ЖАҲОНГИР МАМАТОВГА ХАВФСИЗЛИК ҲАҚИДА

Ассаломуалайкум Жахонгир!

 

Ўзбек оппозицияси мағлубиятининг энг асосий сабабларидан бири унинг лидерлари давлат махсус хизматининг фаолиятига ҳеч қачон жиддий қарамаганлигидан деб ҳисоблайман. Бир воқеани эслайман.

 

«Бирлик»нинг штабига Аброр исмли бир йигит ҳар кун келар эди. Гапига қараганда журналистика факультетининг 5-курсида ўқир экан, отаси Совминда қандайдир лавозимда ишлар экан. Аброр нафақат ҳар қандай мажлисларга, ҳатто ҳар ҳафтада бир марта бўладиган Ҳайъат йиғилишига ҳам кириб ўтирар эди.

 

Одамлар А.Пўлатовнинг диққатини шунга қарата бошлашди: «Аброр «Бирлик» аъзосими, йўқми, номаълум. Нега у фақат 13 одам (Ҳайъат аъзолари) қатнашадиган йиғилишга кириб ўтиради?». Штаб Юнусободга, Миролим Одиловнинг адвокатурасига кўчгач, Ҳайъатнинг бир йиғилишида яна Аброр пайдо бўлди.

 

Мен бир парча қоғозга: «Абдурахим ака, Аброрни чиқариб юбориш керак» деб ёзиб узатиб юбордим. Пўлатов ўрнидан туриб: «Толиб ака Аброрни чиқариб юбориш керак деб талаб қилаяпти», дея мен ёзган запискани ўқиб берди. Нега у менинг запискамни ўқиб берганини мен ҳанузгача тушунганим йўқ.

 

Шу воқеадан олдинми, кейинми, эсимда йўқ, Аброр уйланди. Тўйи Совминнинг ресторанида ўтказилган. «Бирлик»дан ўша тўйда Васила Иноятова иштирок этган. Тўйдан кейин у бир неча марта уерда кўрган одамлар ва айниқса аёллар ҳақида гапириб юрди.

 

Яқинда, 30 сентябрь куни Васила қизини узатди ва шу куни эрталаб ош берди (билмадим, ошни қудаси ташкил қилганми, ёки ўзи ташкил қилганми). Мен Польшадан 25 сентябрда келсам таклифнома турганини кўрдим. 30 сентябрь куни азонда туриб, ош қаерда (уйидами, бирор кафедами) бўлишини билиш учун таклифномага қарасам «Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ресторанида» деб ёзилган экан. Дарров ўрнимга кириб ётдим.

 

Ҳозирги пайтда мухолифат вакилларидан ким тўйини шу ресторанда ўтказиши мумкин? Тўйни ўтказиш учун ҳозир Тошкентда ўнлаб махсус жихозланган кафелар ташкил этилганда, нега у тўйини айнан Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ресторанида ўтказган? Агар ошни қудаси берган бўлса, демак қудаси ё мафия билан боғлиқ одам, ё «янги ўзбеклар»дан ёки унча-мунча кичик лавозимда ишламаса керак!

 

2001 йилнинг бошида бизнинг Жиззах вилояти ташкилотимизга Абай Байбўлатов (миллати қозоқ) деган одам аъзо бўлган. У ЎИҲЖнинг 3-Қурултойида (2001 йил октябрь ойи) Жиззах вилоятидан делегат бўлиб қатнашган. Кейинчалик бир неча одам: «Толиб ака, бу СНБнинг одами-ку, наҳотки сезмаган бўлсаларинг» дейишди. Одамларимиз пинхона текшира бошлашди ва у ҳақиқатан ҳам СНБ томонидан бизнинг ташкилотга киритилганлиги аниқланди. Биз уни ташкилотдан чиқариб юбордик (2002 йил).

 

Орадан бироз вақт ўтгач, у «Эзгулик»нинг Жиззах вилоятига раис қилиб тайинланганини эшитиб қолдик. Қиладиган иши: биз нима ёзсак шунга қарши «опровержение» ёзади. Фақат милиция, СНБ ва ҳукумат доиралари ҳимоясига қаратилган мақолалар тарқатади. Стили М.Ардзиновникининг ўзгинаси – чамаси уларга мақолаларни бир жойда муайян одамлар тайёрлаб берса керак.

 

2001 йил ўрталарида ОБСЕнинг Тошкент бюросида ишловчи Шароф Азизов деган йигит (Англияда ўқиб келган) менга: «Мен Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида дарс бераман. Менинг Сухроб Исмоилов деган талантли бир студентим бор, яқинда университетни битиради. Шу йигитни ишга олинг, Сиздан правозашитани ўргансин»-деди, ва бир куни ўзи билан менинг уйимга олиб келди.

 

Мен Сухробга тўғридан-тўғри савол бердим: «Мана сен Ўзбекистондаги энг нуфузли университетни битирибсан. Агар сен ҳукумат структураларида ишласанг катта обрў-эътибор орттиришинг мумкин, агар бирор тижорат ташкилотига кириб ишласанг катта бойлик топишинг мумкин, агар бирор халқаро ташкилотга кириб ишласанг ҳам унисига, ҳам бунисига эришишинг мумкин. Бизнинг ташкилотга ҳукуматнинг муносабатини билсанг керак, ундан ташқари биз ҳеч кимга маош бермаймиз. Нима мақсадда сен бизнинг ташкилотни ихтиёр қилаяпсан».

 

У каловланиб қолди, чамаси у бундай саволни кутмаган бўлиши мумкин. Орага Шароф тушиб мени кўндирди. Бизда у сал кам бир йил ишлади. Бироқ борган сари у ўзини ошкор қила бошлади. Одамлар ҳам сеза бошлаган экан. Юсуф Жума бир кун: «Толиб ака, сиз кўр экансиз, бу қип-қизил эС-эН-Бэшник-ку» – деди.

 

2002 йил 28 июнь куни мен уни кимга хизмат қилаётганини бўйнига қўйиб, ҳайдаб юбордим. Бироқ у сал ўтмай АҚШнинг «Фридом Хаус» ташкилотига ишга ўтди, кейин бир йилга АҚШга ўқишга юборилди. Уёқдан қайтгач, «Эзгулик» ташкилотида ишлай бошлади.

 

19-30 сентябрь кунлари Варшавада ОБСЕнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро кенгаши бўлди. Ўзбекистондан расмий делегация қатнашмади. Нодавлат ташкилотларидан анча-мунча одам иштирок этди. Жумладан, бизнинг ташкилотдан уч киши, «Эзгулик»дан Сухроб, НОПЧУдан фарғоналик Абсалом Эргашевлар қатнашишди. А.Эргашев бориб турган эС-эН-Бэшник эканлигини кўпчилик билади.

 

Биринчи кундан бошлаб Ўзбекистон танқид остига олинди. Тео ван Бовен Ўзбекистон масаласи бўйича икки марта сўзга чиқди. Биз 20 сентябрдан бошлаб сўзга чиқа бошладик. Менинг группам қайси секцияда сўзга чиқса, ўша ерда ё А.Эргашев, ё С.Исмоилов пайдо бўлаверди.

 

23 сентябрь куни залдан нимагадир Собиржон Тулаганов (ЎИҲЖ Тошкент шаҳар бўлимининг раиси, профессор, физика-математика фанлари доктори) билан коридорга чиқсак, Собиржон: «Толиб ака, ана Абсалом ака Тошкентга СНБ га қунғироқ қилаяпти» деб қолди. Қарасам биздан сал нарида А.Эргашев сотовый телефонда бўлаётган воқеаларни гапириб бераяпти: ким сўзга чиқди, ким нима деди ва ҳоказо. Олдида Сухроб турибди. Биз панадан туриб барча гапни эшитдик.

 

Бир куни бизнинг ташкилотнинг Бухоро вилояти бўйича раиси Бобомурод Раззоқов («Эрк» партияси аъзоси) келганда, мендан: «Толиб ака, «Эзгулик» қандай ташкилот» – деб сўраб қолди. Мен: «Бизнинг ташкилотга ўхшаган ташкилот, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи» – дедим. Шунда Бобомурод: «Яқинда раиси Васила Иноятова келиб бир қанча одамларга ташкилотнинг гувоҳномасини топшириб кетди. Бироқ биз ўшаларнинг ҳаммаси СНБга ишлашини биламиз» – деди.

 

«Эзгулик»нинг деярли барча вилоят бошлиқлари ё СНБ, ё милиция ходимлари эканлигини одамлар рўй-рост гапиришади.

 

Васила ташкилотига кўпгина одамларни пул билан бизнинг ташкилотдан йиғиб олди. Иккитаси ҳақида айтаман, холос. Бизнинг ташкилотнинг Андижон вилояти бўлими раиси Музаффармирзо (Рустам) Исоқов, Наманган вилояти бўлимининг раиси Аҳмад Абдуллаев эди. АҚШнинг «Америка билан танишиш» программаси бўйича АҚШ элчихонаси ташаббуси билан 2001 йил 29 сентябрь-21 октябрь кунлари В.Иноятова билан АҚШга кетишди.

 

Учаласи ҳам ўша пайтда бизнинг ташкилот номидан кетишган. Рустам ва Ахмадни мен уйимдан аэропортга жўнатганман. Қучоқлашиб хайрлашганмиз. АҚШдан иккаласи ҳам қип-қизил душман бўлиб қайтишди. Менинг уйимга қадамини ҳам босмади.

 

2002 йил 17 февралда «Эзгулик» ташкил қилингач, иккаласи ҳам «Эзгулик»нинг вилоят раислари бўлишди. Аҳмад ҳақида бирор нарса дея олмайман. Бироқ Рустам бизнинг ташкилотда ишлаб юрганда у СНБ билан боғлиқ деб эшитардик, бирор чора кўришга қўлимизда факт йўқ эди.

 

Андижон воқеаларидан кейин сал ўтмасдан бир неча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар қамоққа олинди. Шу жумладан, Рустам ҳам. Бироқ у бор-йўғи 10 кун хибсда бўлди. Кейин у чет элга чиқариб юборилди. Ҳеч қийналмасдан тез кун ичида чиқиб кетди. Ҳозир у Норвегияда акаси Зафармирзонинг олдида дейишади. Менда Зафармирзога нисбатан ҳеч қандай гумоним йўқ, балки у укасининг кирди-корини билмаслиги мумкин.

 

1999 йил май ойида бизга ЎИҲЖга киритиш учун СНБ учта ёш, талантли йигитни тайёрлаяпти, бири чет элда ўқитилаяпти, деган бир информация келди. Ўша пайтда ЎИҲЖда ёш йигитлар йўқ эди, одамларимизнинг ёши 30 дан кам эмас эди.

 

2000 йилнинг охирида бизга ўз проблемаси билан Руслан Шарипов мурожаат қилди. Қўлдан келгунча унга ёрдам беришга ҳаракат қилдик. У бир йил АҚШда ўқиб келган экан. Инглиз тилини жуда яхши билар экан, компьютерни билишига гап йўқ эди. Ҳеч нарсадан хабарим йўқ ҳолда мен уни бизда ишлашга таклиф этдим.

 

Менинг уйимда 9 ой ётиб ишлади. Унинг ишлашига койил колар эдим, деярли ухламасдан ишлар эди. Менинг қўлимдан 80% ишни олди, мен дам олдим. Ўша пайтда Русланнинг бир акаси АҚШда, онаси билан укаси Бухорода яшашар экан. Ўзи ҳақида жуда кам гапирар эди. Отам бизнинг оилани 16 йил илгари ташлаб кетган, ҳозир Россияда яшайди, дерди.

 

Бизнинг бухоролик одамларимиз киши билмас шу фактни текширишди: отаси оиласи билан ажрашган эмас экан, Россиядан тез-тез оиласига келиб турар экан. Лекин бу гапларни биз жуда кеч эшитдик ва у буни сезиб қолди, шекилли. Кейин билсак, унинг отаси КГБ ҳарбий контрразведкаси Бухоро вилояти штабининг кўп йиллар бошлиғи бўлган экан. Ҳозирги кунда Ўзбекистон СНБсининг Россиядаги резиденти экан (қачон уёққа юборилганини билмайман).

 

Бир куни қизим: «Сиз уйда йўқлигингизда Руслан бор хужжатларни (архивни) копия қилаяпти» – деб қолди. Мен кузата бошладим, бошқаларга ҳам уқтирдим. Бу орада у МакАртур фондига мурожаат қилиб ташкилотимизнинг пресс-марказини шакллантириш учун 25 минг долларлик грантга заявка юборди.

 

Барча ёзув-чизувлар инглиз тилида бўлгани учун мен воқеалар тафсилотидан бехабар эдим. У фондни алдаб пулни ўзининг ҳисоб-рақамига жўнатишга кўндирибди ва Бухорога бориб банкда ҳисоб-рақам очибди. 2001 йил 30 августда бизга Вашингтондан хат келди. Унда фонд грантнинг ярмини юборганини айтган экан.

 

9 сентябрь куни Руслан уйдан чиқиб кетиб, шу билан қайтиб келмади. Кейин билсак, у Бухорога бориб ўша пулни тўлиқ олибди.

Биздан кетгач, у «Эзгулик»ка ўтди. Бироқ, В.Иноятова билан чиқиша олмади, шекилли, уердан ҳам кетди. Шундай қилиб, фикримча, биз СНБ тайёрлаган икки йигитни аниқладик. Учинчисини ҳанузгача билмаймиз.

 

Биз МакАртур фондига тўрт марта мурожаат қилдик, хатларимизда бўлган воқеани батафсил баён этдик. Тўртинчи хатимизга фонднинг вице-президентидан жавоб келди. У: «Фонд грантнинг қолган ярмини ҳеч кимга бермасликка қарор қилди» – деб ёзибди. АҚШни яхши биладиган бир вакилимиз ўша кунлари: «Руслан шу иши билан ҳеч бўлмаганда АҚШда ўз карьерасига қора чизги тортди. Энди уни фонднинг кўрсатмаси билан қора рўйхатга киритишган» – деган эди.

 

Яқинда Руслан бир мақола таркатибди, мен ўқиб чиқдим. Уни ҳеч қаёқда ишга олмаётган эмиш. Бир жойга фаррошликка ишга олишибди, ҳафтасига 20 соатлик. Ҳозир уни 8 соатга туширишибди. Назаримда, ўша одамнинг гапи ҳақга ўхшайди.

 

Жаҳонгир, хатимнинг охирида Сиз учун нохуш бўлган бир нарсани ёзмоқчиман. Шу пайтгача ёзишдан ўзимни тийиб юрган эдим. Қандай қабул қиласиз, ўзингизга ҳавола. ДЎҚнинг Ўзбекистон бўйича координатори Шўҳрат Аҳмаджоновнинг кимлигини биладиган одамлардан суриштиринг. У дастлаб «Бирлик»нинг Ҳамза тумани бўлимининг раиси эди. Уни «Бирлик»дан ҳайдаб юборишди (сабаби эсимда йўқ). У «Эрк»ка ўтди. Улар ҳам ҳайдашди (сабабини билмайман).

 

90-чи йилларнинг бошларида бир воқеанинг шоҳиди бўлганман. Москвадан Виталий Пономарев, Николай Митрохин ва яна бир йигит келишди. 7-8 одам (улар орасида Мадамин Нарзикулов ва Шоди Каримовлар эсимда колган) «Эрк» партиясининг штабида бир хонада меҳмонлар билан гаплашиб ўтирган эдик.

 

Шу пайт эшик очилиб, унда Шўҳратнинг боши кўринди. У одамларни бир кўздан кечириб, ичкарига кирмай, кетди. 5-10 минутдан кейин мен Шоди ака билан рўпарадаги хонага ўтиб бир масалани гаплашиб ўтирдик.

 

Шўҳрат кетгандан кейин 20 минутлар ўтгач, шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Муҳаммаджон Деҳқонов бошчилигида 20 тача милиция ходимлари келиб, ўша хонадаги ҳаммани олиб кетишди. 4-5 соатдан кейин «Бирлик» ва «Эрк» одамларини қўйворишган, москваликларни эса самолетга ўтказиб учириб юборишган. Виталийдан сўрасангиз бўлади.

 

Ёзадиган гап кўп. Бироқ шуларнинг ўзи ҳам бирор хулосага келишга асос бўлар.

 

Хайр, саломат бўлинг. Болаларга салом айтинг.

 

Ҳурмат ила Толиб.