бу воқеалар хусусида биргаликда мушоҳада юритамиз. Мана бу «Фаррух» юборган хатнинг компютерга терилгани:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Оламлар парвардигори Аллоҳга беҳад ҳамду-санолар бўлсинким, сарвари олам Муҳаммад алайхи солату ва саламга мукаммал дуруду-саловотлар ва уларнинг аҳли аёлларига ва саҳобаи-киромларига ҳамда у кишига яхшилик билан эргашган мўъмину-муслималарга Аллоҳнинг розилиги ва раҳмати бўлсин.

 

Ассалому алайкум азиз Равшан акам! Соғликларингиз яхшими, адам, опам, кенойим, жиянлар, ўғлим Абдуллоҳ, Зухра, Бахтиёр акам ва қолганлар ҳаммалиги соғ-омонми?

 

Мендан жуда хавотир олятганингизни Аллоҳ гувоҳ, ўзим сезиб-билиб турибман. Мени кечиришингизни сўрайман. Нима қилган бўлсам, Аллоҳ учун тўғри қиляпман, деб биламан. Биз мусулмонлар куфр тузумини мусулмонларга нисбатан олиб бораётган ҳаракатлари натижасида кўзлаган буюк ишларимизни амалга ошириш учун ҳижратга чиқиб кетдик.

 

Шундай қилишдан бошқа иложимиз ҳам йўқ эди. Чунки эртами-кечми золимлар қўлига тушишимиз ва Аллоҳ йўлида амалга оширмоқчи бўлган ишларимизни рўёбга чиқара олмас эдик. Мен билан сиз санайдиган дўстим Оқил ва Обид Қори аканинг тўнгич ўғиллари Хусниддин бирга. Шу кунгача хабар бера олмаганимизнинг сабаби йўлда имконият бўлмади ва вазият шуни тақозо этди. Бизлар узоқ йўл юрганимиздан сўнг нихоят манзилга етиб олдик.

 

Бу ерда Ўзбекистондан кўплаб биродарлар бор экан. Бугун тақсир билан учрашиб, Аллоҳ йўлида қиладиган ишларимизни гаплашиб олдик. Мен билан Оқил бошқа жойга борадиган бўлдик. Етиб борганимиздан сўнг биродарлардан манзилимизни хабар қиламиз. Келган жойимизда Қори аканинг кўплаб шогирдлари бор экан. Улар Хусниддинни шу жойда олиб қолишга кўндиришди.

 

Лозим топсангиз уларнинг оиласига бу хабарни етказиб қўйинг. Бу жойда хат юбориш жуда мушкул ва тақиқланган. Оқил бу жойдаги таниши орқали хат юборган эди. Эшитишимизча, чегарада қўлга тушган эмиш. Равшан ака! Менинг бу ҳаракатларимни тўғри тушуниб, уйдагиларга менинг йўқлигимни билдирмасликка ҳаракат қиласиз деган умиддаман.

 

Аллоҳдан Сизларга Ҳақ йўлда мустаҳкам-собит ва чиройли сабр тилаб қолувчи жигарингиз Фаррух!

 

* * *

Мана бу ерда эса хатнинг асл қўлёзма нусхасидан суратга олинган кўриниши билан танишишингиз мумкин:

ФАРРУХДАН КЕЛГАН ШУБҲАЛИ МАКТУБ

* * *

Хатнинг мазмуни ҳақида фикр юритадиган бўлсак, шуни айтишимиз лозимки, синчиқлаб ўкиган одам албатта бу хатнинг ёвуз кишилар томонидан тайёрланганига иқрор бўлади. Келинг, ундаги айрим жумлаларга биргаликда қайтадан назар солайлик:

 

«Биз мусулмонлар куфр тузумини мусулмонларга нисбатан олиб бораётган ҳаракатлари натижасида кўзлаган буюк ишларимизни амалга ошириш учун ҳижратга чиқиб кетдик»… Жумла тузилишидаги грамматик ва стилистик хатоларни бир четга суриб турганимизда ҳам, мантиқ жиҳатига аҳамият қаратсак, ушбу хат мазмунан жуда қуруқ бўлиб чиққанини кўрамиз. Бу билан хат ушбу сценарийни ёзган кимсаларнинг савия ва фаросатидан далолат берувчи кўзгуга айланиб қолган.

 

Ҳақиқатда, зулм ҳар қанча кучаяётган бўлса ҳам, бу мусулмон йигитларнинг ҳижратга чиқиб кетмасликлари маълум бўлган эди. Шуни англаб етгандан кейин МХХ уларни ўғирлаб кетишга қарор қилганлиги тушунарлидир. Чунки бундай мусулмон ёшларнинг ўз тирикчиликлари билан машғул бўлиб, фақат тинч ибодат қилиб юришларининг ўзи МХХ учун ёқимсиз нарса бўлган.

 

Ароқ ичмаса, сигарет чекмаса, ҳаром йўлга юрмаса, намозини ўз вақтида, тағин масжидда ўқишга ҳаракат қилса, аёли хижобда бўлса, мана шунинг ўзи МХХ учун экстремизм ва ваҳҳобийлик эди. Бунинг устига бундай намозхон ва илмли йигитларнинг МХХ ёки ИИВга «қулоқ» эмаслиги ҳам чидаб бўлмас ҳолат эди.

 

«Мен билан сиз санайдиган дўстим Оқил ва Обид Қори аканинг тўнғич ўғиллари Хусниддин бирга».

 

Фаррухга бу жумлани айтиб туриб ёздирганлар йўқолган мусулмонларнинг ҳаммалари бир ерда, МХХнинг қўлида эканликларини билдириб қўйибдилар. Алҳамдулиллоҳ. Биродарларимизнинг дараклари чиқди, десак бўлади. Улар битта хонада бўлмасалар ҳам, ҳаммалари «Мустақиллик» майдонига яқин жойлашган мустахкам бинонинг ичида эканликлари аниқ!

 

Аллоҳ Қуръонда маккор кофирлар ҳақида айтади: «Улар албатта хийла қиладилар, Мен ҳам «хийла» қиламан. Бас, кофирларга муҳлат беринг, уларни озгина ташлаб қўйинг». («Ториқ» сураси, 15, 16, 17-оятлар). Ҳа, ўтаётган вақт иймонсиз кофирларнинг макрлари фош бўлиши учундир.

 

«Бугун тақсир билан учрашиб, Аллоҳ йўлида қиладиган ишларимизни гаплашиб олдик». «Тақсир» ким бўлди экан? МХХ ўзича ниҳоятда усталик қилганидан хурсанд бўлаётгандир. Мусулмонларнинг ўзи: «»Тақсир» Обидхон Қори-да», деб айтиб юборади, биз эса мана ўзларидан чиқди бу гап деб, шу еридан ушлаб оламиз, дея умид қилиб ётгандир.

 

Бироқ ўзбек махфий хизмати мусулмонларга қарши олиб бораётган қатағонларнинг бугунги босқичида «иш»нинг марказига Обидхон Қорини нишон қилиб қўйиб олиб, ҳаракат қилаётгани анчадан бери кўриниб турибди. Бўлмаса, нима учун хат муаллифлари Абдували Қори ёки Тоҳир Йўлдош билан учрашдик, деб қўя қолишмабди? Гап шундаки, Абдували Қори МХХнинг қўлида. Ҳукумат бу томондан хотиржам. Тоҳир Йўлдошдан ҳам энди хавфсирамаса бўлади. Аммо МХХ Обидхон Қори ҳақида ҳали ҳам тинмасдан бош қотираётганини ошкор қилмоқда.

 

Диктатор ҳукумат учун қуролли жангчилардан кўра қуролсиз, аммо иймонли аҳли илмлар хавфлидир. Ўткинчи ва ёлғончи сиёсатлардан Аллоҳнинг абадий ҳақ калимасини устун қўя оладиган довюрак имомлар, талабалар, ҳатто оддий мўминлар Каримов учун қўрқинчлироқдир.

 

«Мен билан Оқил бошқа жойга борадиган бўлдик. Етиб борганимиздан сўнг биродарлардан манзилимизни хабар қиламиз». Аллоҳ асрасин. Нияти бузуқ «чекист»лар ифлос режасининг энг ёмон нуқтаси мана шу ерга жойлаштирилган. «Фаррух» айтаётган «бошқа жой» – Тошкент. «Аллоҳ йўлида қилинадиган ишлар» ёки етиб боргандан сўнг бериладиган «хабар» – «ўзини портлатиш!»

 

«Ёмон макр фақат ўз эгасининг устига тушади! (Макр қилувчилар) ўзларидан аввал ўтганлар дучор бўлган қонунни кутиб турибдилар. Бас, ҳеч қачон Аллоҳнинг қонуни алмашганини кўрмассиз. Ҳеч қачон Аллоҳнинг қонуни ўзгарганини ҳам кўрмассиз!» («Фотир» сураси, 43-оят).

 

«Алмашмайдиган ва ўзгармайдиган қонун шуки, ҳар қандай зулмкор, қайсар ва бандалар устидан кибрланиб катталик қиладиган кимсага Аллоҳнинг азоби келиши, ундан Аллоҳнинг неъматлари тортиб олиниши аниқдир. Бас, бундай кишилар аввалгиларга келган балоларни кутиб турсинлар». (Саъдий тафсири).

 

Бу оятлар мазлум дўстларимизни макр-хийлалар қурбонига айлантирмоқчи бўлаётган бугунги Аллоҳ душманлари учун ҳам тегишли экани шўбҳасиздир.

«Фаррух» яна ёзади: «Келган жойимизда Қори аканинг кўплаб шогирдлари бор экан. Улар Хусниддинни шу жойда олиб қолишга кўндиришди». Демак, МХХчилар Қори аканинг ўғиллари Хусниддин учун нима ҳукм ўқиганларини ҳали маълум қилишмоқчи эмас.

 

* * *

Шўбҳа ва миш-мишлар тарқатиш, омманинг эътиборини чалғитиб, алдаб юриш МХХ каби махфий идораларнинг «туғма касали» ва асосий ҳунари саналади. Бу кимсалар ва уларнинг буйруғини бажарадиганлар юқоридаги ходисалар юз бериши олдидан ҳам ғаройиб ҳаракатлар бошлашган эди.

 

Хусниддининг онаси М.Насриддинованинг айтишича, ўғиллари йўқолишидан бир ҳафтача аввал уй атрофида сезиларли кузатувлар бўлган. Шўбҳали машиналар ва одамлар айланиб юришган. Милиция ходимлари эса уйга келиб ёзув-чизувлар қилишган. Мунира опадан Хусниддиннинг оиласи, болалари ҳақида, қаерда ишлаши, намозга қайси масжидга бориши ҳақида сўраб-суриштиришган ва ҳаммасини ёзиб олишган.

 

Қўшниларидан эса Хусниддиннинг соат нечада уйдан чиқиши, қанақа қийиниб юриши, соат нечада уйга келиши, ҳатто кўчага неча марта чиқиши ҳақида ҳам сўраб, ёзиб кетишган. Хусниддин бир пайтлар таҳсил олган Ислом институтига ҳам бориб суриштиришган.

 

Хусниддин йўқолгандан кейин эса айнан шу ички ишлар ходимлари ва МХХчилар «булар ўғилларини ўзи қочириб юборди» деб гап тарқатишмоқда. Бу гапга баъзи соддадил кишилар ишонгандай ҳам бўлишди. Бунга ўхшаган воқеалар бошқа йўқолган мусулмонларнинг оила аъзолари томонидан ҳам тилга олинмоқда.

Фаррух, Оқил ва Хусниддинлар йўқолмасларидан, олдиндан ўзларининг яқин кишиларига ўз хавотирларини изхор қилиб юришган.

 

Буни биз уларнинг яқинлари билан бўлган суҳбатлар асносида билдик. Ўз навбатида уларнинг яқинлари ҳам қўрқув ичида яшар эдилар. Фаррухнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам энг яқин маслахатчилари ва сирдошлари ота-оналари ва турмуш ўртоқлари бўлишган эди. Жуда кўпчилик қатори бу йигитлар ҳам ўз яқинларига бугунги вазиятдан чўчиб туришларини, аммо бу ҳолатлар ичида Аллоҳ учун сабр қилиб яшашларини айтиб келишган.

 

Нафақат улар, балки уларнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқлари ҳам улар ҳақида ташвиш чекар эдилар. Аммо бу хатарлар уларнинг иродаларига асло таъсир қилмаган. Бу биродарларнинг Аллоҳга бўлган иймонлари, ота-она ва оилага бўлган муҳаббатлари юртни ташлаб, узоқроққа кетишга ҳеч ҳам йўл қўймас эди. Душман уларнинг мана шу фазилатларини суиистеъмол қилди.

 

Қариндошларнинг таъкидлашларича, дунёга машҳур Мадина университетини битириб қайтган икки йигит МХХ ҳеч қачон уларни назоратсиз ташлаб қўймаслигини яхши хис қилишар, шунинг учун ҳам унинг ғазабини кўзғайдиган бирор иш қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиб юришар эди.

 

Хусниддин ҳам ўз отаси учун ҳукумат албатта ўч олиш пайида юрганини яхши тушунар эди. Унинг онаси ва кекса бува-бувилари ҳам оиланинг бирдан-бир суянчиғи ва боқувчиси бўлиб қолган Хусниддин ҳақида доимий хавотирда яшар эдилар. Ҳижрат қилиб узоқроққа чиқиб кетиш ҳақида оилада гап ҳам бўлмас, бу ҳақда ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмас эди.

 

Айтгандай, юрт ичида бир неча йиллардан бери яшириниб яшаётган мусулмонларнинг тақдирини шу ўринда мисол қилиб келтириш мумкин. Мана, улардан бир нечалари президентнинг вақтинчалик ва ёлғон авфидан фойдаланиб, ишларини «тўғрилаб» олишди. Ёлғон деганимизнинг боиси – иши тўғриланганларнинг анча-мунчалари яна ҳар хил арзимас баҳоналар билан қайтадан қамоққа олиндилар. Мусулмонларнинг пулини еб, «ишини тўғрилаган» ҳаромхўр МХХ ва ИИВ ходимлари эса ҳеч нарсага жавоб бермас эканлар.

 

Эътиборни тортадиган масала шуки, мана шунақа кимдир яшириниб, кимдир қамалиб, кимдир қувилиб, кимдир ўлдирилиб, кимдир ўғирланиб турса ҳам, ҳеч ким ўз уйини, ватанини осонликча ташлаб кета олмас экан. Уйим, жойим, болам-чақам деган тушунча кўп инсонларнинг тузоққа тушиб қолишларига сабаб бўлар экан. МХХ ўғирлаган мусулмонларнинг ҳам қисматлари шу жихатдан бир-бирига ўхшаб кетади.

 

Улар диним, иймоним, ватаним, уйим, ота-онам, оилам, бола-чақам деб шу мусибатга рўбарў бўлдилар. Энг асосийси – улар Аллоҳ йўлида тинч ибодат қилиб юрган ҳалол инсонлар эдилар. Золим ҳукумат уларнинг мана шу олий туйғуларини ўйин қилиб, ўз нафсини қондирмоқда, холос. Аллоҳ мазлум дўстларимизга сабр берсин.

 

* * *

Ҳодисалар силсиласини ўрганиш асносида туғилган хулоса шуки, МХХ ўз режасига кўра аввал қўрқитиб кўриш босқичини амалга оширган. Унинг мансабдорлари орасида мана бундай сўҳбат бўлганини тахмин қилиш мумкин: «Агар бу йигитлар атайлабдан ва устма-уст уюштирадиган текширишларимиздан қўрқиб ҳижратга чиқиб кетса, яхши. Бунақа такводорлардан қутуламиз. Бўлмаса, булар учун ўзимиз «ҳижрат» уюштирамиз ва қочиб кетди деб гап тарқатамиз. Кейин эса уларнинг белига камар боғлаб, ўзларига «Аллоҳ йўлидаги ишларни қилдирамиз!»

 

Бироқ

 

Бундай пасткаш хийла-тадбирларни уюштираётган разил кимсалар қанчалик ярамас ишларни қилмасинлар, нечоғлик тубанликка бормасинлар, ўзларининг ваҳший ва ҳайвоний сифатларини ҳар қанча ишга солмасинлар, барибир бу ҳаётдан ўз мақсадларига ета олмаган ҳолда армон билан кетадилар. Чунки оламлар эгаси Аллоҳдир. Ер ва осмон ўртасида содир бўлаётган ишларни ёлғиз У бошқариб, кузатиб туради. Барча ишлар, ҳаракатларнинг охирги нуқтаси Унинг ҳузурида тугалланади.

 

Олам Ундан бошланган, яна Унга қайтади. «Огоҳ бўлингки, ҳамма ишлар фақат Аллоҳ ҳузурига қайтажак». («Шўро» сураси, 53-оят). Шунинг учун оддий одамлар ҳам, раҳбарлар ҳам аслида Унинг қонунига амал қилишлари керак. Унинг насиҳатига ҳаммамиз қулоқ тутишмиз лозим. Кучлилар кучсизларга зулм ва зўравонлик қилишдан тўхташлари зарур. Шунда ҳаётда барака бўлади. Аллоҳ биздан рози бўлади.

 

Аммо бугун кучсиз инсонлар тақдирини ўйин қилаётган хукмрон доиралар Аллоҳнинг қонун ва насихатларига қарши очиқчасига кураш олиб бораяптилар. Аллоҳ яратган дунёда яшаб, Унинг ерида қутураяптилар. Ўзларининг Аллоҳни, Унинг динини ва мўмин бандаларини қанчалик ёмон кўришларини намойиш этаяптилар.

 

Ўзларининг ким эканликларини тасдиқлаш учун ўзларига ҳужжат йиғаяптилар. Жазо вақти келганда ўзлари келтирган ҳужжатлар тилга киради. Бинобарин, улар ҳеч қаёққа қочиб кета олмайдилар. Уларнинг қилмишлари бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қораланади. Улар бораётган йўлнинг охири афсусу надомат, азобу уқубат ва хору зорликдан иборатдир.

 

Аллоҳ душманларининг қилаётган ишлари, кечираётган ҳаётлари, ҳатто ўлимлари ҳам лаънатлар остида кечади. Лаънатларни энг биринчи ўзларининг меросхўрлари, издошлари бошлаб берадилар. Ленин, Сталин, Берия кабиларнинг қисматлари – бунга мисол. Бугун уларни қоралаб, тарих ахлатхонасига улоқтириб юборганлар аслида ўша лаънатланганлардан пайдо бўлганлар.

 

Бугунгилар кечагилар бошлаган йўлни сал бошқачароқ кўринишда давом эттириб, «оталари»дан қолган иморатлар ичида ўзлари учун «демоқратик давлат» қуриб олдилар. Кечаги ўтмишларидан тондилар. Аслида кечаги малъунлар бўлмаганда, булар ҳам бўлмас эди. Худди шунингдек, булар ҳам бугун ҳоким, эртага малъун. Аллоҳ бу кимсалар сиғинадиган дунёни шундай қурганки, унинг оти – бевафо дунё.

 

Эртанги кунлари бугунгисидан баттар. Ўлимдан сўнг эса ҳаммаларининг бориб учрашадиган ерлари яна битта ер – жаҳаннам. Улар ўша ерда ҳам ўзларининг айбларига иқрор бўлмасдан «сен қилдинг, сен қилдинг» – дея бир-бирларини лаънатлайдилар. Қандай ҳам бахтсизлик!

 

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, У мана шундай ёвуз душманлар булғаб ётган, нотинч қилиб турган дунёда ҳам Ўзининг иймонли бандалари учун макон ва имконият яратиб беради. Мўминлар қийин шароитлар ичида яшаб туриб ҳам ўз Раббиларининг йўлига амал қила оладилар. Мусулмонлар ҳар қанча азоб ва машаққат тортмасинлар, дунёдан шараф, олқиш, дуо, салом ва савобларга кўмилган ҳолда ўтадилар. Уларнинг кейинларидан ҳам фақат яхши сўзлар қолади. Орқаларидан яхшиликлар етиб туради.

 

Уларга Аллоҳнинг яна бир марҳамати шуки, улар ўзларининг ва Аллоҳнинг душманларини таний биладилар. Дўст ким, душман ким – яхши англайдилар. Дўстларини қадрлайдилар, камчиликларини ёпадилар, кечирадилар. Душманларини ажратадилар, бир-бирларига танитадилар. Фарзандларини огоҳлантирадилар. Душманнинг ёмонлигидан, макридан эҳтиёт бўладилар. Бор имкониятларини ишга солиб, унга қарши курашадилар. Динларини, ўз ҳақҳуқуқларини оёқ остида қолдирмайдилар.

 

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, МХХ нималарни ўйлаб топмасин, қанчалик шайтоний макр-ҳийлаларни ишга солмасин, барибир унинг башарасини мусулмонлар таниб улгурдилар. Кирдикорларини фош этдилар. Бугун Абдували Қори ака, Абдулла Ўта ва бошқаларни ўзбек махфий хизмати ўғирлаганига ҳеч ким шўбҳа қилмайди.

 

16 феврал воқеаси бевосита Каримов ва МХХнинг назорати остида амалга оширилди. Бахром Абдуллаевнинг портлашлар режаси ҳақида икки ой аввал берган хабарини МХХ хушнудлик ва ҳайрат билан қабул қилиб олди ва мусибатларнинг олдини олиш ўрнига унга кенг имкониятлар яратиб қўйиб, алданган ғўр ёшларни яширин равишда қўллаб-қувватлаб турди.

 

МХХ 28 март – 1 апрел портлашларини ҳам олдиндан билгани ҳолда то шу ишлар содир бўлгунига қадар атайин сукут сақлади. Ҳатто баъзи мақтанчоқ «чекист»лар «яқинда у бўлади – бу бўлади», деб фолбинлик ҳам қилдилар.

Қўлини ўз халкининг қонига ботирган ҳукуматнинг оқибати нима бўлиши кундек равшан. Унинг қонли қўли ҳақиқатда халқнинг эмас, ўзининг бўғзидадир.

 

* * *

Мақоламизнинг охирини яна бир кичкина нуқтага диққатингизни тортиш билан тугаллаймиз. Сирли хат ҳақида эшитган, биз кузатган инсонларнинг ҳаммаларининг ҳеч икқиланмасдан айтган биринчи сўзлари «Бу – аниқ МХХнинг иши!» деган ибора бўлди. Ҳа, бўлиб ўтаётган ва ҳали кети кўринмаётган қатағон ва таъқиблар оддий одамларнинг ҳам онгини ошириб, билимдон ва хушёр қилиб бораётир. Бу – дарҳақиқат машаққатли, аммо фойдали дарс.

БОШҚА ТАФСИЛОТЛИР:

ФАРРУХ ХАЙДАРОВ

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s