09.09.10-Ҳуқуқбон ТЕРРОРИЗМДА АЙБЛАНМОҚДА

10 сентябрь 2009 й

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда

давлат қароқчилар тўдасига айланади

Августин Аврелий

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

 

БИЛДИРИШНОМАСИ

 

Ғайбулло Жалилов қўпорувчилик ташкилотини тузганликда айбланиши мумкин

 

Бугун  10 сентябрь куни соат 7 ларда Ғайбулла Жалиловнинг «Аврора» қўрғончасидаги уйи ва

Қарши шаҳридаги 5-миттитуман, 23-уй, 10-квартирасига шаҳар ички ишлар бўлимидан 18 нафар милиция ходимлари келиб унинг оиласига тинтув қилиш тўғрисидаги санкцияни кўрсатган ҳолда уйни тинтиб чиқишган ва ҳар иккала уйидан нашриёти кўрсатилган Қуръон, Хадис, кичик форматдаги Хадислар, кинодисклар ва телефон SIM-картасини олиб кетишган. Ғайбулла Жалиловнинг хотини Зулхумор Ҳамдамовага эри  «қўпорувчилик ташкилотига аъзолик»да айбланаётганлиги ҳақида қоғоз кўрсатишган. Тинтув тугагандан сўнг уни шаҳар ИИБига Холиқов исмли масъул кишига келиб кўрсатма  бериш учун чақирув қоғози бериб кетишган. Шу бугуннинг ўзида шаҳар ИИБга Ғайбулла Жалиловнинг отаси Хайрулла Жалилов, онаси Очил Овулова, хотини Зулхумор Ҳамдамова ва қайнонасини сўроқ беришга олиб кетилган.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Қашқадарё вилоят бўлимининг фаоли Ғайбулла Жалилов 5 сентябрь куни кеч соат 22 да ифторликдан уйига қайтаётганда, кўчада милиция ходимлари ва фуқаро кийимида бўлган бирнеча одам томонидан ҳужум уюштирилиб, қўлига кишан (наручник) солиниб олиб кетилган.

 

Ғайбулла Жалиловни излаган ҳуқуқбонлар ва унинг яқинлари уни икки кундан сўнг шаҳар ИИБ хибсхонасида сақланаётганини аниқлашган. Бу икки кун давомида милиция, прокуратура ва МХХ мулозимлари муттасил ёлғон гапириб келишган. Ҳанузгача хибсга олинган ҳуқуқбон адвокатҳимоячи билан таъминланмаган. Бу эса Ғайбулла Жалилов қамоқхонада қийноққа солинаётгани, қийноқ воситасида эса уни қўйилган айбни бўйнига олишга мажбур этилаётганини англатади.

 

ЎИҲЖдан: Афсус-ки, ташкилотимизнинг 6 сентябрь куни Билдиришномасида қилинган тахмин, яъни терроризмга қарши кураш баҳонасида Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги оз сонли ҳуқуқбонларни ҳам қамоқларга ташлашни амалга ошириши мумкинлиги ҳақиқат бўлиб чиқмоқда.

Мамлакатимизга серқатнов бўлиб қолган АҚШ ва Европа Иттифоқи мулозимлари ўзларини Ўзбекистон ҳукуматининг бу кирдикорларини кўрибкўрмасликка олмоқдалар, шекилли.