Ўзбекистон Республикаси Президентига

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 И.А.Каримовга

                                         нусхаси      Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори

                                                        Р.Х.Қодировга

 

       Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич !

 

        Мамлакатимиз миллий мустақилликни қўлга киритганига ўн бир йил тўлаётган, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик ҳамда фуқаролар тотувлиги ва плюрализм тўла қарор топган бугунги кунда жойлардаги айрим раҳбарларнинг онгли равишда ёки сиёсий кўрлик билан Сизнинг буюк ислоҳотчилик ғояларингизга тўғаноқ бўлаётганликлари ачинарли ҳолдир. Бу нуқсон айниқса келажакда бир неча ўн йилларга ўз салбий таъсирини кўрсатувчи ёшлар тарбияси билан боғлиқ соҳада кўринса, шубҳасиз, ижтимоий хавф туғдиради.

        Ана шундай ижтимоий хавфли вазият бугунги кунда бизнинг Ангрен шаҳридаги Тошкент вилоят давлат педагогика институтида вужудга келди. Профессор-ўқитувчилар ва техник ходимлар жамоаси бир овоздан ҳақли эътироф этаётганликларидек, институтнинг бу аҳволга тушиб қолиши учун энг аввало бевосита ректор Хасан Самадович Қудратуллаевнинг нотўғри иш юритиши сабабдир.

        У киши дастлабки иш бошлаган 1996 йилнинг октябр ойида кўпчилик Президент девонида ишлаган, давлат сиёсатини яхши тушунадиган раҳбар келганлигидан қувонган эди. Бирок жамоанинг қувончи узоққа чўзилмади. Янги раҳбар кадрлар танлаш ва таълим муассасини молиялаштиришда кетма-кет жиддий хатоларга йўл қўя бошлади. ¥озирга қадар 6 та проректор, 6 та декан, 7 та бош ҳисобчи, 9 та газначи, 4 та иш ҳақи бўйича ҳисобчини алмаштирди. Буни асословчи далиллар иловада келтирилмоқда. Институт 1998 йилнинг ноябр ойида ЎзР ХТВнинг 23 август 1998 йилда чиқарилган 268-сонли буйруғига асосан аттестациядан ўтказилган. Унинг қуйида илова қилинаётган якунларида аттестация ҳайъати томонидан институт жамоасидан аноним сўров асосида институт раҳбарлари рейтинги қуйидагича аниқланган:

 

т/р Мансаби яхши

%

қониқарли

%

қониқарсиз

%

Жавоб беришга қийналган
1 Ректор (Х.С.Қудратуллаев ) 42,2 49,2 1,8 6,9
2 Маънавий-маърифий ишлар буйича проректор (Р.М.Турғунбоев) 37 30,2 31,9 0,9
3 Ўқув ишлари проректори (К.Ю.Юсупов) 50 44,8 4,3 0,9
4 Илмий ишлар проректори (И.Т.Ёрматов) 51,7 44,8 3,5

 

        Ўтган давр ичида институтдаги мунтазам молиявий хатоликлар туфайли Тошкент вилоят назорат-тафтиш бошқармаси томонидан ойлаб текширишлар ўтказилди. Жумладан:

1997 йилнинг феврал, июл, сентябр, ноябр;

1998 йилнинг феврал, март, апрел, ноябр, декабр;

1999 йилнинг март, апрел, май;

2000 йилнинг феврал, март, июл, август, октябр;

2001 йилнинг феврал, март, апрел, май, июн, ноябр;

2002 йилнинг январ, феврал, апрел, май ойларида молиявий тафтиш ўтказилди. Уч маротаба катта миқдордаги пул маблағлари камомади аниқланди ва жиноий иш қўзғатилди. Мисол учун 2001 йил 6 июнда вилоят назорат тафтиш бошқармаси бош тафтишчиси М.Саидвалиев томонидан тузилган далолатномага кўра (илова қилинмоқда) ректорнинг хотини Г.Султонова кассир бўлиб ишлаган даврда 1.138.962 сўм 35 тийин камомад аниқланди. Шу далолатнома асосида Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган. Суд қарорига кўра ректорнинг хотини томонидан институт хазинасига кайтарилиши лозим булган маблағнинг бирон сўми ҳам топширилмади.

        Ректорнинг энг жиддий молиявий хатоси шуки, тўлов-контракт асосида маблағларни институт илмий кенгаши билан келишмасдан ўзбошимчалик билан ўқув жараёни учун зарурати бўлмаган 1978 йилда чиққан эски «Икарус» автобусини (2002 йил январда 14 миллион сўмга) сотиб олиш каби ишлардан ташқари, сметадаги маблағни махсус ҳисобга ноқонуний равишда ўтказиб, ўзлаштириш, шунингдек тўлов муддати ўтиб кетган кредитор қарзларга эътибор бермаслик каби жиддий камчиликларга йўл қўймокда. Буни тасдиқловчи иловалар қуйида келтирилмоқда. Вазирлар маҳкамасининг махсус қарорда контракт-тўлов маблағининг 25 фоизига қадар профессор – ўқитувчиларга қўшимча маош сифатида берилиши назарда тутилган. Аммо Х.С.Қудратуллаев ҳоҳиши билан ТВДПИда бу фоиз 10-12 дан ошмайди. Натижада бошқа олий ўқув юртларидаги ҳамкасбларидан кам меҳнат ҳақини олаётган профессор-ўқитувчилар ялпи порахўрлик билан шуғулланишмоқда. Шаҳар ҳокими, прокурори ва миллий хавфсизлик бўлими бир неча бор огоҳлантириши, бир нечта ўқитувчилар таъмагирлиги учун ашёвий далил билан қўлга туширишларига қарамай, бу хунук иш авж олиб бормоқда. Айниқса, ректорнинг жияни И.Носиров бошқараётган сиртқи бўлим талабаларининг учдан бири сессияга келмайдилар. Уларнинг ўрнига ичига пул солинган синов дафтарчалари айланиб юради. Ўқитувчилар беш йил давомида башарасини кўрмаган шахслардан давлат имтиҳонини қабул қиладалар ва уларга диплом бериб юборадилар. Бунга кимда шубҳа бўлса, келиб ўзи гувоҳ бўлиши мумкин.

        Мана, Сизга таълимнинг сифати!. Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурининг ижроси институт жамоаси икки – уч йилдан буён «ректор ишдан кетяпти экан» деган фикр билан, принципиал ва инсофли янги раҳбарнинг келишини кутиш билан яшайди.

        Азиз Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич! Бу масалани ўзингиз жиддий ўрганиб, чора кўрмасангиз, ўзгалардан умидимиз пучга чиқди.

 

        Сизга узоқ умр ва соғлик тилаб:

                Салимов А.

                Мельникова И.