03.12.25-АРИЗА – АБДУВОҲИДОВА НУРПОШШО

УЯ 64/62 ЖИЭМ БОШЛИҒИ

и/х подполковниги жаноб Б.З.АЗИЗОВга

 

Абдувоҳидова Нурпошшо Тўрахўжаевнадан

—————————————–

700106, Тошкент ш., А.Икромов тум., Ўрикзор даҳаси,

Е.Бобожон кўчаси, 9

 

  А Р И З А

 

Муҳтарам Бошлиқ!

 

Сизнинг 11.12.03 санаси билан юборилган А-10 рақамли жавоб хатингизни олдим. Раҳмат.

Бироқ, ундаги баъзи ҳолатлар қонундан ташқарига чиқилганлигини яққол кўрсатиб тургани учун мен Сизга қайта мурожаат қилишга аҳд қилдим.

Масаланинг юридик-ҳуқуқий жиҳати аниқ бўлиши учун мен ушбу хатга жиноий ишда ҳимоячи бўлиб қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган, ЎзР ЖПК 49-моддаси 2-қисмида назарда тутилган инсонлар категориялари ва улар жиноий ишда қай йўсинда ҳимоячи бўлиб қатнашишига шарҳлар келтирилган ҳужжатни илова қилмоқдаман.

Мен маҳбус Абдувоҳидов Абдуғофур Абдуғаффоровичнинг яқин қариндоши бўлганлигим сабабли ЎзР ЖПКнинг 49-моддасига асосан унинг жиноий ишига ҳимоячиси бўлиб иштирок этишга ҳақлиман.

Маҳбус суд ҳукми билан маълум бир муддатга озодликдан, яъни у маълум муддатга ҳаракат ҳуқуқи (право передвижения) дан маҳрум этилади, ва шу сабабли уни қамоқда сақланади. ЎзР ЖИКнинг 8-моддасига асосан у «… ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда белгиланган истисно (изъятия) ҳамда чеклашлар (ограничения) инобатга олинган ҳолда…» ЎзР фуқаролари учун назарда тутилган барча ҳуқуқлар ва эркинликларга эгадир. Хусусан, маҳбус ўз жиноий иши бўйича ҳимоячи олишга ҳам ҳақлидир.

Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушланган ҳар қандай шахс асосан уч этапдан ўтади: тергов (суриштирув), суд ва жазони ўташ. Айбланувчи тергов даврида терговчи, судланувчи суд жараёнида судья, маҳбус жазони ўташ даврида ЖИЭМ бошлиғи тасарруфида бўлгалиги учун, у ва унинг жиноий ишида ҳимоячи сифатида иштирок этувчи шахс орасидаги муносабатлар терговчи (тергов даврида), судья (суд жараёни даврида), ЖИЭМ бошлиғи (маҳбуслик даврида) томонидан амалга оширилади. Бу – инсон хибсда (вақтинча сақлаш камералари, тергов изолятори, зона) бўлган, яъни унинг ҳаракат эркинлиги (свобода передвижения) чекланган пайтда содир қилинади. Инсон эркинликда бўлганда эса, у ва унинг ҳимоячиси орасидаги муносабат нотариус орқали амалга оширилади.

Мен илова қилаётган ҳужжатда яқин қариндошларнинг жиноий ишга ҳимоячи бўлиб иштирок этишига берилган шархни тўлиқ келтираман:

Гумонланувчи, айбланувчи, судланувчининг яқин қариндоши ўзининг ҳимоячи бўла олиш ҳуқуқи ҳақида суриштирувчи, терговчи, судьяга ШАРТНОМА (ёки ИШОНЧНОМА) нинг тўлдирилган ва имзоланган бланкини таъдим этади;

Сўнгра:

– суриштирувчи, терговчи, судья ШАРТНОМА (ёки ИШОНЧНОМА) га айни шу мақсадда таклиф этилган адвокат иштирокида гумонланувчи, айбланувчи, судланувчига имзо чектиради;

– ШАРТНОМА (ёки ИШОНЧНОМА) ни суриштирувчи, терговчи, судья имзолайди;

– ШАРТНОМА (ёки ИШОНЧНОМА) (милиция, МХХ) муҳри билан тасдиқланади;

– суриштирувчи, терговчи гумонланувчи, айбланувчининг яқин қариндоши жиноий ишга ҳимоячи бўлиб ўтгани ҳақида Қарор, судья эса ажрим чиқаради.

Бу – тергов ва суд жараёнларида амалга оширилади. Маҳбус ЖИЭМ да эканлигида эса бу процедурани зона бошлиғи бажаради.

Муҳтарам Бошлиқ! Мен маҳбус ИШОНЧНОМАсини яна қайтадан жўнатмоқдаман. Бу сафар Сиз, ҳурматли Бошлиқ, қонунга амал қилган ҳолда ИШОНЧНОМАни тўлдириб менга қайтаришингизга ишонч билдираман.

 

(Н.Т.Абдувоҳидова)

25.12.03