05.08.26-МУСУЛМОНЛАРГА ҚАРШИ СОХТА ЖИНОИЙ ИШЛАР

26 августа 2005 г..

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда

давлат қароқчилар тўдасига айланади

Августин Аврелий

 

Ўзбекистонда мусулмонларга нисбатан жиноий ишлар қандай сохталаштирилади?

 Ўтган 10 йил мобайнида Ўзбекистонда ўтказилган суд жараёнларининг адади қолган барча Марказий Осиё давлатларида шу вақт ичида ўтказилган маҳкамаларнинг умумий сонидан кўп. Шу йиллар ичида ўзбек судлов тизими фақат диний ва сиёсий сабаблар билангина 30 мингдан ортиқ фуқарони озодликдан маҳрум қилди.

 Ўзбек судьяларининг «меҳнатини» енгиллаштириш учун махсус хизмат ходимлари, терговчилар, ҳуқуқшунослар, тарихчилар, ёзувчилар, руҳонийлар ва ҳоказолардан иборат мутахассислар гурухлари тузилди. Улар айблов хулосалари, ҳукмлар ва бошқа ҳужжатларнинг намуналарини ишлаб чиқишди. Бунинг натижасида, масалан, Наманган вилоят судида чиқарилган ҳукм Қашқадарё вилоят маҳкамасининг худди шундай ҳужжати билан икки томчи сувдек бир хил бўлиб қолган.

 Бу маълумотлар ЎИХЖнинг навбатдаги мақоласидан олинган бўлиб, унда мусулмонларга нисбатан айбловларнинг қандай сохталаштирилиши ва қандай кўриб чиқилиши 1999 йилда узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Жоробаев Бунёд Яқубжановичнинг жиноий иши мисолида кўрсатиб берилади. Мақолада ёзилишича, 22/99-14118-рақамли ушбу жиноят иши материалларида ўта қўпол қонунбузарликларга йўл қўйилган.

 Жумладан, иш материалларида ҳар қандай жиноий иш учун зарур бўлган асосий ҳужжаттерговчининг ишни қўзғатиш ҳақидаги баённомаси умуман мавжуд бўлмаган. Лекин шунга қарамай, ишни кўриб чиққан Чирчиқ шаҳар маҳкамасининг судьяси М.Мусаев бунга атайин лоқайдлик билан қараган.

Шу йилнинг август ойида ЎИХЖ раиси Т.Ёқубов жазо муддатини ўтаётган Б.Жоробаевнинг ҳимоячиси сифатида Чирчиқ шаҳар суди раиси А.Х.Сағдуллаевга бу борада мурожаат қилган. Унинг аризасида айтилишича, Тошкент шаҳар ИИББ капитани Р.М.Жўраевнинг 1999 йил 18 июлидаги қарорида бу жиноят иши номи тилга олинмаган бошқа жиноят ишидан ажратилгани ҳақида ёзилади, бироқ 22/99-14118-сонли иш қандай сабабларга кўра ва нима асосда қўзғатилгани ҳақида мутлақо маълумот берилмайди, яъни мазкур жиноий иш бўйича ўзоқ муддатлар (16 ва 17 йил)га қамоқ жазосига ҳукм қилинган учта ёш йигит (иккитаси 18 ёшлик, бири Б.Жоробаев ҳатто балоғат ёшига ҳам етмаган) САБАБСИЗ ва АСОССИЗ қамалганлар [ЎзР ЖПКнинг 321-моддасига қаранг!].

 Тошкент шаҳар ИИББ капитани терговчи Р.М.Жўраевнинг жинояткорона ҳаттиҳаракатини тушуниш мумкин мусулмонларга қарши ҳукумат сиёсати амалга оширилаётган пайтда у “заказ” ишни бажарган. Бундай “заказ” ишлар оммавий тус олган, терговчилар қўли қўлига тегмай ишлаган ўша даврда уларда: “Буни ким текширар эди? қабилидаги кайфият бўлган ва аксар жиноий ишлар чалачулпа, процессуал нормалар ўта безбетларча бузилган ҳолда олиб борилган. Бошқача айтганда, ўша даврда сабабсиз ва асоссиз хибсга олиш, тергов юргизиш ва судлаш норма ҳисобланган.

 Аслида бундай жиноий иш назорат қилувчи прокурор томонидан судга оширилган тақдирда ҳам судья ишни ишюритувидан тўхтатиши, уни бекор этиши ва архивга топшириши ҳамда сохта жиноий иш қўзғаган ва бу ишни судгача юритган терговчидан бошлаб назорат қилувчи прокуроргача бўлган мулозимлар устидан жавобгарлик иши қўзғатиши лозим эди.

Ҳимоячи Т.Ёқубов жиноий ишлар бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси А.Х.Сағдуллаевга ёзма равишда ягона савол билан мурожаат қилди: “Нега 22/99-14118-сонли жиноий ишнинг асосий ҳужжати мазкур жиноий ишни қўзғатиш ҳақидаги баённома йўқ?.

 А.Х.Сағдуллаев бунга жавобан: “Сиз ЎзР ЖПК 376 ва 378-моддалари асосида бу жиноят иши билан яна бир бор танишиш ва ўзингизга керакли маълумотларни ёзиб олиш ҳуқуқига эгасиз» деб ёзма равишда жавоб юборган. ЎИХЖ раиси А.Х.Сағдуллаевга шу савол билан яна бир бор мурожаат қилганида ҳам ундан яна маънисиз жавоб олган. Суд раисининг иккинчи жавоб хатида бу масала юзасидан Чирчиқ шаҳар судига бошқа мурожаат қилмаслик ва агар ҳукм юзасидан эътироз бўлса, Ўзбекистон Олий судига ариза бериш айтилган эди.

Ҳимоячи айни савол билан кейинги инстанция ж/и бўйича Тошкент вилояти суди раиси Б.Назаровга ёзма мурожаат қилганда ундан Чирчиқдан келган жавобларданда маънисиз жавоб келган. Ҳимоячи шу масалада Б.Назаровнинг қабулига кирган, бироқ суд раиси қизариббўзариб, тутилиб, гапдан адашиб бирор ижобий жавоб бера олмаган ва ваъда беришдан нарига ўтмаган. Ҳимоячининг айни масалада Бош прокурор ва Олий суд раиси номига ёзилган шикоятлари жавобсиз қолган.

Кўриниб турганидек, ишни кўриб чиққан судья М.Мусаевнинг бу жиноят ишини терговдан қабул қилишга умуман ҳаққи йўқ эди, чунки ишда унинг нима сабаб ва асосда қўзгатилгани ҳақидаги асосий ҳужжат мавжуд эмас эди. Энди эса Чирчиқ судининг раиси ўз ҳамкасбини ҳимоя қилиш мақсадида бунга лоқайдлик билан қараётгани аён бўлди. Вахоланки, 1999 йилда мазкур жиноят иши бўйича 3 нафар мусулмон йигит судланган бўлиб, улар 5 йилдан бери Ўзбекистон қамоқхоналарида ўзларига белгиланган жазо муддатларини ўташаяпти.

Ўзбекистондаги судлов тизимининг ИИВ, МХХ ва прокуратура идораларига, ҳукуматга тобе эканлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Буни биргина суд ҳукмларининг айблов хулосаларидан кўчириб олинишида ҳам кўриш мумкин. ЎИҲЖ томонидан келтирилган мисолда бир жиноий ишдаги қонунбузарлик тилга олинди. Ўтган йиллар мобайнида узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган ўн минглаб мусулмонларга нисбатан сохталаштирилган жиноят ишларида эса бу каби жиноятларни сон-саноксиз топиш мумкин. Уларнинг ҳар бири қанча-қанча адолатсизлик ва зулмларга сабаб бўлган ва минг-минглаб инсонлар тақдирини тамоман барбод қилган.