ТЎЛҚИН ҚОРАЕВга ХАТ

Ассаломуалайкум Тўлқин!

 

Ҳозирги кунда қаерда эканларингизни билмайман. Баъзилар сўраса, Швецияга кетишган бўлса керак, деб жавоб бераяпман. З.Алматов масаласида бироз танқид қилганим учун хат ҳам ёзмай қўйдингиз. Менинг тилим аччиқ эканини билган ҳолда хафа бўлмасангиз ҳам бўлади. Мана яна бир марта танқид қилишга тўғри келаяпти.

 

Бир неча кун илгари М.Солиҳнинг сайтида Сиз, Юсуф, Ҳайитвой, Холдор Вулқон, Қудрат Бобожон, Насрулло Саидларнинг мақолаларингизни ўқидим ва қаттиқ ранжидим. Мақолалар бирин-кетин қўйилган, яъни ҳаммаси бир пайтда ёзилган ва сайтга қўйилган. Ҳаммасида битта мавзу – М.Солиҳ мадҳияси.

 

М.Солиҳга ижобий ёки салбий муносабат билдириш ҳар бир одамнинг ўзининг иши ва ҳуқуқи. Мен, масалан, М.Солиҳга ҳеч қандай хусуматим йўқ. Мен унинг ўзи, укалари ва партияси ҳақида мақолаларимда ижобий йўналишда ёзганман, халқаро конференцияларда гапирганман, ва ҳатто 2001 йил охирида АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл Тошкентга келганда айнан шулар ҳақида унга хат ёзганман.

 

Мен М.Солиҳни танқид ҳам қилганман, чунки унинг фаолиятида сиёсий хатолар кўрганман. 2005 йил сентябрда Норвегияга борганимда у билан учрашмоқчи бўлдим, бироқ у Германияга кўчиб кетган экан. Унинг укаси Мақсуд билан учрашдим ва уйида меҳмон бўлдим.

 

Н.Саид «Эрк» партиясининг раҳбарларидан бири бўлгани учун унинг мақоласини тушуниш мумкин. Қ.Бобожон хоразмлик бўлгани учун уни ҳам тушуниш мумкин. Холдор Вулқон «Эрк» ва М.Солиҳга илгари қандай муносабатда бўлганини билмайман. Бироқ Сиз, Юсуф ва Ҳайитвой илгари М.Солиҳга ҳеч қандай яқинлик қилмаганликларингизни биламан. Шу сабабли бирданига сизларнинг бундай мақолаларингиз чиққанига мен ҳайратландим.

 

Яна такрорлайман: мен М.Солиҳга қарши эмасман ва ҳатто унга кўмакдош бўлсаларинг мен ҳеч қандай қаршилик қилмайман. Бироқ, мазкур мақолаларни бир пайтда ёзилиши ва битта саҳифага бир пайтда қўйилиши нафақат М.Солиҳ душманларида, балки унга нисбатан либерал позицияда турган одамларда ҳам ажабланиш ва гумон туғдиради.

 

Ундан ташқари мақолалар ўта саводсизларча ёзилган ва улар ичида Сизники эса айниқса. Мен Сизга илгари ҳам бу ҳақда кўп марта айтганман, Сиз рус тилида ёза олмайсиз (хафа бўлманг!). Шу сабабли мен Сиз рус тилида ёзган мақолаларни тузатишга ҳаракат килганман. Ундан ташқари Сиз нафақат журналистсиз, балки Сизни кўпчилик Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг кўзга кўринган бир аъзоси сифатида билишади. Демак, одамлар рус тилида ёзган мақолангизга қараб Сизнинг нафақат журналистлик фаолиятингизга, балки ЎИҲЖнинг савиясига ҳам баҳо беришади.

 

Мақолалар унча-мунча сайтда эмас, М.Солиҳнинг сайтида чиққан. М.Солиҳ уларни сайтга қўяётганда ўқиб кўрмаганми? Бундай савияда ёзилган мақолаларни унинг сайтида ўқиган одамларда унга нисбатан салбий муносабат уйғотишини у сезмаганми? Аччиқ бўлса ҳам айтишга тўғри келади: қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйгансизлар! М.Солиҳнинг халқаро рейтингини бундай усуллар билан кўтарилмайди.

 

Бугун «Сентразия» сайтида сизларнинг мақолаларингиз тузатилган ҳолда чиқибди. Нега шуни бошида қилинмаган? Қилса бўлар экан-ку! Мен Сизнинг мақолангизни тузатишга киришдим, бироқ ярмига борганимда қўл силташга тўғри келди – баъзи жумлаларда ҳеч қанақа мазмун топилмади.

 

Энг ёмон томони, мақолаларнинг бир пайтда ёзилганлиги ва сайтга қўйилганлиги, пала-партиш ва шошиб ёзилганлиги ва сайтга қўйилганлиги – бу мақолалар «заказ» билан ёзилган деган хулосага олиб келади. Ҳар қандай одамда! Сизларнинг моддий шароитингиз оғир эканлигини билсамда, бизнинг одамлар ҳар қандай шароитда маълум бир принципларга эга бўлиши керак, деб ўйлайман. Яна бир ва охирги марта такрорлайман, М.Солиҳга ёрдам берар экансизлар, бу нарсани оқилона, атрофлича ўйлаб ва чин қалбдан қилиш керак.

 

Мен М.Солиҳга булар ҳақида ёзишим керак эди, бироқ мен унга хат ёзмайман, чунки бирнеча йил илгари у менга тўҳматона хат ёзганида, мен унга керакли жавобни ёзганман ва хатим охирида: «бу менинг биринчи ва охирги хатим» деб таъкидлаганман. Мен шу принципда турибман. Бу гапни унинг укаси Максудга ҳам айтдим ва у тушунди.

 

Менинг бу гапларимни Юсуф ва Хайитвойга ҳам айтиб қўйинг.

 

Саломат бўлинглар.

 

Толиб Ёқубов

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s